Ўзбекистон | 17:12 / 02.01.2022
2171
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ва харажатлари қанча бўлиши очиқланди

Фото: Жўқарғи Кенгес

2021 йилнинг 30 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгесининг 25-сессияси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ҳақида сўз борган.

Сессияда Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ҳақида Қорақалпоғистон молия вазири Маҳмуд Содиқов баёнот қилган.

Фото: Жўқарғи Кенгес

Таъкидланишича, 2022 йилда Қорақалпоғистон бюджетининг даромадлари 2 триллион 356 миллиард 196 миллион сўм бўлиши режалаштирилган. Қорақалпоғистон маҳаллий бюджети харажатлари эса 2022 йилда 3 триллион 874 миллиард 217,6 миллион сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда. Шундан ижтимоий соҳа харажатлари 2 триллион 586,8 миллиард сўмни ташкил қилади.

Қўшимча қилишича, Қорақалпоғистоннинг маҳаллий бюджет параметрларида яна бир ўзгариш бўлади. 2022 йилнинг 1-январь кунидан бошлаб, шаҳар ва туман бюджетларининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида яратилган лойиҳаларни молиялаш учун йўналтирилади. Натижада 2022 йил «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали 98,7 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган.

Фото: Жўқарғи Кенгес

Бундан олдин Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев Қорақалпоғистонда 2022 йилда 509,4 млрд сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилишини айтганди.

Мавзуга оид