Жаҳон | 19:33 / 04.01.2022
20649
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ҳукумати газ нархини туширишга рози бўлди. Ақтаудаги намойишчилар президент билан учрашувни талаб қилмоқда

Қосим-Жўмарт Тўқаев намойишчиларга мурожаат билан чиққан.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон ҳукумати аҳолининг суюлтирилган газ нархи кўтарилишига қарши норозиликларидан сўнг нархни туширишга рози бўлди.

Маълум қилинишича, ҳукумат комиссияси аъзолари Ақтаудаги намойишчилар билан учрашган ва Манғистау области учун бир литр газ нархи 50 тенге деб белгиланишини билдирган.

"Интерфакс" хабарига кўра, Ақтаудаги митинг иштирокчилари тарқалишни истамаяпти ва мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг келишини талаб қилмоқда.

Улар чодирлар ўрнатишган ва "Тўқаев келмагунича бу ердан кетмаслик"ларини айтишган.

Tengrinews’нинг хабар беришича, Қозоғистон президенти намойишчиларга мурожаат билан чиққан.

"Намойишчилардан жамиятимиздаги барқарорлик ва бирликни издан чиқаришдан манфаатдор бузғунчи шахсларнинг чақириқларига жавоб бермасликни илтимос қиламан. Ижтимоий-иқтисодий тусдаги бошқа талаблар алоҳида кўриб чиқилади", - деб ёзган у Twitter саҳифасида.

Манғистау областида 2 январдан бери аҳоли суюлтирилган газ нархи оширилганига қарши норозилик митинглари ўтказмоқда. Норозилик намойишларига Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси ҳам қўшилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид