Жаҳон | 18:35 / 05.01.2022
91096
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев истеъфога чиқди. Тўқаев — Хавфсизлик кенгашининг янги раҳбари

Нурсултон Назарбоев энди Хавфсизлик кенгаши раиси эмас. У 2021 йил апрелида Қозоғистон халқ ассамблеяси раҳбарлигидан, ноябрь ойида эса «Нур Отан» партияси раҳбарлигидан кетганди.

© EYEPRESS via Reuters Connect

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда содир бўлаётган намойишлар фонида қозоғистонликларга мурожаат қилди.

Тўқаев мамлакат телевидениеси орқали қилган чиқишида Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари бўлганини эълон қилди. Ушбу кенгашга 2019 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бутун умрга раҳбар бўлганди.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар ортида «молиявий жиҳатдан мотивларга эга шахслар» турибди ва уларнинг бу борада «пухта ишлаб чиқилган режаси» бор.

«Шунинг учун давлат раҳбари сифатида бугуннинг ўзида Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигини қабул қиламан.

Президент сифатида мен фуқароларимиз хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилишим, Қозоғистон яхлитлиги ҳақида қайғуришим шарт. Мен томонимдан қабул қилинган чоралар кўпмиллатли Қозоғистоннинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Бироқ ҳозирча бу чоралар етарли эмас», дейди Тўқаев.

У пойтахтни тарк этмаслигини маълум қилди.

«Нима бўлишидан қатъи назар мен пойтахтда қоламан. Халқ билан бирга бўлиш менинг конституцион бурчим. Қозоғистон тарихидаги бу қора чизиқдан биргаликда ва кучлироқ бўлиб чиқамиз. Тез орада сиёсий трансформация бўйича таклифлар билан чиқаман. Ислоҳотларни қўллаш борасида ўз позициямда собит қоламан», деди Тўқаев.

Тўқаев намойишлар вақтида полициячилар орасида қурбонлар бўлганини билдирди.

Қозоғистон президенти эндиликда намойишларда содир этилаётган қонунбузарликларга қарши максимал даражада қаттиққўллик билан ҳаракат қилинишини айтди.

У тез орада қозоғистонликларга янги таклифлар билан яна мурожаат қилиши кутиляпти.

Мавзуга оид