Жамият | 15:16 / 06.01.2022
12484
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 3 нафар эгизак дунёга келди. ССВ она-болалар саломатлиги назоратга олинганини маълум қилди

Эгизакларга Мадинахон, Муҳаммадзиё ва Муслимахон деб исм қўйилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

4 январь тонгида Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани Анорзор маҳалласида яшовчи 27 ёшли Мафтуна Тошпўлатова бирваракайига 3 нафар эгизакнинг онасига айланди. 

ССВ матбуот хизмати хабар қилишича, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг акушерлик комплексида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун алоҳида мутахассислар ва зарур тиббий жиҳозлар ҳозирланган. 

Кесарча усулида, асоратсиз ўтказилган туғуруқ амалиёти натижасида 2,9 ва 2 килограммлик икки нафар қизалоқ ҳамда 3 килограммлик ўғил бола дунёга келган. Эгизакларга Мадинахон, Муҳаммадзиё ва Муслимахон деб исм қўйилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Айни пайтда гўдакларнинг аҳволи қониқарли. Шифокорлар уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланишига бош-қош бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эгизаклар ва онанинг саломатлигини алоҳида назоратга олди. 

Шунингдек, вазирлик бугун ўз таваллуд кунини нишонлайдиган Мафтуна Тошпўлатова ва унинг оиласига совғалар, хусусан, фарзандлар парвариши ва уларнинг соғлом улғайиши учун зарур бўладиган жиҳозлар, гигиена ҳамда озуқа воситалари топширди», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид