Жамият | 17:48 / 06.01.2022
1582
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ўт ўчиргични портлатган шахс 15 суткага қамалди

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 1 январ куни фуқаролардан бири Сирдарёда ўт ўчиргични портлатгани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳуқуқбузар ушланган ва унга маъмурий чора кўрилган.

Маълум қилинишича, вилоят ИИБ ва ДХХ бошқармалари ҳамда Миллий гвардия ходимларидан иборат тезкор гуруҳ ташкил этилиб, ҳуқуқбузар тезда топилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ўт ўчиргични Сирдарё вилояти Дўстлик маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ўзи яшайдиган маҳалла ҳудудида портлатган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 185-моддалари билан ҳужжатлар тўпланиб, судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди томонидан бўлиб ўтган сайёр судда мазкур ҳуқуқбузарлик кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган. Ҳуқуқбузарга суд қарори билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январ куни соат 00:45 ларда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида йўлнинг қатнов қисмида ўт ўчиргич портлатилиши оқибатида 3 киши жиддий тан жароҳатлари олганди.

Мавзуга оид