Жаҳон | 09:05 / 09.01.2022
41769
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёви қанчага «камбағаллашган»и маълум қилинди

Тўрт нафар маҳаллий миллиардер жами 3 миллиард доллар йўқотган. Улар орасида Назарбоевнинг қизи ва куёви — Динара ва Тимур Қулибаевлар ҳам бор.

Фото: ZUMA PRESS / NEWSCOM

Қозоғистондаги тартибсизликлар фонида тўрт нафар маҳаллий миллиардер жами 3 миллиард доллар йўқотди, деб хабар бермоқда Forbes.

Маълумотларга кўра, Каспи Банк директорлар кенгаши раиси Вячеслав Кимнинг бойлиги 1,4 миллиард долларга(5,7 миллиард доллардан 4,2 миллиард долларга) камайган. Бунга банк акцияларининг икки кун ичида — 4 январдаги 188 доллардан 6 январда 87 долларгача пасайиб кетгани сабаб бўлган.

Каспи Банк бош директори, асли грузиялик Михаил Ломтадзенинг бойлиги ҳам 5,2 миллиард доллардан 3,8 миллиард долларга камайган.

Назарбоевнинг қизи Динара Қулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибаев жами 200 миллион долларга «камбағаллашган». Эр-хотин 4-6 январь кунларида акциялари 16 фоизга пасайган Халқ банкининг эгаси ҳисобланади.

Forbes маълумотларига кўра, ҳар бирининг бойлиги 3,1 миллиард долларга тенг бўлган эр-хотин банкдаги асосий улушдан ташқари кўплаб кўчмас мулклар ва хусусий инвестиция портфелига ҳам эгалик қилади.

Маълумот учун, 1 январь кунидан ҳукумат суюлтирилган газ нархини икки бараварга — 60 тенгедан 120 тенгега (тахминан 1500 сўмдан 3000 сўмга) кўтарганди.

2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау области Жанаўзен шаҳрида автомобиль эгалари бундан норози бўлиб, оммавий митингга чиқишди.

3 январь куни ҳукумат намойишчилар талабларини бажара олмаслигини билдирди — нархларни аввалги ҳолатга қайтариш мумкин эмаслиги, чунки бу «бозор қонунлари»га тўғри келмаслигини айтишди.

Кўп ўтмай, Ақтау области марказида намойишлар бошланди, кейинги кунларда намойишлар тўлқини Қозоғистоннинг бошқа барча йирик шаҳарларига ёйилди. 

4 январь куни ҳукумат комиссияси газ нархини 50 тенгега туширишни ваъда қилди. Аммо намойишлар тўхтамади. Оммавий намойишлар фонида ҳукумат истеъфога чиқди.

Намойишлар сабаб ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. Тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар 200 миллион долларга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид