Омикрон: янги штаммнинг «қулай» ва ноқулай жиҳатлари, даволаш усуллари ҳамда эҳтимолий карантин ҳақида
Kun.uz мухбири коронавируснинг янги штамми борасидаги саволлар билан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулла Оқиловга юзланди.
10 январь куни АОКА мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир якунида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулла Оқилов Kun.uz мухбирининг янги штамм – омикрон ва у билан боғлиқ қатор саволларига жавоб қайтарди.
— 7 январь куни Ўзбекистонда омикрон билан касалланган дастлабки бемор аниқланди. Айтингчи, бу штаммнинг бошқаларидан фарқли жиҳатлари нимада?
— Белгилари бўйича делтадан деярли фарқ қилмайди. Бу турда томоқдаги хириллаш, белдаги оғриқ, умумий ҳолсизлик ва ҳар икки бемордан биттасида тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилмоқда. Текширувларда ҳам уларнинг аниқланиши бўйича деярли фарқ кўринмайди.
Бизда ҳозирча бир бемор аниқланди ва уни кузатяпмиз. Хориждаги ҳамкасбларимизнинг айтишича эса, унинг кечиши аввалги штаммлардан кўра енгилроқ, асорати кам, аммо тарқалиши жуда тез.
— Бу штамм қандай беморларда оғир, қайсиларида эса енгил ўтади?
— Омикроннинг делтадан фарқи шундаки, у касалликни аввалроқ бошдан ўтказган ва эмланган беморларда ҳам аниқланмоқда. У ёш беморларда нисбатан енгилроқ, ёши катта ва ёндош касалликлари бор, масалан, гипертония, қанд, онкологик касаллиги бор ва оғир вазнли беморларда эса оғирроқ кечмоқда.
— Мен кўплаб шифокорлар билан гаплашяпман, улар ҳали бу штамм билан кураш усуллари ҳақида маълумотга эга эмас. Сизлар бу штаммнинг Ўзбекистонга қачондир кириб келишини билардингиз, лекин нега шифокорлар бунга яхши тайёргарликдан ўтказилмади?
— Маълумотлар бериляпти. Биз хориждаги ҳамкасбларимиз билан янги маълумотлар бўйича алоқада бўлиб турибмиз. Ўзимизда ҳозирча тажриба йўқ. Бу жуда тез тарқалаётган тур — 21 ноябрда Жанубий Африкада илк бемор у билан касалланган бўлса, 10 январга келиб у бутун дунёни эгаллади.
У жуда тез тарқалмоқда. Биз ҳозирча очиқ давлатмиз ва бизга жуда кўп хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон фуқаролари кириб келмоқда. Улар билан кирган бўлиши керак.
— Саволни бошқача шаклда қўяман, хўп вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар янги тўлқинга қандай тайёрланди?
— Албатта янги тўлқин. Биз бу тўлқиннинг бошида турибмиз. Биздаги хотиржамлик шундаки, бизда эмланганлар сони кўпроқ. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳолат ўтган йиллардаги каби оғир бўлмаслигини башорат қиляпмиз.
Иккинчидан, бу штаммга тайёргарлигимиз ўтган йилга нисбатан анча баланд. Бу штаммни даволаш усули аввалгиларидан умуман фарқ қилмайди. Бугун бизда 12 та клиника ишлаяпти, эртага 36 ва индинга керак бўлса, яна 116 та клиникани очишга тайёрмиз.
Бу клиникаларда энг ёмон сценарийларга ҳам тайёргарлик кўрилган.
— Даволаш марказлари етарли бўлмай қолса, одамлар уйда ҳам даволанишади. Хўш, омикрондан уйда даволаниш усуллари қандай бўлади?
— Омикроннинг «яхши томони» 98 фоиз беморлар уй шароитида даволанади. Фақат 2 фоиз беморлар шифохонада даволанади. Ўйлашимча, бу кўрсаткич Ўзбекистонда ҳам фарқ қилмайди.
— Жиддий карантин тартиби Ўзбекистонда қандай ҳолатда қайтиши мумкин?
— Буни қонун қоидалари ўзгармайди. Бу жараёнда иккиланиш даври бор. Унга кўра, касалланиш ҳолатлари икки баробар ошиш даври. Бу ўрта ҳисобда икки ҳафта ва ундан узоқ бўлса, карантинга ҳеч қандай асос йўқ. Бу кўрсаткич икки кунга келиб қолса, шунда карантин қоидалари кучайтирилади.
— Ўтган йили вакцинация жараёнида айрим вакциналар ёки уларнинг турли босқичдаги дозалари етмай қолди. Ҳозирда бу борада ҳолатимиз қандай?
— Ҳозир вакцина бўйича умуман савол йўқ. Ҳозир фуқарода танлашга имконият бор. Ҳозир ҳамма партиядаги вакциналар захираси мавжуд.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
19:02 / 10.08.2023
ЖССТ коронавируснинг янги «Эрис» тури ҳақида хабар берди
18:41 / 09.01.2023
Вирусологлар янги турдаги «кракен» коронавирусининг хусусиятларини маълум қилишди
10:25 / 04.12.2022
ССВ: Ўзбекистонда омикроннинг янги варианти доминант версияга айланди
14:05 / 21.10.2022