Жаҳон | 20:27 / 11.01.2022
10488
2 дақиқада ўқилади

Араб коалицияси Яманни озод қилиш операцияси бошланганини эълон қилди

Таъкидланишича, араб коалицияси "ҳусийлар Эрон томонидан ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани борасида рад этиб бўлмас далилларга эга".

Фото: REUTERS/Khaled Abdullah/File Photo

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси Яманнинг "Ансар Аллоҳ" (ҳусийлар) ҳаракати гуруҳлари томонидан назорат қилинаётган ҳудудларини озод қилишга қаратилган кенг кўламдаги ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда альянс расмий вакили полковник Туркий ал-Маликий маълум қилди.

"Биз Яманни барча фронтлар ва йўналишлар бўйлаб ҳусийлардан озод қилиш кампаниясини бошлаймиз", - дея ал-Маликийнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Al Hadath телеканали.

Унинг таъкидлашича, "Ансар Аллоҳ" тарафдорлари "мамлакатдаги низони сиёсий барқарорлаштириш жараёнига путур етказмоқда ва мулоқотдан бош тортмоқда".

Ал-Маликий коалиция "ҳусийлар Эрон томонидан ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани борасида рад этиб бўлмас далилларга эга" эканини таъкидлади.

Душанба куни Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбий отрядлар ҳусийлар Яман марказидаги Шабва вилоятидан бутунлай қувиб чиқарилганини маълум қилди.

Яманда 2014 йил августдан бери ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасида қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Ушбу ихтилофда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаб келади.

Мавзуга оид