Ўзбекистон | 21:43 / 11.01.2022
7559
1 дақиқада ўқилади

“Бухоро нефть базаси” томонидан фаолияти тугатилган фермер хўжаликларига қарийб 2 млрд сўмлик ёнилғи берилгани аниқланди

“Бухоро нефть базаси” МЧЖда 50,5 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келгани маълум бўлди. Ушбу қарздорликнинг 984,7 млн сўми “умидсиз” қарзга айланиб улгурган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, “Бухоро нефть базаси” МЧЖнинг фермерларга ёнилғи тарқатувчи 10 та шохобчасида 2,1 млрд сўмлик 206,7 минг литр нефть маҳсулоти камомади аниқланиб, 921,1 млн сўми қопланиши таъминланган. Яна 10 та шохобча  томонидан эса 1,8 млрд сўмлик 261,7 минг литр ёнилғи маҳсулотлари фаолияти тугатилган фермер хўжаликларига расмийлаштирилгани аниқланган.

Қайд этилишича, жамиятнинг собиқ раҳбарияти ва мутасадди ходимлари эса 3 млрд сўмлик 1 млн 595,3 минг литр нефть маҳсулотларини фермер хўжаликларига арзон нархларда расмийлаштириб, жамиятга зарар келтирган. Шунингдек, жамият мутасадди ходимлари томонидан хусусий АЁҚШларга жами 2,6 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари тўловсиз етказиб берилиб, дебитор қарздорлиги яшириб келинган.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган.