Ўзбекистон | 10:25 / 11.01.2022
3010
2 дақиқада ўқилади

Навоийда эрини болта билан чопиб ўлдирган аёл 16 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланган навбаҳорлик 30 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. У ухлаб ётган эрини фарзанди кўз олдида болта билан чопиб ташлаган.

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимовнинг Kun.uz' га маълум қилишича, ҳолат 2021 йилнинг 1 август куни Навбаҳор туманининг Келачи маҳалласида содир бўлган. Соат 2:30 ларда уйига маст ҳолда қайтган эр турмуш ўртоғини уриб, ҳақоратлаган ва ётоқхонага кириб ухлаган. Бундан жаҳли чиққан судланувчи Ф.М. соат 9:00 ларда қизи ва ўғлини олиб, Навоий шаҳрида яшовчи ота-онасининг уйига кетмоқчи бўлган. Отаси билан ухлаб ётган вояга етмаган ўғлини олиш учун ётоқхонага кирган аёл турмуш ўртоғини ўлдириш мақсадида омборхонадан олиб келган болта билан унга 13 марта зарба берган. Кейин содир этган жиноятини яшириш учун уйга ўт қўйган. Болтани эса хонадон яқинидан оқиб ўтувчи ариққа ташлаб юборган ҳамда вояга етмаган фарзандларини олиб, ота уйига кетган.

Суд ҳукми билан аёлга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид