Спорт | 17:15 / 11.01.2022
11605
9 дақиқада ўқилади

Обамеянг ўрнига номзодлар – «Арсенал»да янги даврни бошлаши мумкин бўлган 5 ҳужумчи

Фото: Getty Images

 «Арсенал»да тушунарсиз вазият. Жамоа қайта тикланяптими ёки пастлашда давом этяптими – билиб бўлмайди. Ёш иқтидор эгалари Букайо Сака, Эмиль Смит-Роу, Киран Тирни, Аарон Рамздейл ва Габриэль Мартинелли кабилар ўзларини ижобий жиҳатдан кўрсатиб, катта футболчилардек ҳаракат қилишмоқда. Қарама-қарши тарафда эса Бернд Лено, Гранит Жака ва Пьер-Эмерик Обамеянг каби футболчилар ёш болалардек хатоларга йўл қўйишмоқда. Бир мавсум аввал катта ваъдалар бериб олиб қолинган габонлик ҳужумчи бугун клубдан четга суриб чиқариляпти.

Бунга, албатта, унинг машғулотларга ва мураббийларга бўлган совуққон муносабати сабаб бўлган. Артета қатъиятли мураббийларга хос тарзда унга нисбатан жазо қўллади ва натижаларни ҳам бир маромда сақлаб қолишга эришмоқда. Лекин шуниси аниқки, лондонликлар келажакда яхши натижаларга умид боғлаши учун сифатли ҳужумчи – етакчига муҳтож. Келинг, «Арсенал»ни кучайтириши мумкин бўлган ҳужумчиларнинг баъзилари ҳақида фикр билдириб ўтамиз.

Душан Влаҳович («Фиорентина»)

Сўнгги йилларда Влаҳович типидаги футболчилар анчайин кўпайди. Қайсидир йилдаги муваффақиятли ўйинлари орқали грандлар эътиборини тортиб, кейинчалик йўқолиб қолувчи ҳужумчилар грандларни чалғитиб қўймоқда. Лука Йович, Андреа Белотти, Николья Пепе, Андре Силва кабиларни бу рўйхатга киритиш мумкин.

Жорий мавсум «Фиорентина» таркибида барча мусобақаларда 22та учрашувда иштирок этиб, 18та гол ва 3та ассистга муаллифлик қилган сербиялик ҳужумчи қандай қилиб топ-клублар эътиборини тортмаслиги мумкин. Флоренцияликлар рози бўлган тақдирда, «Арсенал» 21 ёшли футболчи учун 55 млн фунт-стерлинг беришга тайёр. Ҳа, Душанга энг катта қизиқиш билдираётган клуб бу – «Арсенал». Лекин улар бу юлдуз учун курашдаги ягона номзод эмаслар. Унга даъвогарлар орасида «Реал», «Ювентус» ва «Тоттенҳэм» каби номлар қулоғимизга чалиниб улгурди.

Сўнгги хабарларга қараганда, «Фиорентина» иқтидорли ҳужумчисини 70 млн фунтдан камига сотмоқчи эмас. «Арсенал» хўжайини Стэн Кронке эса бу қадар катта пулга футболчи сотиб олинишига йўл қўймаслиги кундек равшан. Демак, итальянлар нархни тушириши ёки «тўпчилар» бошқа ҳужумчи излаши лозим.

Фото: Фиорентина

Жонатан Дэвид («Лилль»)

Сут ичиб оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади. «Арсенал» 72 млн фунт-стерлингга Николья Пепени харид қилиб катта хатога йўл қўйди ва бу ҳали-бери клуб раҳбарларининг эсидан чиқмаса керак. Шундай бир пайтда яна шу нарх атрофидаги футболчини трансфер қилиш қанчалик ҳақиқатга яқин? Устига-устак у яна «Лилль» аъзоси бўлса…

Ҳа, ўтган мавсум «Лилль»дан олиб келинган Габриэль Магальянс Лондон клуби сафида ўзини яхши кўрсата олди. Лекин унинг намойиш этган ўйинлари ҳам ўта ҳайратланарли эмас.

Дэвид француз клуби таркибида ҳозирча жуда зўр ўйнаяпти. Ҳозиргача Франция биринчи дивизионида 12та гол уриб, тўпурар бўлиб турибди. Бундан ташқари, Европа Чемпионлар лигасида ҳам 3та учрашувда рақиб дарвозасига йўл топишни уддалади. 21 ёшли канадалик ҳужумчи ўзига хос натижа қайд этмоқда: ҳозиргача Европанинг ҳеч бир футболчиси асосий бўлмаган оёғида унингдек кўп гол урмади – 9та. Демак, у рақиб ҳимоячиларига анчайин ноқулайлик туғдириш имкониятига эга.

22 ёшга етмасдан 24та учрашувда 18та гол уриб, Канада миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб олган Дэвид Артета қўл остидаги таркибни кучайтириши мумкин.

Фото: Getty Images

Александр Исак («Реал Сосьедад»)

«Боруссия Дортмунд» улкан иқтидор эгаларини йўқотишига жуда кам ҳолатларда гувоҳ бўламиз. Александр Исак мана шу камдан кам мисоллардан биридир. 2017-2019 йиллар мобайнида трансфер ҳуқуқи дортмундликларга тегишли бўлган футболчини клуб осонлик билан қўйиб юборади.

2019 йилда «Реал Сосьедад» таркибига келиб қўшилган швециялик футболчи ўз даражасини барчага кўрсатиб қўя олди. Европа топ-5 лигаларида 2019/2020 йилги мавсумдан бери 23 ёшгача бўлган футболчилар ичида энг кўп гол урганлар орасида Исак Ҳоланд (48та), Мбаппе (46та) ва Влаҳовичдан (31та) кейинги ўринда бормоқда – 29та гол.

Швеция миллий жамоаси таркибида гол киритган энг ёш футболчи бўлиб турган Александрни бўлажак Златан дейишларига асослар мавжуд. У баланд бўй ва юқори тезликни ўзида мужассам этган ҳужумчи ҳисобланади. Евро-2020даги ҳаракатлари орқали шведлар таркибидан тобора муҳимроқ ўрин олиб бораётганини исботлай олди.

У Нидерландиянинг «Виллем II» клуби сафида ўйнаётган давриданоқ «Реал» ва «Барселона»нинг назарига тушишга улгурганди. Бугун испан грандлари футболчига у қадар жиддий қизиқиш билдираётгани йўқ. Шундан фойдаланган ҳолда, «Арсенал» ушбу ҳужумчини ўз таркибига қўшиб олиши анча осон кечиши мумкин.

Фото: Реал Сосьедад

Олли Уоткинс («Астон Вилла»)

Пандемия билан боғлиқ вазият яна авж олаётган бир пайтда футбол клубларининг барчасида молиявий қийинчилик ҳолати кузатилаётгани маълум. Бундай вазиятда клублар имкон қадар ўзларини катта харидлардан тийишга ҳаракат қилишлари табиий. Обамеянг кетса, унинг ўрнини тўлдириш шарт. Чунки Александр Льяказетт ва Габриэль Мартинелли доим ҳам юқори спорт формасида бўлмаслиги мумкин. Бунинг устига уларнинг ўйин услуби габонлик футболчиникидан бироз фарқ қилади.

«Астон Вилла» ҳам Стивен Жеррард қўл остида янги даврни бошлашни кўзлаяпти. Филиппе Коутиньонинг жамоага олиб келиниши амалда кўп нарсаларни англатади. Яъни, «Арсенал» шунчаки ўртамиёна нарх эвазига «шерлар»нинг асосий ҳужумчисини харид қила олмайди. Ҳа, бунда футболчининг хоҳиши ҳам роль ўйнаши мумкин. Лекин Оллининг ўзи катта клубларга ўтишга шошмайдигандек кўриняпти. Ҳозир «тўпчилар» таркибига ўтиш орқали захирада қолиб кетиш эҳтимоли борлигини унинг ўзи ҳам яхши тушунади.

Жисмоний имкониятларининг катталиги билан у «Арсенал»да рақобатни енгиб ўта олиши мумкин. Англия футболи мухлислари Льяказеттни ҳужумлар ташкил этишда фойдалироқ деб ўйлашлари мумкин. Лекин бу борадаги самарадорликда ҳам Уоткинс франциялик ҳужумчидан 1,5 баробарга яхшироқ натижа қайд этиб турибди. «Эмирейтс» Робин ван Перси типидаги ҳужумчини соғинган ва Олли уларга ўша даврларни эслатиши мумкин.

Фото: Getty Images

Доминик Калверт-Льюин («Эвертон»)

Доминик Калверт-Льюин ҳақида ҳам Уоткинсга қўллаган таърифларимизни ишлатишимиз мумкин. Ўтган мавсум стартида ўзини қайтадан кашф қилган англиялик ҳужумчи ҳатто миллий жамоадан ҳам чақирув олди.

У жарима майдони ичида тўпни ютиб олиш бўйича фақат Кейндан орқада қолиши мумкин. Бугунги «Арсенал»да тезкор ва креатив қанот футболчиларининг ишини муваффақиятли якунлаб бера олувчи сермаҳсул тўпурарга жиддий эҳтиёж мавжуд.

Унинг биргина камчилиги Александр Льяказетт каби жамоанинг ҳимояланиш ва ҳужум қилиш ҳаракатларида фаоллик кўрсата олмаслиги мумкин. Лекин «тўпчилар»да бу ишлар билан шуғулланиш учун бошқа футболчилар ҳам бор. Доминикнинг трансфери иқтисодий жиҳатдан ҳам шарқий лондонликларга у қадар катта муаммо туғдирмаслиги мумкин.

Бугун Микель Артета натижа олиб келадиган, яхши схема – механизм яратишга эришди. Футболчиларнинг ўйини чиққан пайтда улар «Манчестер Сити»ни ҳам қай ҳолатга солганликларини кўрдик. Демакки, испаниялик мутахассисга энди ижрочилар керак ва улар билан «Арсенал» яна кўзларимиз ўрганган ўринларга қайтиши мумкин.

Фото: Getty Images

Абдулбасит Валихонов тайёрлади. 

Мавзуга оид