Ўзбекистон | 10:59 / 11.01.2022
22271
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда набиралари кўз ўнгида келинини пичоқлаб ўлдирган қайнонага ҳукм ўқилди

Сурхондарё вилояти Денов туманида набиралари кўз ўнгида келинини пичоқлаб ўлдирган қайнонага ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 июль куни соат 10:00 атрофида Денов тумани Истиқбол маҳалласида яшовчи эр-хотин Б.Ҳ. ва З.С. ўғлига бозордан ёзги оёқ кийим олиб берган. Улар уйга қайтганда қайнона оёқ кийимнинг арзонлигидан ёзғирган. Келин унга жавоб қайтарган ва ўртада тортишув юзага келган.

Шу куни 15:00 ларда қайнона-келин ўртасида яна жанжал бошланган. Келин ўз хонасига кириб кетган. Шунда қайнона жаҳл устида ошхона пичоғи билан келиннинг хонасига кирган ва уч нафар набираси кўз олдида келинига пичоқ санчган. Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суди Ж.Ҳ.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топган. Унга 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Мавзуга оид