Иқтисодиёт | 22:16 / 13.01.2022
38738
5 дақиқада ўқилади

“Қонун бўйича ишламоқчи бўлсанг – ўтга тушасан”. Ижтимоий тармоқда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларга эътироз билдирилди

Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерлари солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга нисбатан эътироз билдирмоқда.

Фото: Fotolia

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат киритилди. Бу – Тошкент шаҳрида 2,5 млн сўм, вилоятларда 1,5 млн сўм. Натижада солиқ тўловлари 2-3 бараваргача ошади.

Шунингдек, e-ijara ва e-aktiv тизимининг мураккаблиги, ҚҚС занжири билан боғлиқ ва шу каби бир қатор ўзгаришлар туфайли кичик ва ўрта бизнесда муаммолар юзага келаётгани тилга олинмоқда.

Иқтисодий тадқиқотчи Абдулла Абдуқодиров бу борада кескин фикр билдирди.

“Барча тадбиркорлар уларнинг истаги бўйича яшашини орзу қилган ақллилар ҳали ҳам ҳукуматда юқори лавозимларда ўтирибди. Иқтисодий блокда!

Улар ҳеч қачон бизнесда иш юритмаган, фақат баъзан бирга чой ичадиган, чакана савдо соҳасидаги йирик бизнес вакилларинигина тадбиркор деб ҳисоблашади, ҳеч қачон ҳақиқий ишлаб чиқариш ташкил этилишининг бошида туришмаган, ҳеч қачон бухгалтерлар билан гаплашишмаган ва бухгалтерия иши тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас”, деб ёзади у.

Абдуқодировнинг фикрича, улар кичик ва ўрта бизнес, умуман, бизнес нима эканлигидан бехабар.

“Шу билан бирга, улар бажарилиши қизиқтирмайдиган қандайдир йўриқномаларга имзо қўйиш учун ўзларини билимли деб ҳисоблашади. 

Уларга қандай етиб боришни билмайсан. Етиб борсанг ҳам фойдаси йўқ! У ўзини қандай ақлли деб ҳисобласа, сени шундай аҳмоқ деб ҳисоблайди.

Бунинг натижаси – сояга ўтиш.

Биз ҳеч қачон ўзгаларнинг хатоларидан хулоса чиқармаймиз”, дея фикрини якунлаган иқтисодий тадқиқотчи.

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Лилия Николенко эса солиқчиликдаги салбий ўзгаришларни санаб ўтган.

“Бир неча кундан буён кичик ва ўрта бизнеснинг кўз ўнгимизда йўқ қилиниши содир бўлмоқда. Билиб турибмиз ёки тушунмовчиликданми, билмайман.

Аммо бу солиқ-ҳисобот машмашаси ҳозир тўхтатилмаса, бизни улкан муаммолар кутиб турибди. 

Барча бухгалтерлар ва солиқчилар гуруҳларининг вужуди “қулоққа айланган» ва даҳшатдан қичқиришмоқда. Уларни ўқиб чиқиб шок ҳолатига тушдим.

Маъқул йўли, Ўзбекистон бизнеси бўғиб ўлдирилмасидан туриб петиция ёзиш. Бошқа йўли – ноқонуний ишлаш.

Бухгалтерия тилидан оддий тилга ўгираман. Ҳаммаси нима қилманг, тамом бўлишингизга олиб келади:

  • Ижара шартномаларини е-ижара тизимида рўйхатдан ўтказиш керак. Рўйхатдан ўтказмасанг – ўтга тушасан.
  • Материал ва товарлар, асосий воситаларни е-активда юритиш керак. Юритмасанг – деярли ўтга тушасан. Июлдан кейин бутунлай чўкиб кетасан.
  • Ҳисоб фактураларда ҳалигача унификация қилинмаган ва ўзгариб турадиган товар ва хизмат кодини албатта қўйиш шарт. Нотўғри қўйсанг – ўтга тушасан.
  • Штатда 4 киши бўлиши шарт. Акс ҳолда – ўтга тушасан.
  • Ижара ёки шахсий мулкда 18 кв метр бўлиши керак. Ундай бўлмаса – ўтга тушасан.
  • Қайта топшириш қонунан тақиқланмайдиган ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширсанг – ўтга тушасан.
  • Муассисинг бошқа ташкилот директори бўлган ва у ерда қандайдир қонунбузилишлар бўлган бўлса – ўтга тушасан.
  • Хизматинг уларнинг ўлчов бирлигига тўғри келмаса, тамомсан. Масалан, вафлини метрда ўлча. Хизматинг доналаб эмас, соат ва кунларда ўлчанса, ўтга тушасан.
  • Кимдандир олинган ва бизга мослаштирилмаган ҚҚС занжири узилиши формуласини киритишган - ўтга тушасан.
  • Агар янги киритилган дастурлар ишламаса, кимдан сўрашни билмасанг, қайта алоқа йўқ ва сен ўтга тушасан.

Ва бу барча "ўтга тушасан"ларнинг рўйхати эмас.

Бухгалтерия ҳисоботи ва солиқларни шу даражада чексиз мураккаблаштиришган, «ўтга тушиш» хавфларини шу даражада кўпайтиришганки, ҳозир сояга ўтиб ноқонуний ишлаган осонроқ.

Чунки янги қонунлар бўйича ҳалол ишлайдиган бўлсанг - ўтга тушасан. Аниқ”.

Аввалроқ давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев душанба куни Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар бўйича матбуот анжумани ўтказиши хабар қилинганди.

Kun.uz тадбиркорлардан муаммо нимада экани бўйича изоҳлари ва саволларини @kunuzmurojaat Telegram-манзилига юборишни сўрайди.

Мавзуга оид