Ўзбекистон | 17:45 / 13.01.2022
50526
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда давом этаётган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари йиғилганларни, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва соҳа фахрийларини байрам билан табриклаган.

«Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучларимиз ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарадорлигини таҳлилий кўриб чиқиш ва келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш яхши анъанага айланган.

Ушбу мажлис улуғ сана — Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 30 йиллиги арафасида ўтказилмоқда», дейди президент.

Давлат раҳбари ислоҳотлар натижасида мамлакат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлашга қодир бўлган, ҳар томонлама замонавий қуролланган, қудратли армия шаклланаётганини маълум қилган.

«Биз 2016 йилда Қуролли Кучларимиз фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда, ҳарбий қурилишнинг барча йўналишлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилдик. Ва беш йиллик истиқболга мўлжалланган, кечиктириб бўлмайдиган комплекс чораларни кўрдик.

Аниқ мақсадга қаратилган ана шундай ишлар натижасида, армиямиз қиёфаси ҳам, ҳарбий хизматнинг маъно-мазмуни ҳам тубдан ўзгармоқда. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлик даражаси кескин ошмоқда», деган Мирзиёев.

Президент қўшни Қозоғистонда рўй берган намойишлар ва тартибсизликларга ҳам тўхталиб ўтган.

«Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди.

Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Шу кунларда мен Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилдим. Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирдим.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига яна бир бор чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор қиламан. Жабрланган инсонлар ҳам тез орада соғайиб кетишига тилакдошман.

Яратганга шукрки, қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бормоқда, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тикламоқда, одамлар осойишта ҳаётга қайтмоқда.

Ўз ўтмишида кўплаб мураккаб синовларни бошидан кечирган донишманд қозоқ халқи бу оғир кунларни ҳам тез орада мардона енгиб ўтишига ҳамда янада якдил ва ҳамжиҳат бўлишига ишонаман», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид