Жаҳон | 21:06 / 14.01.2022
59245
17 дақиқада ўқилади

«Сохта пулларни бойиш учун ясамаганман» — СССРнинг биринчи рақамли қалбаки пул тайёрловчиси

Инсоният пул ишлата бошлагандан буён муғомбирлар сохта пул ясашга уриниб келади. Албатта, бу ишнинг охири вой. СССРда 70-йилларда сохта пул тайёрлаш билан шуғулланган Виктор Баранов ҳам фош этилгач, 12 йилга қамалган.

СССР шундай мамлакат бўлганки, бу ерда шов-шувли воқеалар оммадан яширилган. Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакатни улуғловчи «тарғибот машинаси» фаол ишлагани учун СССРда сохта пул тайёрланганига одамларни ишонтириб бўлмасди. Аммо бу ишни қилганлар ва ўз вақтида у яхшигина шов-шувларни келтириб чиқарганди.

Сохта пулларнинг аниқланиши

1974 йилда СССРнинг бир қанча ҳудудларида банк ходимлари пуллар орасидан 25 ва 50 рубллик сохта банкнотлар чиқаётгани ҳақида орган ходимларига хабар беришади. Ўша пайтда бу хабар уларни ҳам ҳайрон қолдиради. «Улуғ совет мамлакати»да бу ишга ким журъат қилган бўлса?!

Бу иш муҳим бўлгани учун уни КГБ ходимлари ўз назоратига олади ва ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда сохта пулларни чиқараётган шахсни излай бошлашади.

Фото: stock.adobe.com
Фото: stock.adobe.com

Мамлакатдаги барча банк бўлимларида сақланаётган пуллар текшириб чиқилади. Қабул қилинаётган пулларни синчковлик билан кўздан кечириш жорий қилинади. Шу тариқа, уч йилда Вилнюсдан тортиб Тошкентгача, мамлакатнинг жами 70 та шаҳрида 46 дона 50 рубллик, 415 дона 25 рубллик сохта пуллар муомалада юргани аниқланади.

Сохта пуллар мутахассислар томонидан текшириб кўрилганда улар аслидан қарийб фарқ қилмаслиги маълум бўлади. Аввалига орган ходимлари бу пулларни «Давлат белгиси» (Госзнак) корхонасида ишловчилардан бири тайёрлаган ёки ходимлар корхона ускуналарини яширинча ўғирлаб сотган, деган гумонга ҳам боришади.

«Давлат белгиси» корхонасининг барча ходимлари текшириб чиқилади, аммо сохта пулларга уларнинг алоқадорлиги ўз исботини топмайди. Шундан сўнг сохта пуллар америкаликлар ёрдамида тайёрланган, деган тахминлар ҳам билдирилади. Аммо бу тахмин ҳам асоссиз бўлиб чиқади.

КГБ ва милиция минг уринмасин, уч йилда ҳам ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Сохта пуллар муомалага киритилишда давом этади ва улар қаерда, кимлар томонидан тайёрланаяпти, мавҳум қолаверади. Охир-оқибат сохта пул ясовчи шахс кичик бир хатога йўл қўяди ва уни тезда топиб, қўлга олишади.

Сохта пул ясовчининг ушланиши

1977 йилда Ставропол ўлкаси ва Кавказнинг бошқа ҳудудларида уч ой ичида 86 дона 25 рубллик сохта пул муомалада юргани аниқланади ва асосий эътибор шу ҳудудларга қаратилади.

Ҳудуддаги барча магазинлар ҳамда бошқа савдо нуқталари, бозорларда савдо қилувчиларга харидорлар бераётган пулларни текшириб олиш ва шубҳали кўринган пуллар ҳақида дарҳол милиция ходимларига хабар бериш тайинланади.

Фото: stock.adobe.com
Фото: stock.adobe.com

1977 йил 12 апрель куни Шимолий Кавказда жойлашган Қорачой-Черкесск автоном республикаси маркази Черкесск шаҳридаги бозорда гўшт сотиб турган қассоб харидорлардан бири бериб кетган 25 рубллик пулдан шубҳаланади. У дарҳол шу атрофда юрган милиция ходимларига хабар беради.

Қассобдан харидорнинг кўриниши ҳақида маълумот олган милиция ходимлари ҳали бозордан чиқиб кетишга улгурмаган гумонланувчини ушлашади. Йигитни бўлимга олиб бориб тинтиб кўришганда унинг ёнидан 77 дона 25 сўмлик банкнотлар чиқади ва улар текшириб кўрилганда сохта эканлиги маълум бўлади.

Аввалига йигитни сохта пул ишлаб чиқарувчилар ёллаган, у пулларни муомалага киритувчи ёрдамчи бўлса керак, деб ўйлашади. Ундан олинган пуллар экспертизадан ўтказилгунча йигитни қамоқда сақлашга қарор қилишади. Шунда у сохта пулларни ўзи ясаганини айтади. Табиийки, милиция аслига яқин қилиб ишланган пулларни тайёрлаш бир кишининг қўлидан келмайди, деб унга ишонмайди.

Дастлабки суриштирувларда ҳеч қаерда ишламайдиган бу йигит Ставропол ўлкасида яшовчи 36 ёшли Виктор Баранов экани маълум бўлади. Унинг уйини тинтиб кўришганда 23 525 рубл миқдордаги 25 ва 50 рубллик сохта пуллар борлиги аниқланади.

Фото: копипаст.ру

Ёшлигидан пул ясашга қизиққан Виктор

Виктор Баранов ёшлигида рассомчиликка ва турли эски пулларни йиғишга қизиқади. Унинг энг севимли машғулоти пулларнинг суратини аслига ўхшатиб чизиш эди. Еттинчи синфдан кейин қурилиш техникумида ўқиган Виктор қандай қилиб бўлса ҳам пул тайёрлаш ҳақида ўйлай бошлайди. Лекин бу борада умуман билими йўқ эди. Шу сабабли энг аввал матбаа ва цинкография ҳақида ёзилган китобларни ўқийди ва ўз билимларини оширади. Бу орада слесарликни ўрганади ва бу унга пул чиқариш ускуналарини ясашда асқотади.

Орадан бироз вақт ўтгач, у маълум муддат Ставропол ўлка қўмитасида ҳайдовчи бўлиб ишлайди ва ўша пайтда ўлка партия қўмитаси раҳбари бўлган Михаил Горбачёвни ҳам олиб юради.

У ҳайдовчилик билан бирга уйи яқинидаги ташландиқ саройда ўзининг таъбири билан айтганда «илмий-тадқиқот лаборатория»сини ташкил этади ва ишларни бошлаб юборади.

Фото: FLB.ru

У пул тайёрлаш сирларини етарлича ўрганиши ва ускуналарни тайёрлаши учун 4 йил керак бўлади. Виктор пул чоп этадиган ускунанинг чизмасини тайёрлаб, сўнг Ставрополдаги турли заводларга бориб эҳтиёт қисмлар ясатади. Уларни лабораториясида йиғиб чиқади. Ускунанинг чоп этувчи клишеларига пул безакларини ўзи туширади.

«Ставропол ўлка қўмитасида ҳайдовчилик қилиб юрганимда лабораторияда ишлаш учун кўп вақтим бўлмасди. Пул чоп этадиган ускунани тайёрлаш шунчалик қизиқтириб қўйди ва мен ҳайдовчиликдан бўшаб, ўт ўчирувчи бўлиб ишга кирдим. Шундан сўнг бир сутка ишда бўлсам, икки сутка лабораторияда ишлаш имкониятига эга бўлдим», деганди у.

Викторнинг лабораториядан чиқмасдан ишлаши, табиийки, қўшниларни, дўстларини шубҳалантириши мумкин эди. Шу сабабли у ҳафтанинг маълум кунларини «очиқ эшиклар куни» деб эълон қилади ва ўша кунларда олдига келган танишларга у ўз слесарлик маҳоратини кўрсатади. Бошқа пайтларда эса пул чоп этадиган ускуна клишеларига (темир муҳр) пулларнинг безакларини ўйиш билан шуғулланади.

Фото: FLB.ru

Фақат 25 ва 50 рубллик пуллар

У 1961 йилда муомалага киритилган 10, 25, 50 ва 100 рубллик банкнотларни яхшилаб ўрганади. Викторга 100 рубллик банкнотни ясаш қийин туюлади. Бундан ташқари бу пулга ҳамма жойда ҳам қайтим топилавермасди. 10 рубллик пулдан қиймати озлиги учун воз кечади ва 25 ҳамда 50 рубллик банкнотларни ясашни режалаштиради. Виктор пулларда ишлатилган рангларни аслига ўхшатиб тайёрлаш ва клишега безакларни тушириш учун суткалаб лабораториясидан чиқмасдан ишлайди.

Фото: FLB.ru

Ускуна ва буёқлар тайёр бўлгач, Виктор ақл билан иш тутади ва пулларни кўп чоп этмайди. Аввалига кундалик эҳтиёжлари учун, кейинчалик эса рўзғорини бутлаш учун керак бўладиган миқдорда пул тайёрлайди.

«Мен чўнтакларимни пулларга тўлдириб ресторанларга бормадим, чекмадим, ичмадим, қизлар билан юрмадим. Уйда телевизор йўқ, кичик бир музлаткичимиз бор эди, холос. Мен аввало уйга керакли жиҳозлар олдим. Хотиним бир гал пулларни қаердан олаётганимни сўради. Мен унга ўзимни кичик ихтироларимни заводларга яхшигина пулларга сотаётганимни айтдим, у ишонди. Хотинимга кўп пул бермасдим, 25, 30 рубл, гоҳида 50 рубл берардим», деб эслайди у.

Виктор яқинларига сохта пулларни кўрсатмаган, уларга ҳар доим қайтимга берилган ҳақиқий пуллардан берган. У ўзи чоп этган пулларни турли нарсаларни харид қилиш учун ишлатар экан, сотувчилар у бераётган тахи бузилмаган банкнотларни хурсанд бўлиб олишган.

Фото: FLB.ru

Виктор пулларни фақат Ставропол ўлкасида ишлатса осонгина қўлга тушиши мумкинлигини ўйлаб, тез-тез бошқа шаҳарларга саёҳат қилиб турган.

«Бир гал Симферополга саёҳат қилиб борганимда у ерда 5 минг рубл сохта пулни ўғирлатганман. Кўчада помидор сотиб ўтирган кампирдан помидор олдим. Сўнг бироз юриб автомат будкадан уйга телефон қилдим. Гаплашиб бўлгач, ичида 5 минг рубл бўлган сумкам кампирнинг олдида қолиб кетганини эсладим. Телефон будкасидан чиқиб, у ўтирган томонга қараб югурдим. Не кўз билан кўрайки, кампир ҳам, сумкам ҳам йўқ эди. Шундан кейин уйга қайтдим ва харажатлар учун яна пул тайёрладим», деганди Виктор.

Кичик хато ва сиртмоқ

У навбатдаги пулларни тайёрлашда ўзи билмаган ҳолда хатога йўл қўяди. 25 рубллик пулнинг ҳимоя қатламини ясаётганида клишер тескари ўрнатилади ва Виктор буни сезмайди. Оқибатда пул чоп этилгандан кейин ҳимоя қатлами юзасидаги тўлқинсимон белги кўтарилиш ўрнига пастга тушиб қолади. Виктор буни пулни чоп этиб бўлгандан кейин билади. Аммо ўрнига бошқа пул тайёрлашга эриниб, уларни ишлатиб юборади.

Фото: FLB.ru

Банк кассири пулларни тахлаб санаётганда айнан шу пуллардан бирини сезиб қолади ва дарҳол милицияга хабар беради. Бу сафар милиция сохта пулда қандай камчилик борлигини аниқ билади ва бу ҳақда яширинча ҳаммага хабар жўнатади. Ўзини синчковлик билан излашаётганидан бехабар Виктор эса ўша 25 рубллик пулларни ишлатиб юраверади. Орадан икки ой ўтиб, у қўлга олинади.

Черкесск шаҳридаги бозорда гўшт сотиб турган қассоб ҳам Виктор берган пулнинг айнан ўша камчилигидан таниб қолади ва уни милицияга ушлаб беради.

Тергов ва қамоқ

Тергов давомида терговчилар Виктордан сохта банкнотларни қачон тайёрлай бошлагани ва қанча миқдорда чиқаргани ҳақида сўрашганида у ўзи тайёрлаган сохта пулларни миқдорини ҳисоблаб юрмаганини айтади. Мутахассислар эса у тахминан 35-40 минг рубл атрофида сохта пул чиқарган, деган хулосага келади. Ўша пайтда бу жуда катта пул ҳисобланарди.

«Мени Черкесскдан Ставрополга худди министрлардай олиб кетишди: олдинда иккита милиция машинаси, уларнинг ортидан биз борардик. Ставрополга етганда милиция ходимларини дарҳол «илмий-тадқиқот лабораториям»га жойлашган эски бинога бошлаб бордим. У ерда милицияга пулларни қандай тайёрлаганимни кўрсатдим ва бир неча дона банкнот тайёрлаб кўрсатдим. Ана шунда улар пулларни бир ўзим чиқарганимга ишонишди», деб эслаганди Виктор, кейинчалик.

Фото: FLB.ru

Милиция Викторнинг лабораториясини тинтув қилиб, бир неча йиллик тадқиқотлар ёзилган бешта дафтар, муомалага чиқариш учун тайёрлаб қўйилган пулларни топади. Бундан ташқари у ерда пулларни чоп этиш учун ишлатилган типография ускунаси ва қоғозлар ҳамда турли рангдаги бўёқлар солинган идишлар хатлаб олинади.

Фото: FLB.ru

Дастлабки тергов тугагандан сўнг Викторни Москвага олиб кетишади ва ашаддий жиноятчилар сақланадиган Бутирка қамоқхонасига тиқиб қўйишади. Уни ҳар куни сохта пуллар бўйича мутахассислар сўроқ қилишади ва клишелар, пул чоп этадиган ускуналарни, мос бўёқларни қандай қилиб тайёрлагани ҳақида кўрсатмалар олишади.

«Бутиркада менга сохта пуллар коллекциясини кўрсатишди. Бирорта купюрада мен ҳақиқий устанинг қўлини кўрмадим, шунчаки «акула»лар ясаган. Агар мен бойиш истагида бу ишга қўл урганимда, бир ҳафта ичида миллиардер бўлиб, «сувга тушган тошдек» жимиб кетардим. Лекин мен аслида кўп нарсага қодир эканлигимни ўз-ўзимга исботлашни истадим. Шунинг учун шошилмадим. Сувли белгиларни уч ярим йилда ихтиро қилдим, бўёқ ясашга икки ярим йил сарфладим, чоп этиш эса иш эмас эди. Пулни ясашни нимадан бошлаганимни айтиб берайми? Мен уларни севиб қолдим! Умуман, қоғоз пул инсон ўйлаб топган энг олий нарса деб биламан. Цивилизациясининг чўққиси, «Монблан»и! Инсоният минг йилдан буён уни тиш-тирноғигача қуроллантириб, атрофига ҳимоя ҳандақлари қазиб, уни эгаллаб бўлмас қалъага айлантириш устида бош қотириб келади. Мен шунчаки ўз қўлларим билан бу қалъани вайрон қилмоқчи бўлдим... Сиз купюрани тайёр шаклда кўрасиз ва ҳеч қачон унинг нақадар чиройли эканлигини тушунмайсиз. Агар бутун тайёрлаш жараёни бўлакларга бўлинса ва ҳар бир нақш алоҳида ажратилса борми... Тасаввур қилиш қийин — уларнинг ҳар бири ўзига хос жонивордек. Ҳар бир купюра фантастик жониворлар жамланган қўриқхонага ўхшайди. Биргина сувли белгининг тайёрланиши — сеҳрли, айтиш мумкинки, шоирона жараён. Полковник Лукашов тергов тажрибаси жараёнида оқ қоғозда юлдузчалар тасвири пайдо бўлганини ўз кўзи билан кўрганида ҳайратдан тахта бўлиб қолган эди, белги бекорга «сувли» деб аталмайди-да. Гўзаллик шундаки, у йўқ жойдан пайдо бўлади. Бироқ фақат ҳақиқий устанинг қўлида пайдо бўлади», — деган эди Баранов.

Виктордан олинган сохта пуллар экспертизадан ўтказилганда мутахассислар уларнинг ҳақиқий пулларга жуда яқин қилиб тайёрланганини кўриб ҳайратда қолишади.

Фото: FLB.ru

Ўшанда «Давлат белгиси» корхонаси технологи «Баранов томонидан 25 ва 50 рубллик пуллар ҳақиқийсига жуда ўхшаш қилиб тайёрланган. Уларни таниб олиш қийин. Одамлар бу пулларни деб ҳақиқий пулларга ҳам ишончни йўқотмаслиги учун уларнинг ҳаммасини топиб йўқ қилиш керак», деб расмий хулоса беради.

Бундан ташқари, «Давлат белгиси» корхонаси технологлари Виктордан у тайёрлаган бўёқларнинг рецептларини олишади. Шундан сўнг, 1978 йилдан 1991 йил, СССР тарқаб кетгунча «Давлат белгиси» корхонаси айнан пулларга Викторнинг рецепти бўйича тайёрланган бўёқ билан ранг беради. У тарихда «Баранов бўёғи» номи билан аталади.

Фото: FLB.ru

Тергов тугагандан сўнг Викторни суд қилиб РСФСР Жиноят кодексининг 87-моддаси билан айбдор деб топишади. Бу моддага кўра, 3 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган эди. Давлат айбловчиси унга максимал жазо — 15 йил сўрайди. Аммо Ставропол ўлка судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати Барановнинг чин кўнгилдан пушаймонлиги, терговга берган ёрдами ва Гознак билан ҳамкорлигини ҳисобга олади, аммо қилмишнинг жамият учун хавфлилигини инобатга олиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлайди.

Унинг сохта пул тайёрловчи ускуналари Москвадаги ИИВ музейидан ўрин олади.

Қамоқдан кейинги тинч ҳаёт

1990 йил Виктор қамоқда ўтирганига 10 йилдан ошганда муддатидан аввал озод қилинади. Унгача эса қамоқда ўтирганида унинг олдига «Давлат белгиси» корхонаси технологлари келишади ва Виктор уларга ўзи тайёрлаган бўёқ рецептини янада такомиллаштириб беради.

Ҳатто бир гал ўша пайтда СССР Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган Николай Шчёлоковнинг шахсан ўзи ундан пулларнинг ҳимоя қатламини такомиллаштириб беришда ёрдам сўрайди. Виктор у айтган ишни бажариб бергани учун қамоқ муддатидан 2 йилни қисқартиришади.

1990 йилда қамоқдан қайтгач, Виктор уйига қайтиб боради ва шаҳардаги корхоналардан бирига ишга киради. Бу пайтга келиб хотини у билан ажрашган эди.

Тез орада Виктор корхонада ўзини кўрсатади ва батарейкалар учун никелдан янги ясалган  тўр ихтиро қилади. Шунда корхона раҳбари унинг ихтиросига қойил қолади ва бироз аввал Германиядан келган мутахассислар бу ишни уддалай олмаганини айтади.

СССР тарқаб кетгандан сўнг у ўзининг хусусий фирмасини очади ва бир неча йил автомобиллар учун бўёқ ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Кейинчалик ундан ясаш қийин бўлган пул ҳақида сўрашганда:

«Доллар мен билган пуллар ичида энг ҳимояси мустаҳкам ҳисобланади. Аммо уни ҳам бемалол аслига яқин қилиб тайёрласа бўлади, лекин мен бундай қилмайман», деб жавоб беради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид