Жаҳон | 11:27 / 16.01.2022
29463
9 дақиқада ўқилади

«Толибон», глобал инфляция, Ғарб ва Шарқ муносабатлари. Stratfor 2022 йил учун прогнозларни эълон қилди

Марказий Осиё «Толибон»га мослашади, Ўзбекистон КХШТга қайтиш ниятида эмас. Бир қанча омиллар минтақа давлатларини Кобул ҳукумати билан қарама-қаршиликлардан қочишга ундайди.

Фото: ТАСС

Stratfor таҳлилчиларига кўра, пандемия бутун дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлишда давом этади, иқтисодий ноаниқликлар, эмлаш жараёнида бой ва камбағал мамлакатлар ўртасида тенгсизлик сақланиб қолади ва вируснинг янги штаммлари ҳукуматлар учун қўшимча муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Глобал инфляция юқори даражада сақланиб қолади

Глобал инфляция 2022 йил охиригача давом этади. Бунга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ошиши, товарлар ва уй-жой нархи кўтарилиши каби омиллар сабаб Марказий банкларнинг қарши чоралари таъсир ўтказиши мумкин.

Озиқ-овқат нархлари 2021 йил охирида рекорд даражага яқинлашди, бу қисман озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ишчи кучи етишмаслиги ва нефть нархи қимматлашишининг бевосита ўғит ишлаб чиқариш нархларига салбий таъсири билан боғлиқ.

Юқори глобал талаб ва таъминот ўртасидаги номувофиқлик туфайли юзага келган м уаммолар бутун йил давомида сақланиб қолади.

Давлат қарзининг заифлиги ортади

Инфляция босими кўплаб марказий банкларни монетар рағбатлантириш ва ликвидликни қўллаб-қувватлашни қисқартиришга ва юқори фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади, бу эса суверен қарз инқирози хавфини оширади.

АҚШ долларининг кучли валюта сифатида сақланиб қолиши халқаро инвесторларнинг таваккалчиликка мойил ҳаракатлари пасайишига олиб келиши, бу эса ривожланаётган давлатларга глобал капитал оқимини секинлаштириши мумкин. Айниқса Аргентина, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси ва Туркия каби ривожланаётган йирик бозорларда хавф ортади. Гана ва Кения каби кичикроқ иқтисодиётга эга давлатлар ҳам импорт ва иқтисодий ўсишни ошириши мумкин бўлган арзон фоиз ставкалари бўйича молиялаштириш манбаларининг етишмаслигига дуч келиши мумкин.

Ташқи ва ички қарз миқдори юқори бўлган мамлакатларда давлат харажатлари қисқаради. Янги ижтимоий харажатларни амалга ошириш қобилияти чекланиши эса ижтимоий тартибсизликларни юзага келтиради.

Савдо ва технология соҳасидаги АҚШ-Хитой уруши давом этади

Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги иқтисодий кескинлик 2022 йилда ҳам давом этади. Хитой мамлакатга Ғарб технологиялари киришини чеклашда давом этса, АҚШ Хитой товарларига белгиланган юқори бож тўловларини сақлаб қолади. Байден маъмурияти олиб бораётган сиёсат ўзидан олдинги раҳбарлар ўрнатган баъзи чекловларни юмшатишга қаратилмаганини кўрсатмоқда. Бу эса яқин йиллар давомида ҳам Оқ уйнинг тарифлардан сиёсат қуроли сифатида фойдаланишда давом этишини англатади.

Сунъий интеллект, робототехника ва яримўтказгичлар каби юқори технологияли тармоқларда рақобат кучаяди. АҚШ олиб бораётган сиёсат Хитой ҳам техномиллатчилик стратегиясини икки баравар оширишига олиб келади ва бу Хитой бизнес муҳитини Ғарб фирмалари учун янада мураккаблаштиради.

Нефть ва табиий газ нархларининг ўзгарувчанлиги глобал иқтисодиёт тикланишига путур етказади

2022 йил бошида энергоресурслар нархлари ошиши жаҳон иқтисодиёти тикланишига путур етказиши ва айрим нефть ва табиий газ импорт қилувчи мамлакатларда ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин.

ОПEК+ нинг консерватив ёндашувлари йилнинг биринчи ярмида глобал нефть нархини бир баррель учун 70 доллар атрофида ушлаб туриши мумкин. Омикрон ёки ковиднинг бошқа штаммларини ҳисобга олмаганда, нархлар бир баррель учун 80 ёки 90 долларга ҳам етиши мумкин.

Газ нархлари ҳам йил бошида ошиши мумкин. Бунга Россия Европага катта ҳажмда газ экспорт қилишни тўхтатиши ва Шимолий ярим шарда қишнинг совуқ кечаётгани таъсир ўтказади.

Бразилия, Ҳиндистон Нигерия ва ЖАР каби ҳудудларда ёқилғи нархи қимматлиги сабабли ижтимоий тартибсизликлар хавфи юқори бўлиб қолаверади, бу ҳукуматларга субсидиялар ёки ижтимоий харажатлар механизмларини кенгайтириш ёки намойишчиларни тинчлантириш учун нархларни чеклашни талаб қилади. Бу эса бюджет тақчиллиги ошиши хавфини туғдиради.

Нарх ошиши йирик нефть экспорт қилувчи мамлакатларда иқтисодий шароитларни яхшилашга олиб келади, аммо йиллар давомида паст нархлар туфайли юзага келган молиявий ва иқтисодий муаммоларни тўла бартараф эта олмайди.

Киберҳужумлар хавфи ортади

2022 йилда бир қанча молиявий сабабларга кўра киберҳужумлар тез  суръатлар билан ўсишда давом этади. Бу эса кўплаб Ғарб давлатларида киберхавфсизлик бўйича янги талаблар ошишига олиб келади. АҚШнинг Кремль ва халқаро ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан россиялик кибержиноятчи тўдаларни йўқ қилишга қаратилган дипломатик босими кучаяди, аммо АҚШ ташкилотларига қарши ўсиб бораётган киберҳужумлар (айниқса, тўлов тизимларига) камаймайди.

Қўшма Штатларда киберхавфсизлик бўйича талаблар кучайиши Европа, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақасига ҳужумлар сонини ошириши мумкин. Ушбу минтақа давлатларида киберхавфсизлик бўйича харажатлар ошади.

АҚШ-Россия мулоқоти давом этади

2022 йилда АҚШ ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг сезиларли яхшиланиши қийин бўлиб қолса-да, давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотлар давом этади, чунки бу иккала томон учун ҳам манфаатли ҳисобланади. Байден маъмурияти мулоқотлар Россия билан Украинада ёки рақобатнинг бошқа соҳаларида жиддий кескинлашувнинг олдини олади деб ҳисобламоқда. Москва ҳам оғир санкцияларга дучор бўлмаслик учун икки томонлама мулоқотлардан манфаатдор.

Музокаралар киберхавфсизлик бўйича ҳамкорликни қисман яхшилаши мумкин. Масалан, кибержиноятчилар тўғрисида сараланган маълумотларни ўзаро алмашиш. Аммо қуролланиш пойгасини чеклаш ёки киберхавфсизликни биргаликда бошқариш бўйича ёзма келишувлар бир қанча фундаментал келишмовчиликлар туфайли амалга ошмайди.

Байден маъмурияти ташқи сиёсатда асосий эътиборини йилдан йилга юксалаётган Хитойга қаратиш мақсадида Россия билан барқарор муносабатларни ўрнатишга интилаётган бўлса ҳам, вазият тўсатдан яна кескинлашиб кетиши мумкин.

Марказий Осиё «Толибон»га мослашади

Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ҳамда «Толибон»нинг кучайиши минтақа давлатларини Кобул билан муроса қилишга олиб келади.

Қурғоқчилик, электр қуввати тақчиллиги, иқтисодиётнинг секин тикланиши ва вакцинация жараёнидаги иккиланишлар туфайли коронавирус тарқалиши давом этиши ҳақидаги хавотирлар Марказий Осиё мамлакатларини «Толибон» ҳукумати билан алоқаларни яхшилашга ундайди.

Минтақада «Толибон»га энг мухолиф куч бўлган Тожикистон турли таҳдидлар ва толиблар провокациясининг олдини олиш учун тобора кўпроқ Россия ва Хитой кўмагига таяна бошлайди.

Экстремистик гуруҳларнинг барқарорликка таҳдиди минтақадаги бошқа давлатларни ҳам Москва ва Пекин билан хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларини кенгайтириш бўйича расмий келишувларга эришишга ундаши мумкин.

Ўзбекистоннинг жанубий чегарасидаги кескинлик туфайли ички барқарорликка таҳдид кучайганига қарамай, 2012 йилда чиқиб кетган Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтиш ниятида эмас, бу қисман Хитой билан муносабатлар чуқурлашиб бораётгани билан ҳам боғлиқ.

Россия «Толибон»нинг кучайиши ва Марказий Осиёдан экстремистик кайфиятдаги одамлар кириб келиши мумкинлиги хавфи ортганига қарамай, минтақадан кўп сонли меҳнат муҳожирларини қабул қилишда давом этади.

«Толибон» Афғонистондаги барқарорлик учун курашади

«Толибон» Афғонистонда ўз назоратини мустаҳкамлашга уринар экан, жиддий иқтисодий, ижтимоий ва жангари гуруҳларнинг босимларига дуч келади.

«ИШИД-Хуросон» гуруҳи турли шаҳарларда ҳужумлар уюштириш қобилияти туфайли энг катта ички таҳдид бўлиб қолади. Гуруҳ ўз операцияларини Афғонистоннинг шимоли-шарқидан ташқари, мамлакатнинг жанубий ва ғарбий ҳудудларидаги муҳим шаҳарларда ҳам амалга ошириши мумкин.

Покистон ва Хитой толибларнинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб қолади. Улар Афғонистонда транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилади. «Толибон»нинг чет эллик ишчилар учун барқарорлик ва хавфсизликни таъминлай олмаслиги инвестиция имкониятларини чеклайди.

Халқаро ёрдам ҳам чекланган бўлиб қолади ва кўпроқ аёллар ҳуқуқлари бўйича ўрнатилаётган қоидаларига боғлиқ бўлади.

Этник озчиликлар ва консерватив пуштун қабилалари манфаатларини самарали мувозанатлаштирмаслик шаҳарларда ижтимоий беқарорлик ёмонлашувига, турли гуруҳлар ва янги пайдо бўлган Миллий қаршилик фронти томонидан ҳукуматга қарши ҳаракатлар кучайишига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид