Artel махсус имтиёзларга эга эмаслигини айтиб чиқди, иқтисодчи бунга қарши асослар келтирди
Аrtel компанияси якка ўзига махсус имтиёзлар берилмаганини иддао қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров компания баёнотида хатолик борлигини айтиб, Artel савдо белгиси остидаги корхоналар солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва божлар орқали ҳимоя қилиб келинаётганига эътибор қаратди.
17 январ куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда Аrtel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Аirways каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, уларга нега мол-мулк солиғидан имтиёзлар берилгани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берилди. Аммо Солиқ қўмитаси раисининг берган жавоби журналистни қаноатлантирмади, у ижтимоий тармоқлардан “Artel корхоналар тизимининг шохи борми?” деган савол келиб тушаётганини айтди.
Қудбиев корхоналарнинг мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар солиқ сири ҳисобланиши, берилган имтиёзлар “ҳеч кимнинг елкасига тушмаётгани” ва улар соҳани ривожлантириш учун берилишини билдириб, бу жавоби журналистни қониқтирмаса, бу унинг иши эканини айтди. ДСҚ раиси савол берган журналистни “ёш қизча” деб атаб, унга халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини уқтирди. Ваҳоланки, журналист “халқдан тушган савол” деганда “одамлар йўллаётган савол” маъносида гапирганини англаш қийин эмасди. Натижада Қудбиевнинг жавоби қўполлик сифатида қабул қилиниб, танқидларга сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Artel компанияси эътирознома шаклида расмий муносабат билан чиқди.
Баёнотда компания таркибидаги корхоналарда ходимлар сони 10 мингдан ортиқ экани айтилиб, компания тўлаган солиқлар ва экспорт миқдори келтириб ўтилган.
“2022 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида Artel компанияси учун мол-мулк солиқ ҳисоблаш базаси 2,1 баробарга ортди.
Электротехника соҳасини ривожлантириш учун “Ўзелтехсаноат” таркибига кирувчи ва электротехника саноатининг барча ишлаб чиқарувчилари муайян солиқ имтиёзларига эга. Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2021 йилдаги ПҚ-5011-сонли қарорида кўрсатилган имтиёзлардан Artel компанияси “Ўзелтехсаноат” таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхоналар билан тенг ҳуқуқда фойдаланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида Artel компанияси учун махсус ёки алоҳида тартибда имтиёзлар берилмаган”, дейилган расмий изоҳда.
Artel баёнотида “100 дан ортиқ” деган сўзлар алоҳида таъкидланиб (қорайтириб) кўрсатилган. Бироқ қайд этиш керакки, “Ўзэлтехсаноат” расмий сайтида уюшма аъзолари сони 86 та экани кўрсатилган. Ва улардан фақат 40 таси – маиший техника ишлаб чиқарувчилар.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур 40 та корхонанинг камида 7 таси Artel савдо белгиси остида фаолият юритувчи ёки уларга аффилланган компаниялар эканини айтади. Унга кўра, булар қуйидагилар: “Techno Continental” МЧЖ, “Next Generation Product” МЧЖ, “New Profi Technology” МЧЖ, “Quality Device” МЧЖ, “Future Industry Systems” МЧЖ, “Prime Electric Engineering” МЧЖ, “Quality Electronics” МЧЖ.
Давлат солиқ қўмитаси сайтидаги маълумотлардан мазкур 7та компанияга бир нечта турдаги солиқлардан миллиардлаб сўмлик имтиёзлар берилганини кўриш мумкин.
ДСҚ маълумотларида юқоридаги 7та корхонадан ташқари, “Artel Electronics” МЧЖ ва “Artel Technical School” МЧЖ ҳам солиқ имтиёзларини олганлар қаторида қайд этилган.
Отабек Бакиров рўйхатда Artel савдо белгисига оид компаниялар кўплигига эътибор қаратиб, бу имтиёзларнинг лоббиси ортида ким тургани, ким учун бу имтиёзлар яратилганини савол остига олади.
“Қолган 33та компаниянинг жами ишлаб чиқариш миқдорини қўшсангиз ҳам [бозордаги улуши] бир неча фоизга етмаса керак”, дея “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг Artel'га алоқадор бўлмаган маиший техника ишлаб чиқарувчиларини назарда тутади иқтисодчи.
“Тўртинчидан, қарорга кўра, Artel савдо белгисига оид компанияларга фақат мулк солиғи билан боғлиқ имтиёзлар берилмаган. Имтиёзлар қаторида субсидиялар ҳам бор. Artel савдо белгисига оид компаниялар экспортининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар олиб келишади. Яъни сиз-у, биз уларга субсидия ҳам тўлаймиз.
Бешинчидан, яна буларга товарларни экспорт қилишда нол даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси уч кун ичида қоплаб берилади ҳам.
Қўшимчасига булар фалон минг ишчи ўринлари яратилганини айтишдан, такрорлашдан ҳеч қачон уялмайди (аслида ҳар қандай бизнесдан мақсад фойда, агар бундай бўлмаса, бу бизнес эмас, пул ўзлаштириш), ваҳоланки ўша фалон минг ишчи ўрни баҳона 35 миллион ўзбекистонлик йиллар давомида жазолаб келинмоқда.
Масалан, қўшни мамлакатлардан бир донадан ортиқ маиший ё электр техникаси олиб кела олмайсиз. Акс ҳолда Аrtel'ни ким сотиб олади. Маиший ва электр техникасини тижорий мақсадларда келтирмоқчи бўлсангиз, отнинг калласидек божлар тўлашга мажбур бўласиз”, дейди Отабек Бакиров.
Маълумот учун, “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда электротехника тармоғи корхоналарига бир қанча имтиёзлар тақдим қилинган:
- 2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумнинг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилган;
- 2024 йил 1 январгача электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этилган;
- хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар берилган;
- 2021 йил 1 мартдан электротехника тармоғи корхоналарига асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган миқдорда миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисмининг оширилган фоизи Марказий банк томонидан уч йилгача компенсация қилинади (5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда).
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан электротехника корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили давлат бюджетидан 10 млн доллар ажратилади.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
10:20 / 24.09.2024
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
20:33 / 07.09.2024
BYD Seagull Ўзбекистонда Хитойдаги нархидан 4300 доллар қиммат сотилади
14:00 / 05.09.2024