Жамият | 15:42 / 18.01.2022
25950
23 дақиқада ўқилади

«Бу ерда фақат бойларнинг болалари ўқиши ҳақидаги гаплар хато» — Энг ёш президент мактаби директори билан суҳбат

«Осмондаги болалар» лойиҳасининг 20-сони меҳмони Қашқадарё вилоятидаги Президент мактаби директори ва бир қатор лойиҳалар муаллифи Сардор Содиқов бўлди. У Тошкент шаҳрида туғилиб, Қашқадарё вилояти Қарши туманида катта бўлган, аввал Қарши шаҳридаги 11- сонли мактабда, кейин эса Қарши туманидаги иқтидорли болалар лицейида таҳсил олган. Тошкент Халқаро Вестминстер университети иқтисод факультетини тамомлаган.

Суҳбат давомида олий таълимдаги камчиликлар, ўқув марказлари фаолияти, Президент мактабидаги ҳолат, инглиз тилининг аҳамияти ва жамиятдаги муаммолар ҳақида фикрлар билдирилиб, ота-оналарга ва ёшларга тавсиялар бериб ўтилди.

Фаолиятнинг бошланиши

— Вестминстер университетида 3-курслигимда айнан ҳаётимни ўзгартирган бир воқеа бўлган. Кўпчилик талабалар ишларди. 3-курсда мен ҳам қаерда ишласам бўлади, қўлимдан нима келади, деб ўйладим. Қўлимдан келадигани – инглиз тилини ўқитиш эди.

Ҳозиргача бир ўқув маркази бор. Аваз ака раҳбарлигидаги «Регистон» ўқув маркази. Шу кишининг олдига борганман ва инглиз тилидан дарс беришни бошлаганман. Шу воқеа сабаб мен юрагим жиз этган соҳани топганман ва доим ватанимга ёрдам беришни хоҳлаганман.

Университетни тугатгач, Қарши шаҳрига қайтиб, бир ўзим репетиторлик қилишни бошлаганман. Ўқув марказ деб юрар эдим, лекин ходим битта ўзим. Фаррош ҳам ўзим, ўқитувчи ҳам ўзим, банкка боришга ҳам ўзим, солиққа ҳам, ҳаммасига ўзим. Тонг саҳарда туриб рекламалар ёпиштириб чиққанман. Айни пайтда Қарши шаҳрида 50 дан ортиқ ходим ишлайдиган, 3000 дан ортиқ ўқувчи ўқийдиган «Global Education» марказига раҳбарлик қиляпман.

Нега Тошкентда қолмагансиз?

— Университетни битирган пайтимда кўплаб катта-катта жойлардан таклифлар бўлган, лекин мен Қарши шаҳрига қайтганман. Сабаби, Тошкентда кадр етарли, ҳаммамиз Тошкентда қолиб кетаверсак, шунча йил Қарши туманида велосипедда қатнаб, оқ нон тузини еб, қандай қилиб вилоятимга қайтмайман. Тошкентга келдик, билим олдик, энди яна қайтиб, у ерни гуллатишимиз керак, деган ниятда ўқиш тугаган куни Қаршига қайтганман. Менда келажакда Ўзбекистоннинг келажагини яратадиган ёшлар армиясини барпо этишга ўз ҳиссамни қўшаман, деган қатъий қарор бўлган.

Фото: YouTube/Osmondagi bolalar

— Бошқа давлатларни кўрган одам сифатида айта оласизми, нима учун бизда айнан ўқув марказ соҳаси ривожланиб кетди? Бошқа давлатларни кўрсангиз, у ерда кўпроқ касбий таълимгина ўқув марказларида ўргатилади. Хорижий тиллар бўйича жуда кам, лекин бизда абитуриент соҳаси ҳамда хорижий тиллар бўйича ўқув марказлари жуда илғор, бу бир томондан хурсанд қилади, бир томондан хафа қилади. Яъни табиий равишда давлат таълимида қайсидир даражада бўшлиқ борлиги шу соҳа ривожланишига сабаб бўляпти. Фикрингизча, нима учун ўқув марказлари ривожланиб кетди ва улар таълимга ёрдам бердими?

— 2018 йил Исроилга борганмиз. «Таълим соҳасида инновация ва тадбиркорлик» бўйича Исроил тажрибасини ўрганиб келганмиз. Қизиқ бир маълумот айтаман, у ерда бирорта ҳам ўқув марказ йўқ экан. Инглиз тилини қаерда ўрганишларини сўрадим. Мактабда дейишди. IT соҳасини қаерда ўрганишларини сўрадим. Мактабда дейишди, математикани қаерда ўрганишларини сўрадим, яна мактабда дейишди.

Мен асли ўқув маркази соҳасидан бошлаган бўлсам-да, келажакда ўқув марказлари бўлмаслигини хоҳлардим. Яъни фанга ўқитадиган. Буни мактабларнинг ўзи тўлиғича тўлдириб бериши керак,аслида, лекин бу бўшлиқ бор экан, ушбу соҳа кенгайиб бораверади. Бу бўшлиқни тўлдириб беришни эса, ўқув марказлари эплаяпти. Сабаби, бу ерда ўқувчилар ойлик тўловлар тўлашади ва ўқув марказ яна ҳам ривожланишга, яна ҳам сифатли таълим беришга ҳаракат қилади. Бу борада Ўзбекистон муваффақиятли тарзда ўқув марказларини юритяпти, десак муболаға бўлмайди.

Келажакда ўқув марказлар ишсиз қолмаслик учун ўзининг касбини замонавийлаштирсин, инглиз тили орқали ўқувчиларга касб ўргатсин. Қанийди, ҳозир инглиз тили ўқитувчилари cаll-cеntеr’га тайёрлаш курсларини ўқитишса ёки «логистика» курсларини ўқитишса, ҳозирги пайтда ушбу соҳа жуда оммалашиб боряпти.

Нима деб ўйлайсиз, халқ таълимида бўшлиқ нимадан ҳосил бўлди ва уни қандай қилиб тўлдира оламиз?

Биз ҳозиргача университетга кириш мезонларини бироз нотўғри қўйиб қўйдик. Келинг, ўз соҳамдан олиб гапираман. Инглиз тилини ўрганиш бир неча йилдан бери фақатгина назарий жиҳатдан ўрганиш бўлиб қолди. Сиз фақат грамматикани ўрганасиз ва титулда тўғри жавобларни белгилайсиз. Бу худди автомактабга бориб, барча белгиларни ўрганиб, бирор марта ҳам машина ҳайдамасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олган каби. Инглиз тилида ҳам биз фақатгина назарий жиҳатни ўргатдик, амалий жиҳатга келганда, ҳаттоки мактаб ўқитувчилари суҳбатлаша олмаяпти инглиз тилида.

Статистика келтираман, Халқ таълим тизимидаги хорижий тил ўқитувчилари 53 минг нафардан кўпроқ, шунинг 4 фоизигина инглиз тилини билиш даражасини кўрсатиб бера олган, холос. Яъни қўлида сертификати бор. Айнан уларга касбий жиҳатдан, малакавий жиҳатдан баҳо бермаяпман, балки уларнинг қайсидири яхши ўқитиши мумкин, жуда ҳам яхши ўқитиши мумкин, лекин «Инглиз тилингиз қанақа?» деган саволга «Узр, бугун фақатгина грамматика ўтамиз», «Узр, ҳар куни грамматика ўтамиз», «Мен сўзларнинг таржимасини сўрайман»

Амалий жиҳатдан ишлатилишида ҳатто ўқитувчининг ўзида ҳам камчиликлар бор. 4 фоиз жавоб беряпти, қолган 96 фоизини ўқув марказлари қоплаб беряпти.

Нима учун болалар ўқув марказларига кетиб қоляпти деса, чунки у ерда яхши ўқитувчилар бор. Нима учун у ерда яхши ўқитувчилар бор, дейилса, ўқув марказлари яхши ойлик маош беради. Агар биз ойликни оширмас эканмиз, таълимни яхшиланиши ҳақида гапиришга бироз эрта эмасмикин?

— Халқ таълим вазирлигига, адашмасам, бюджетдан ҳар йили 10 триллион сўм маблағ ажратилади. Айнан, халқ таълимида вазир бўлиб ишлаган Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг ойлигини кўтарайлик, деб жуда ҳам қаттиқ ҳаракат қилди. Лекин, ростдан ҳам бу муаммо бор. Ўқув марказларида ишлаётган ўқитувчилар ойига энг камида 5 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача олади. Нега энди 3 миллион ойликка мактабга борсин?

Муаммони энг бошидан бошлайдиган бўлсак, кадрлар тайёрлаш бўйича университетдаги ўқитувчилар талабаларга бераётган билимини мустаҳкамламас экан, эртага ишга борганида уларнинг инглиз тилиси саёз эканлиги билиниши табиий.

Фақатгина моддият билан бу муаммони еча олмаймиз. Агар Халқ таълими вазирлиги хоҳласа, инглиз тили ўқитувчисининг ойлигини 10 миллион сўм қилиб қўя олади, лекин энди 53 мингта хорижий тил ўқитувчисидан нечтаси шу ойликка арзирли бўлади? Бу бўйича ислоҳотлар қилиняпти, яъни ўқитувчи тил сертификатини кўрсатса, 50 фоизгача устама белгилаш бўйича қарор чиқди. Хорижий тилларни оммалаштириш агентлиги бу иш билан шуғулланяпти, мактаб ўқитувчилари энди 5 миллионгача ойлик олиши мумкин. Мен ҳам инглиз тили ўқитувчилари энг камида 10 миллион сўм ойлик олишларини хоҳлар эдим, чунки ҳозир кўп нарса инглиз тилига боғлиқ бўлиб қолган.

Биз бошқа давлатларга ўрнак бўлмоқчимизми, бутун дунё бозорига кирмоқчимизми, уларга нималарга қодирлигимизни кўрсатмоқчимизми, уларга ўзлари тушунадиган тилда гапиришимиз керак, бу - инглиз тили ҳисобланади.

Муаммо университетларда экан, нима деб ўйлайсиз, айнан университетларда таълимнинг сифатини ошириш учун биз нима ишларни амалга оширишимиз керак?

— Университетларнинг айни пайтдаги кадрларни тайёрлаш бўйича ёндашуви етарли даражада эмас. Бу борада биз, жамият, давлат ёки ўқув марказлари қандай ёрдам бера олади, деган саволга келадиган бўлсак, ўқув марказлар ушбу университетнинг талабаларини оталиққа олиб, талабалар практикант сифатида келиб, шу ўқув марказида амалиёт қилишини таъминлаши керак. Худди, мен 3-курслигимда ўқув марказга борганим каби. Шу томонлама ёрдам беришимиз мумкин. Бу ерда, бу университетнинг иши, бу менинг ишим, деган нарса йўқ, бу ҳаммамизнинг дардимиз, бу барча жамиятнинг дарди. Бу борада ҳаммамиз ёрдам беришимиз керак.

Университет кўпинча талабаларни амалиёт учун мактабга юборади, бирортаси ўқув марказига юбормайди. Бу нарса бюрократиянинг сарқити бўлиб қолган, айнан давлат муассасалари билан улар амалиёт ўташи керак. Ваҳоланки, у ерда кимлардир ростдан ҳам амалиёт қиляпти ва иш ўрганяпти, кимлардир фақатгина кун охирида имзо ва муҳр қўйдиряпти-да, университетга олиб бориб беряпти.

Шунинг учун, улар ўқув марказларига ҳам амалиётга юборса, бу мақсадга мувофиқ бўларди. Шу билан биз университетларга ёрдам бера оламиз.

2020 йил сиз ва жамоангиз томонидан тайёрланган илова 75 минг доллар гранд ютиб олди, ўзи илова нима мақсадда яратилган ва қандай имкониятлари бор?

— Иловани яратиш 2018 йилда бошланган. Мен бир вақтнинг ўзида кўпчиликка дарс бера олмасдим, шунинг учун билимимни рақамлаштирмоқчи бўлганман. Телеграмда бир бот яратиб, дарсларни аудио, видео ва матнли қилиб жойлаштирганман. Унда ҳар бир дарсни очиш учун тўлов қилишингиз керак. Кейин, буни янада ривожлантирмоқчи бўлганмиз, сабаби, биласиз телеграмда маълумотларни улашиш мумкин, менинг дарсларим тарқалиб кета бошлаган. Буни янада ривожлантириб, тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида мобил илова ишлаб чиқамиз деганман.

2019-2020-йилларда иловани ишлаб чиқаётган вақтимизда IT-Парк томонидан «Энг яхши мобил илова» деган танлов эълон қилинган. Шунга ариза топширдик. Саралаш босқичи 9 ой давом этиб, 264 жамоадан охирида 7 жамоа қолди. Менинг иловам ишлаб чиқилишидан мақсад инглиз тилини сифатли ва арзон нархда ҳаммага ўргата олиш бўлган. Агар умрим синфхонада ўтса, кўпи билан 100 минг ўқувчига дарс бера оламан, лекин видео дарсларим 1 кун ичида юз минглаб ўқувчига илм бера олиши мумкин. Мана шу мақсадда яратилган илова еттиликка кира олган ва овоз бериш натижаларига кўра «Roboteach» иловаси биринчи ўринни олган.

Тақдирлаш маросимидан сўнг, Тошкентда яқинларим ва жамоа аъзолари билан ғалабани нишонлаётганимизда, онажоним хурсанд бўлиб «Илоҳим Аллоҳнинг назари тушгани рост бўлсин, илоҳим давлат раҳбаримизнинг ҳам назарларига тушгин», деб дуо қилганлар.

Ярим соат ўтиб Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан қўнғироқ бўлган. «Тезда етиб келинглар, эртага давлат раҳбаримизнинг расмий ташрифи бўлади, 12 ноябр куни эртага сизларни учраштириб, муваффақиятилар билан таништирамиз» дейишган. Кечқурун соат 12 да кириб келганмиз. Қаранг, онамнинг дуоси кучи сабаб эртаси куни давлат раҳбари билан учрашиб, илова тақдимотини қилиб берганмиз. Хурсанд бўлиб жамоада неча киши эканимизни сўраганлар, жамоада 5 киши эдик ва ҳар биримизга 5 минг АҚШ долларидан мукофот берганлар.

Шунда бир нарсага амин бўлганман. Инсоннинг нияти холис бўлса, шу нарсага қаттиқ ҳаракат қилса, илмнинг ортидан, холис ният ортидан ҳалол тарзда ҳеч қандай коррупцияга аралашмай, 2 кунда 75 минг доллар топиш мумкин экан.

— Президент мактаби қандай мактаб ва ўзига хослиги нимада?

— Президент мактаби ҳақида қисқача тафсилот берадиган бўлсам, бу мактабнинг ётоқхонаси бор. Болалар ҳафтада 5 кун ўқишади, асосий корпусда дарслар бўлади, шанба ва якшанба кунлари уйларига кетишади. Мактабда ҳозир 144 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчиларни қабул қилиш мезонлари 2 босқичли имтиҳондан иборат. Бу имтиҳонда биринчи математикадан, сўнгра мантиқ, инглиз тили фанларидан имтиҳон топширишади. Шу имтиҳондан муваффақиятли ўтган ўқувчилар мактабга қабул қилинади.

Ўқувчиларга барча қулайликлар яратиб берилган ва бу нарсалар тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилади. Бу ерда йиллик тўлов, форма, 5 маҳал иссиқ овқат ва бошқа тўловлар – ҳаммаси давлат томонидан молиялаштирилади. Президент мактабининг ўзига хослиги – битта синфда 12 нафар ўқувчи, 12 нафар ўқувчига икки нафар устоз – биттаси хорижий ва биттаси маҳаллий.

Шу ерда фарзандларини ўқитмоқчи бўлган ота-оналарда мактабда фақат бойларнинг болалари ўқийди, деган турли фикрлар бор. Биз кичик сўровнома ўтказдик. Мактабга кирган ўқувчиларнинг ота-оналари қаерда ишлаши билан қизиқдик. 60 фоиздан кўп ўқувчиларимизнинг ё отаси ёки онаси ўқитувчи касбида экан.

Бу билан фақат ўқитувчиларнинг болалари ўқийди демоқчи эмасман, ўқитувчилар фарзандларининг таълимига кўпроқ эътибор беради. Президент мактабига қайси ўқувчининг ота-онаси боласининг таълимига кўпроқ эътиборли бўлса, айнан ўша ўқувчи киради. Қашқадарё вилоятидаги Президент мактабига кирган ўқувчилар Қашқадарё вилоятининг барча туманларидан кирган. Бу дегани барча туманда, у ердаги чекка қишлоқларда ҳам салоҳият бор. Президент мактабига кира олишган. У ерларда қўшимча репетиторлар бўлмаслиги мумкин, лекин фарзандга ота-онанинг ёрдам берганлиги, улар билан суҳбатда яққол билинди. Ота-оналар, аллақачон, Президент мактаби таълим тизими ҳақида ва ундаги қабул имтиҳонлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга ва фарзанди билан шуғулланган.

Ота-оналарга мурожаат

— Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизга ёшлигидан чиройли тарбия беринг. Ўзига ишончи ошсин, математика ва инглиз тилини ўргансин, мантиқий фикрлаши ва шу билан бирга дунёқараши кенгайиши учун фарзандингиз билан кўпроқ гаплашинг. Савол сўраса, илмингиз, билимингиз етганича жавоб беришга ҳаракат қилинг. Фарзандингиз шахсий фикрини айтишга тортинмасин, фарзандингизнинг ўзидаги ишончи баланд бўлсин. Агар Президент мактабида ўқитмоқчи бўлсангиз, яхши ният қилиб, фарзандингизга ёрдам беринг, биргаликда дарс қилинг, биргаликда суҳбатлашинг, кўнглини кўтаринг, қайсидир жойда қийналиб қолса, ёрдам беринг. Шунда, албатта, фарзандингиз Президент мактаби ўқувчиси деган номга сазовор бўлади.

 Устоз сифатида бугун шогирдларингиз келажакда ким бўлишини хоҳлардингиз?

Фото: YouTube/Osmondagi bolalar

— Келинг, уларнинг ҳам устози, ҳам ота-онаси сифатида гапирсам, чунки мактабда 144 нафар фарзандим бор. Уларга ҳар куни эшигим очиқ, ўқувчилар бемалол тақиллатиб кира олади. Таклифлар, саволлар билан келишади. Ҳеч қачон уларни қайтармаганман, офисда ўтириб суҳбатлашамиз. Фарзандларимиз келажакда қайси касбни эгалламасин, уларга доим айтаман: яхши ўқинг, илм олинг, Топ-50 талик, Топ-100 талик хорижий таълим муассасаларига киришга илмингиз етади.

Албатта, сиз у ернинг билимини олинг, хорижликлар сизга керак бўлса катта-катта грантлар беришсин, чунки бунга арзийсиз. Эртага кучли шифокор бўлинг, майли қанча давр ўтмасин, қанча хорижий тажриба керак бўлмасин, соҳангизнинг устаси бўлинг, кучли даражадаги қийматга эга бўлинг. Албатта, эртага хориж билимини, хориж тажрибасини Ўзбекистонга йўналтиринг.

Улар билан биргаликда келишиб олганмиз. Улар Ўзбекистоннинг ривожланиши учун ҳаракат қилишади ва бутун дунёга ўрнак бўлишади.

Бугун Президент мактабини битирган ўқувчи бирорта хорижий университетда ўқиди ва у ерда ишлашни бошлади. Табиий равишда таққослаш бошланади. Мен чидолмайдиган баъзи нарсалар бор, яъни ҳуқуқсизлик, бирор бир нарсани судсиз бўлишини қабул қила олмайман. Эртага четга кетган ўқувчилар энг яхши жойларда ўқийди, энг яхши жойларда ишлайди ва уларда қонун устуворлигини кўради ва таққослашни бошлайди. Ўз-ўзидан у жой унинг учун қулай бўлиб қолади. Нима учун у ердан яна қайтиб келиши керак? Бу билан улар қайтиб келишмасин демоқчи эмасман, биз кўпроқ уларга шароит яратишга ҳаракат қилишимиз керак эмасми?

— Хорижга ўзим ҳам кўп марта чиққанман. Аниқ айта оламан, хорижга борган инсонда икки хил кайфият уйғонади. Биринчиси, менга ушбу шароитлар ёқди, бу ерда ҳақиқатан ҳам ўз қадримни сезяпман, бу шароитларда мен ўсаман, унаман, бу шароитлар айнан мен учун яратилган. Мен бу давлатда қоламан. Иккинчи кайфиятни айтаман, шахсан ўзимнинг кайфиятим десам ҳам бўлади. Менга бу давлат ёқди, шароитларни қаранг, инсон қадрини қаранг, қонун устуворлигини қаранг, имкониятларни қаранг. Шуларнинг ҳаммасини ўрганиб, Ўзбекистонга олиб қайтаман. Худди шу кайфият, худди шу қонун устуворлиги, худди шу маошлар, худди шу имкониятлар Ўзбекистонда бўлиши учун ўзимни сафарбар қиламан. Албатта, барчамизда иккинчи кайфият уйғониши тарафдориман.

Ўзбекистон худди шу кайфиятда ёшларимизни кутиб олиши учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда, бир нарсани тан олишимиз керак, барча имкониятлари бор давлатлар мустақиллиги 30 йил олдин бўлмаган, кимдир 50 йил олдин кимдир 100 йил олдин, АҚШ 300 йил олдин ўз мустақиллигига эга бўлган ва 300 йилдан бери ҳаракат қиляпти. Биз барчамиз қўзиқориндек хорижда туғилиб қолмаганмиз, лекин биз яхши шароитнинг хўрозқандини танлайдиган бўлсак, ўзимиз нон-туз еган жойга хиёнат қилиб қўйган бўламиз.

— Узр, шу ерда саволим бор, келса, уни бу ерда тан олишмаса, яъни фойдаланишмаса ёки илми бу ерда хор бўлса, бу вазиятда яна чет элни танлаб қўймайдими?

— Менинг бир шифокор уролог танишим бор. Китоб туманида хусусий клиникаси бор. Ўзбекистонда бармоқ билан санарли уролог хирурглардан, жуда кўп давлатларда бўлади, Туркияга доим боради. Тўғри, у киши хорижда ўқимаган, лекин хориждан жуда кўп тажриба олиб келган. Мана шу инсондан нега айнан Китоб туманида клиника очгани ҳақида сўраганман. Қийин бўлмадими, босим бўлмаяптими, хорижда қолганингиз сизга яхши эмасмиди, деганимда, жуда бир чиройли гапни айтган: «Ёшлигимда шу ерда ўқидим, шу жойда илм олдим. Камчиликларни ёшлигимда ҳам кўрардим. Ёшлигимдан мақсад қилгандим, нимаики содир бўлмасин, шу камчиликларни тузатаман, деб.Тиббиёт соҳасида кўп камчиликлар бор эди, агар мен тузатмасам, ким тузатади? Майли камчиликлар бордир, майли қаердандир босимлар бордир, лекин ҳозирги ҳолатда давомий тарздаги муаммолар содир бўлмаяпти, муаммоларга ечимни фақатгина муаммоларимизни ечиб беринг, деб давлатдан талаб қилишимиз – ноҳақлик. Агар сен дунёни ўзгартирмоқчи бўлсанг, ўзингдан бошла, ўзингни жамиятингдан бошла».

— Жамиятдаги қайси муаммолар сизни қийнайди?

— Жамиятда энг қийнайдиган муаммолардан бири кўпчиликдаги бепарволик кайфияти. Жуда кўп муаммоларнинг газак олиб кетишига ҳам бепарволигимиз сабаб бўляпти. Кўчада кимдир ётган бўлса, кўпчилигимизнинг ҳаёлимизга биринчи бўлиб, ҳа ичиб олибди-да деган фикр келади. Ҳеч ким ўйламайди, балки қаеридир оғриётгандир, балки шифокор чақириш керакдир. Ёки нимагадир коррупция ҳолати бўляпти дейлик, ўқувчилардан пул йиғиб олиш каби, шунга ҳам бепарвомиз, «э майли, бер ишимиз ҳал бўлади», деймиз.

Агар биз шунга Ватан ҳисси, дахлдорлик ҳиссида бепарво бўлмасдан, «эй шошмагин, бу бир кичкина коррупция ҳолати бўлса, эртага газак олиб кетса-чи» деган эътибор билан ёндашадиган бўлсак, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, шу нарсага қарши бўлиб турса, жамиятимизда муаммолар камаяди. Шунинг учун айтардимки, бу бепарволик ҳиссини йўқотайлик. Бу сенинг вилоятинг, бу менинг вилоятим, деган тушунчани йўқотишимиз керак.

— Ҳаётда мақсадини топа олмаётганларга нима деган бўлар эдингиз?

— Кўпчилик ёшларимиз университетга киргандан кейин мақсадларини йўқотиб қўйишади. Ёшликдаги энг катта мақсадлари университетга кириш бўлиб қолган, кира олишди, ундан кейин-чи? Кўпчилик ундан кейин йўлини йўқотиб қўяди. Шунинг учун, ўзининг ҳаётдаги мақсадини, миссиясини топиб олиши керак. Ўз миссиясини, олий мақсадини қандай топади, деса, мен олий мақсадимни, тажриба олиш мақсадида амалиётга бориш орқали топганман.

Биринчи маслаҳатим, ёшлар ҳам ўзининг олий мақсадини, ҳаётдаги миссиясини топиши учун ўзини қизиқтирган бир қатор соҳаларда ишлаб кўришини, амалиёт, тажриба орттиришини сўраган бўлар эдим. Ойлик сўрамасин, ўша соҳани кўрсин, билсин юраги жиз этяптими-йўқми. Иккинчи маслаҳатим, ҳаётда ўзининг йўлини топа олмаётган ёшларга барча муаммоларнинг калити бор. Бу ота-онамиз ва устозимиз дуоси. Ҳаётда жуда кўп марта айнан уларнинг дуоси сабабли муаммоларимни ҳал қилган ёки мен хоҳлаётган муваффақиятга етиштирган ҳолатлар бўлган.

— Келажак режалар қандай?

— Ўқув марказ соҳасида, хорижий тилларни ёйиш ва Президент мактабидаги ўқувчиларимиз билан ҳам қиладиган келажак режаларимиз кўп. Мен хоҳлайманки, ҳар бир ўсиб келаётган ёшларимиз 5 ёки 10 йилдан кейин бўйлари етган, университетларни битирган, кимдир қайсидир давлатда катта-катта жойларда ишлайдиган, кимдир Ўзбекистонда ўзига етарли даражадаги вазифаларда фаолият юритадиган ёшлар бўлишини. Ўзбекистондан бошқа бир давлатлар ўрнак олиб, ушбу ёшларимиз мана мен шу соҳанинг профессионали, десин. Бутун дунё Ўзбекистондан ўргансин, дунё билими Ўзбекистоннинг ёшларида бор. Мен келажакни шундай кўраман. Ўзбекистондаги университетлар Топ-100 талик Топ-500 таликка кирсин, чет элликлар бизнинг университетларда ўқиш учун рақобатлашишсин.

Тўғри, бу қайсидир даражада баландпарвоз гаплардир, лекин мен ишонаман, ҳеч қайси бир давлатнинг тараққиёти унинг табиий ресурсларига боғлиқ эмас. Инсон ресурслари шаклланган жойни, у давлатни енгиб бўлмайди. Биз доим ёшларни «олтин фондимиз» деб айтамиз, ёшларимизда инсон ресурслари шакллансин. Шу ресурсларни шакллантириш учун қанчалик ҳаракат, қанчалик умр, матонат керак бўлса, мен тайёрман…

Мавзуга оид