Ғаллаоролдаги ёпиқ айлана: фермерлар сув учун суд орқали ноҳақ пул ундирилаётганидан норози
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги фермерлар сув таъминоти корхонасидан норози. Сайтга дардини ҳикоя қилмоқчи бўлган фермерлар билан Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди олдида учрашдик.
Фермерларнинг ҳикоя қилиб беришича, «Ғаллаорол туман» сув истеъмолчилари уюшмаси корхонаси улардан дала майдонларини суғориш учун ноқонуний ҳақ ундирмоқда. Фермерлар солиқлар қаторида сув учун солиқ тўлаб келишаётганини таъкидлашмоқда.
«СИУ билан шартнома имзолаган фермерларнинг барчаси судга берилган. Суд 8тадан гуруҳ қилиб ажратиб иш кўрмоқда. Биз ўзимизнинг барча ҳужжатларимизни судга тақдим этдик. 2021 йилда биз билан шартнома тузилмаган бўлса-да, устимиздан иш қўзғатиб, судга беришган», — дейди «Янгиобод бахт гулшани» фермер хўжалиги раиси Раҳмон Ҳожиев.
«Бугун (11 январ) учинчи марта суд қолдирилмоқда. Кейинги суд мажлиси 18 январ куни бўлиб ўтиши белгиланди. Ҳар гектарига 100 минг сўмдан белгиланган нархни асослантириб бера олишмади», — дейди «Шерқангли шарбатлари» фермер хўжалиги раиси Фурқат Жониқулов.
Яъни фермерлар нодавлат ва нотижорат ташкилот ҳисобланувчи «Ғаллаорол туман» сув истеъмолчилари уюшмаси улардан гектарига йилига 100 минг сўмдан ҳисоблаб сув ҳақи ундираётганидан норози.
Чунки ташкилот сувни ўз вақтида етказиб бериш, ариқ, канал ва зовурларни тозалаш борасида бирор иш қилган эмас. Фермерларнинг ўзлари бу ишларни маблағ сарфлаб бажариб келишмоқда.
«5 гектар ерим бор. Сабзавот маҳсулотлари етиштираман. Сувдан фойдаланаман, тўғри. Лекин солиқлар қаторида сув учун ҳам тўлов қиламан-ку? Сел мавсумида дарёни уриб кетса, ўзимиз трактор ёллаб тозалаб чиқамиз. Етмаганига аҳолидан пул йиғиб чиқамиз. Булар бир иш қилиб бермасдан, пул ундириш учун судга бергани алам қиляпти», — дейди «Иззатулло Аминбек» фермер хўжалиги раиси Холмат Ўрозбоев.
Фермерлар СИУ 2020 йил бошида тузилган бўлса-да, 2019 йилда фойдаланилган сув учун тўлов ундиришга ҳаракат қилаётганидан ҳам норози.
«Ғаллаорол туман» СИУ фермерларни савдо саноат палатаси орқали судга берган. Фермерларга судга чақирув қоғозлари етказилган.
Судда фермерлар манфаатини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Жиззах вилояти кенгаши юристи Ўктам Туробов ҳимоя қилмоқда. У вазият юзасидан шундай деди:
«Ғаллаорол туман» СИУ ва фермерлар ўртасида икки томонлама шартнома тузилган. Шартномага кўра, СИУ ирригация каналларидан то фермернинг даласигача сувни етказиб бериши керак. Фермерларнинг эътирози шундаки, СИУ томонидан ўша хизмат кўрсатилмаган, фермерларнинг ўзи каналларни тозалаб, сувни ўзлари ҳайдаб боришган. Суд муҳокамаси давом этмоқда», — дейди Ўктам Туробов.
Биз фермерларга тегишли далаларга бориб кўрдик, уларга борувчи сув йўллари билан танишдик. Дарҳақиқат, кенг каналнинг ярмидан кўп қисмини лойқа босган. Канал тозаланмаганига 5 йилча бўлган. Қолаверса, маҳалла аҳолиси каналнинг бетон қисмларини ўйиб, ўз томорқасига сув очиб олган.
Боғларга эса булоқлардан йиғилган сувлардан яхоб суви очилган.
Энг муҳими, фермерлар СИУнинг собиқ раҳбари Улуғбек Турсунқуловдан норози бўлишмоқда. Турсунқулов айни пайтда «Ўзагроинспекция»нинг Ғаллаорол туман бўлимида сув назорати инспектори лавозимида ишламоқда.
Фермерлар бир киши икки лавозимда ишлаб босим қилаётгани, бу манфаатлар тўқнашувини юзага келтираётганини айтишди.
Лекин Улуғбек Турсунқуловнинг маълум қилишича, у СИУдан 2020 йил 26 августида бўшатилган. Кейин унинг ўрнида Мансур Нарзуллаев ишлаган. 2021 йил 10 январдан бошлаб Шокир Мамажарабов СИУ ижрочи директори лавозимига тайинланган (ишдан бўшаш ва ишга тайинлаш тўғрисидаги барча буйруқлар намойиш этилди).
Улуғбек Турсунқулов чиндан ҳам фермерларни ўзи судга берганини айтиб ўтди. Буни у ишдан бўшагани ва эски ташкилотнинг қарзларини тўплаб, янги бошлиқларга топшириш зарурати билан изоҳлади.
Туман солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, шу пайтгача СИУ бирорта операция ўтказмаган, солиқлар тўламаган. Бироқ айрим фермерлар улардан нақд пул олингани, айримларга квитанция берилгани, айримларга эса берилмаганини ҳам айтиб ўтишган эди.
У.Турсунқулов чиндан ҳам 2020 йилда очилган ташкилотда 31 нафар ходим ишлашини, бироқ фермерлар пул тўламагани сабабли шу кунгача ходимларга ойлик маош берилмай келаётганини айтди.
Сув истеъмолчилари уюшмаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги «Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 982-сонли қарорига асосан ташкил этилган.
Ҳукумат қарорининг 7-бандига кўра СИУ томонидан барча сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар миқдори уюшмаларнинг умумий йиғилишида ҳар йили тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда шартномалар асосида амалга оширилади;
Бошоқли дон ва пахта етиштириш харажатларини молиялаштириш мақсадида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан уюшмаларга сув хўжалиги хизмати харажатлари учун ажратиладиган маблағ жами кредитларнинг мос равишда 1 ва 2 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши тавсия этилган ва айнан мана шу маблағлар сув истеъмолчилари томонидан уларга уюшмалар кўрсатадиган хизматлар учун тўланиши мажбурий ҳисобланиши белгиланган.
Аммо Ғаллаоролда ғалла ҳам, пахта ҳам етиштирилмайди. Кредитлар ажратилмайди, шу сабабли фермерлардан йилига 1 гектар учун 100 минг сўм маблағ ўтказиш белгиланган.
Ҳозир шартнома имзолаган ва имзоламаган фермерлар бор. Суд орқали шартнома имзолаган фермерлардан шартнома шартларини бажариш талаб этилмоқда. Аммо шартномага кўра, бажарилган ишлар далолатномаси тузилмаган, имзоланмаган. Фақатгина айрим фермерлардан солиштирма далолатномага қарздорлиги тўғрисида имзо ва муҳр қўйдириб олинган. Ана шу ҳужжат суд орқали пул ундириш учун асос бўлмоқда.
Вазият шундай: фермерларнинг сув истеъмоли учун пул тўлаши ҳукумат қарори билан мажбурий қилиб белгиланган. СИУ суммасини ўзи белгилаган маблағни фермерлардан ундира олмаяпти. Фермерлар тўламоқчи эмас. Чунки уларга ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаган. СИУ эса пул тўланса, маблағ йиғилса, бирор иш қилиб беришини айтмоқда. Ғаллаоролда ана шундай берк цикл вужудга келган.
Кўрамиз, кузатамиз, суд бунга қандай баҳо берар экан.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
21:48 / 28.10.2024