Спорт | 18:14 / 19.01.2022
32380
7 дақиқада ўқилади

Жиловланмаган Африка. Миллатлар кубогида кузатилган энг ғалати ва можароли 7 воқеа

Африка Миллатлар кубоги старт олганига 10 кун бўлди, аммо бу сафарги турнир шиддатли ўйинлар ва томошабоплиги билан эмас, кўпроқ можароли ва кулгили воқеалари билан ёдда қолмоқда. Дастлабки ҳафтанинг ўзида нималар кузатилмади дейсиз – коронавирус можароси, ғалати ҳакамлик, ташкилотчиларнинг кулгили хатолари ва ҳоказо. Tribuna.uz қора қитъада давом этаётган мусобақанинг гуруҳ босқичидаги энг ғаройиб воқеаларини саралади. 

Фото: Getty Images

Буркина-Фасо ташкилотчиларни мезбонларга ёрдам беришда айблади

Африка миллатлар кубогидаги илк можаро турнир стартидан аввал рўй берди. Буркина-Фасо миллий жамоаси бош мураббийи ва сардори Африка футбол конфедерациясини (CAF) мезбон Камерунга ёрдам беришда айблади. Гап шундаки, турнирнинг очилиш баҳси Камерун – Буркина-Фасо ўйинидан аввал ташкилотчилар меҳмон жамоа таркибидаги 5 футболчи ва 4 нафар ходимнинг коронавирусга топширган тести мусбат натижани берганини маълум қилиб, уларни карантинга олишга буюрди. Бу эса Буркина-Фасо миллий жамоаси вакилларининг норозилигига сабаб бўлди. Улар футболчилар ўзини яхши ҳис қилгани, аммо ташкилотчилар жамоани сунъий кучсизлантиришда айблашди. Устига-устак, CAF тиббий бўлим ходимларини тест олиш учун кечга яқин юборгани Буркина-Фасонинг муҳим ўйин олдидан машғулоти қолдирилишига сабаб бўлди. Бу билан ташкилотчиларнинг ўзи турнир регламентини бузишди – футболчилардан тест олиш энг кечи ўйиндан 48 соат аввал амалга оширилиши белгилаб қўйилганди.

Фото: Getty Images

Ўйиндан аввалги можаролар майдонга ҳам кўчди. Турнирнинг илк ўйинида Буркина-Фасо таркибдаги муаммоларга қарамай, ҳисобни очган бўлса-да, энди ҳакамлар ёрдамга ошиқишди – мезбонлар бўлим якунида бир эмас, иккита пенальти киритиб, Камерун ўз уйидаги турнирни «тантанали» очиб берди – 2:1. 

Роже Милла Шимолий Африка миллий жамоаларига Осиё ёки Европага кўчиб кетишни маслаҳат берди

Аслида 2021 йилнинг ёзида ўтиши режалаштирилган Африка миллатлар кубоги дастлаб Камерундаги ёзги ёмғирлар мавсуми сабабли қолдирилган бўлса, кейин коронавирус туфайли 2022 йилда ўтказилиши маълум қилинганди. Бундан норози бўлган Шимолий Африканинг Миср, Жазоир, Тунис ва Марокаш сингари мамлакат футбол ассоциациялари мезбонликни Камерундан тортиб олиш масаласини муҳокама қилдилар. Бу эса Камерун миллий жамоаси афсонавий собиқ футболчиси Роже Милланинг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Фото: Getty Images

«Бу мамлакатлар аввалдан ҳамма нарсани бузиб келган. Улар ҳар доим тартибсизликлар қилишади. Бу тўғри эмас. Агар улар ўзларини африкалик деб ҳисоблашмаса, марҳамат, Европа ёки Осиёда бориб ўйнашсин. Африкада талотўп қилишмасин! Уларнинг бошқа мамлакатлар ҳақида доим ёмон фикрлар билдиришини тушунмайман», - дея Роже Милланинг сўзларини келтирган Le Parisien нашри. 

Отишма сабабли машғулотлар бекор қилинди

Турнир стартидан аввал Африкадаги жангари гуруҳлардан бири турнир давомида теракт ва қўпорувчилик амалиётлари билан таҳдид қилган, Камерун ҳукумати эса турнир давомида хавфсизлик масалада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига кафолат берганди.

Аммо 12 январь куни стадион яқинидаги отишмалар сабабли Мали миллий жамоасининг машғулотлари икки марта ҳам бекор қилинди. Ўша куни ҳукумат қўшинлари ва Шарқий Камерундаги исёнчилар ўртасида отишмалар рўй берган. Буэа марказий бозоридаги хунрезлик оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 5 киши тан жароҳати олган. 

Ғалати ҳакамлик. Рефери ўйинни икки марта ҳам эрта якунлади

Мали миллий жамоаси Тунисга қарши ўйиндан аввал отишмалар сабабли машғулотларини тўхтатишга мажбур бўлган бўлса-да, ўйиндаги ғалати ҳакамлик учун ғалабасидан мосуво бўлиши мумкин эди. Учрашув бош ҳаками замбиялик Жанни Сиказве дастлаб 85-дақиқада ўйин якунлагани ҳақида ҳуштагини чалиб, кулгига сабаб бўлди. Унга хатосини тушунтиришгач, замбиялик рефери ўйинни қайтадан давом эттирди ва 89-дақиқанинг 42-сониясида яна ҳуштак чалиб, ўйинни тугатди. Бу эса 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраётган тунисликларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шу куни икки марта пенальти, четлатиш ва 8та ўзгариш кузатилган баҳсда камида яна 6-7-дақиқа қўшиб берилиши лозим эди. Стадионда учрашувдаги вақтни кўрсатадиган табло ҳам бўлмаган.

Тортишувлардан сўнг Африка футбол конфедерацияси ўйин якунидан 40 дақиқа ўтгач, учрашувни қайта давом эттиришга қарор қилган. Бунга Мали ҳам рози эди. Аммо Тунис жамоаси делегацияси ўйин ҳисобини бекор қилиш ва учрашувни қайтадан ўтказиш илинжида, жамоа футболчилари 35 дақиқа давомида музли ваннада бўлганини айтиб, майдонга қайтишни истамаган. Якунда ўйин натижаси қолдирилди.

Фото: Getty Images

«Шунча йиллардан буён мураббий сифатида ишлаб, бунақасини ҳеч қачон кўрмагандим. Захирадаги ҳакам ўйинга вақт қўшиб бермоқчи бўлаётганида бош ҳакам асосий вақт якунланмай туриб, ўйинни тугатиб қўя қолди. Ҳакамнинг қарорларини ҳеч қанақасига тушуниб бўлмайди», - деди ўйиндан кейин Тунис бош мураббийи Мондер Кобайер. 

Уч марта ҳам бошқа мамлакат мадҳияси янгради

Мавритания – Гамбия ўртасидаги учрашув зерикарли ўтган бўлса-да, ўйиндан аввалги воқеа интернет тармоқларида кулгига сабаб бўлди. Ўйиндан аввал турнир ташкилотчилари Мавритания мадҳиясини қўйишда уч марта ҳам хатога йўл қўйиб, стадионда бошқа мамлакат мадҳияси янгради.

Африка футбол конфедерацияси вакиллари хатоликдан кейин футболчиларнинг ўзидан мадҳияни жўр бўлиб айтишни сўрашди, улар эса рад этишди. Охир-оқибат Мавритания ўйинда мағлубиятга учради – 0:1. 

Айю – ҳимоячи, Маҳрез – таянч яримҳимоячиси ва 5-5-0 тактик схемаси

Африка миллатлар кубогининг расмий транслятори ўйинлардан аввал футболчиларни экранда жойлаштиришда қўпол хатоларга йўл қўймоқда. Бунгача Гана миллий жамоаси вингери Айю ҳимоя марказига қўйилган бўлса, Жазоир миллий жамоасининг ҳужумкор етакчиси Риёд Маҳрез таянч яримҳимоячиси сифатида белгиланганди. «Лестер» қанот ҳимоячиси Амарти ҳужумга қўйилган бўлса, Мисрнинг Нигерияга қарши учрашувида Салоҳ етакчилигидаги жамоанинг тактик схемасини 5-5-0 қилиб жойлаштиришди. Бу эса Европада кулгига сабаб бўлмоқда.

Габон – «тўполончилар жамоаси»

Габон миллий жамоаси Африка миллатлар кубогининг энг муаммоли ва тўполончилар жамоаси бўлиб турибди. Турнир стартигача миллий жамоа футболчилари саралаш босқичидаги бонуслар тўланмагани учун Габон футбол ассоциациясига иш ташлаш билан таҳдид қилган бўлишса, мусобақа бошлангач жамоа юлдузлари Марио Лемина ва Пьер-Эмерик Обамеянг «томоша кўрсатиб», миллий жамоадан қувилди.

Фото: Getty Images

Гап шундаки, ушбу ўйинчилар Европадан миллий жамоа ихтиёрига боришда Дубайдаги тунги барларда кўнгилхушлик қилишган. Габон миллий жамоаси сафига қўшилгач эса, кўп ўтмай уларда коронавирус аниқланди. Миллий жамоасининг биринчи ўйинини ўтказиб юборган габонлик юлдузлар, охир-оқибат танқидлар остида миллий жамоа ихтиёрини ҳам тарк этиб, Европага қайтишди. Габонлик мухлисларнинг танқидларидан кейин «Ницца» аъзоси Марио Лемина миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Габондан қувилган, «Арсенал»дан сардорлик боғичидан маҳрум этилган Обамеянг эса қишки трансфер ойнасида Лондон жамоасини ҳам тарк этса, ажаб эмас.

Мавзуга оид