Иқтисодиёт | 20:52 / 19.01.2022
19132
2 дақиқада ўқилади

РБК: экспертлар Украинага ҳарбий босқин рублнинг 20 фоизга қулашига олиб келишини прогноз қилмоқда

Фото: Олег Яковлев / РБК

Украинага ҳарбий ҳужум рўй бериши ва бунга жавобан Ғарб қатъий санкциялар қўллаши Россия валютасини 20 фоизга қадрсизлантириши мумкин. РБК нашрининг ёзишича, «Ренессанс Капитал» инвестиция компанияси таҳлилчилари шундай хулосага келишган.

Бу ҳолатда доллар курси кўтарилиб, бир доллар 85-90 рублга етиши мумкин. РБК билан суҳбатда «Ренессанс Капитал» иқтисодчиси Софья Донецнинг айтишича, Россия валютаси Украина атрофидаги кескинлик туфайли 5 фоизга қадрсизланиб улгурган.

«Ренессанс Капитал»дагиларнинг ҳисоблашича, бундай пессимистик сценарийда Россия регуляторлари фавқулодда чораларга қўл уриши, жумладан капитални назорат қилиш элементлари жорий этиши ва хорижий капиталнинг олиб чиқиб кетилишини секинлаштиришга қаратилган ҳаракатлар амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, таҳлилчилар Марказий банк молиявий барқарорликни таъминлаш учун валюта интервенцияларини амалга оширишга мажбур бўлишини истисно этмаган.

  • Москва биржасида айни вақтда 1 доллар 76,32 рублга тенг.
  • 18 январь куни Россия фонд бозорида пандемия бошидан буён қимматли қоғозлар нархининг энг катта қулаши кузатилди. Савдо якунига кўра, Мосбиржа индекси 6,5 фоизга, РТС индекси 7,29 фоизга пасайди. 19 январ куни биржа индекслари олдинги кундаги йўқотишларнинг катта қисмини қайтарди.
  • АҚШ ва Евроиттифоқ Украинага бостириб киришга жавобан Россияга нисбатан қатъий санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилган - Россиянинг йирик банкларига нисбатан санкциялар ва РФ президенти Владимир Путин ва юқори лавозимли амалдорларга нисбатан алоҳида чекловлар шулар жумласидан.
  • Россия Украинага бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этади, ушбу давлат чегарасида ҳарбий машғулотлар ўтказишини ички иши деб атайди.

Мавзуга оид