Иқтисодиёт | 23:25 / 20.01.2022
89518
5 дақиқада ўқилади

200 000 сўмлик банкнота, 1000 сўмлик танга ва бошқалар — пуллар ҳақида янгиликлар

Бир нафар ўзбекистонликка ўртача неча дона нақд пул тўғри келади? Сўм банкнотларини ишлаб чиқариш қанчага тушяпти? 1 000 000 сўмлик купюра ҳам пайдо бўлиши мумкинми? Kun.uz ушбу саволларга Марказий банк раисининг жавобларини келтириб ўтади.

Фото: Kun.uz

20 январ куни Марказий банк бошқаруви йиғилишида йиллик асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Йиғилиш юзасидан Марказий банкда матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МБ раиси Мамаризо Нурмуродов банкнотлар юзасидан саволларга жавоб берди.

200 000 сўмлик банкнота ҳам чиқарилади

Нурмуродов нақд пул структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантириш мақсад қилинганини таъкидлади. 2 йилдан кейин эса янги 200 минг сўмлик муомалага чиқарилишини айтди ва бунга қандай зарурат борлиги ҳақида тўхталди.

“Банкнотларнинг яхши ҳимояланган сериясини чиқаришни бошладик, ҳозир 100 мингтагача чиқардик. Нақд пул муомаласини ташкил қилишда маълум бир ўзининг қонуниятлари бор, бу қонуниятлар мамлакатда шаклланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, банкларнинг банкнот структураси белгиланади. Бу билан биз муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқдамиз.

2017 йилда илк бор 50 минг сўмлик банкнотни чиқарганимизда, муомаладаги нақд пул миқдори аҳоли жон бошига 489 донани ташкил қиларди. Яъни Ўзбекистондаги ҳар бир кишига қиймати турлича: 200, 500, 1000 сўм бўлган 489 дона пул бирлиги тўғри келган. Бугунги кунга қадар бу кўрсаткични икки баробардан кўпроққа қисқартирдик. Ҳозир аҳоли жон бошига тўғри келадиган пул бирлиги сони 200 донадан сал ошади.

Мақсадимиз – банкнотлар структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантириш. Шу сабабли бу ишимиз кейинчалик ҳам давом этади. 2024 йилда 200 минг сўмликни муомалага чиқаришни режа қиляпмиз”, – деди МБ раиси.

Шунингдек, у пуллар алмаштирилаётгани инфляцияни тезлаштирмаслигини айтди. Янги пулларни банкоматлар орқали бериш тез орада бошланишини таъкидлади.

1000 сўмлик пул нега янгиланмай қолди?

Фото: Kun.uz

Мамаризо Нурмуродов 2021 йилда Ўзбекистонда муомалада бўлган барча банкнотлар ичида фақат 1000 сўмлик янгиланмай қолганини изоҳлаб, келажакдаги режалар ҳақида гапирди.

“Мақсадимиз минг сўмлик пулни қайта қоғозли шаклда чиқариш эмас. Минг афсус, ҳаётимиздан танга пуллардан фойдаланиш чиқиб кетди. Олдин 1000 сўмликни чиқарганмиз, лекин ундан фойдаланиш даражамиз муомаладан чиқиб кетди, ниятимиз минг сўмликни танга пулга айлантириш. Чунки энг кўп қўлланадиган пул белгиларидан бири – 1000 сўмлик банкнота, 500 сўмлик танга ва 2000 сўмлик банкнота, шу сабабли буни ҳам танга шаклига ўтказсак, бу биринчидан, пул муомаласини ташкил қилишдаги харажатимизни камайтиради, иккинчи тарафдан, ишлатишга қулай шаклда бўлади”, – деди у.

Банкнотлар нархи қанча?

Матбуот анжуманидан кейин Марказий банк раиси Kun.uz мухбирининг янги банкнотларни ишлаб чиқаришда ҳар бир қоғоз пулни босиб чиқариш харажатлари қанча бўлгани ҳақидаги саволига жавоб берди.

“Олдинги банкнотларни ишлаб чиқариш харажатлари (ҳар бир қоғоз пул учун) 60-70 сўмга тушган бўлса, янги пулларни ишлаб чиқаришга 270 сўм маблағ сарфланди. Чунки янги пулларда замонавий ҳимоя элементлари қўлланилган, шу сабабли уларни ишлаб чиқариш харажатларини оширдик”, – деди пул бозори регуляторининг раҳбари.

Анжуман давомида журналистлардан бирининг 1 миллион сўмлик чиқарилиши мумкинми деган саволига Мамаризо Нурмуродов “Худо сақласин, бунгача бормаслигига умид қиламиз”, деган маънода жавоб берди.

2021 йилда энг кўп қайси банкнот муомалага чиқарилган?

Марказий банк 19 январ куни эълон қилган нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳда Муомаладаги нақд пулларнинг номинал қиймати бўйича таркиби тўғрисида маълумот берилган.

Расмий ахборотга кўра, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори:

  • 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 27,3 фоиздан 34,8 фоизга ошган;
  • 50 000 сўмликнинг улуши – 38,8 фоиздан 34,2 фоизга;
  • 10 000 сўмликнинг улуши – 15,7 фоиздан 14,5 фоизга;
  • 5 000 сўмлик – 16,1 фоиздан 12,7 фоизга;
  • 1 000 сўмлик – 2,1 фоиздан 1,4 фоизга камайган.

Янги муомалага киритилган 2 000 ва 20 000 сўмлик банкнотларнинг нақд пуллар ичидаги улуши мос равишда 0,3 фоиз 2,1 фоизни ташкил этган.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид