Ўзбекистон | 09:35 / 20.01.2022
1800
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ҳоким қарори бекор қилиниб, фермернинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи тикланди

Фото: Kun.uz

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ҳоким қарори бекор қилиниб, фермернинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи тикланган. Бу ҳақда Бизнес омбудсман вакили хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, “FARM” фермер хўжалиги Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес омбудсманга мурожаат қилган.

Мурожаатда айтилишича, тадбиркорга Ш.Рашидов туман ҳокимининг қарори билан жами 43,6 гектар ер майдони ажратилиб, фермер хўжалиги ташкил этилган. Кейинчалик туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига фаолияти учун қўшимча 20 сотих ер участкаси ажратилган. Бироқ туман прокуратурасининг ҳокимликка киритган протестига асосланиб, фермер хўжалигига 20 сотих қўшимча ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ҳокимлик томонидан тўғридан тўғри бекор қилинган.

Мазкур мурожаат Бизнес омбудсман девонида ўрганилганда прокурор протестини кўриб чиққан ҳолда фермер хўжалигига нисбатан қўшимча ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишда ҳокимлик томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмагани аниқланган.

Шунга кўра, Бизнес омбудсман томонидан Жиззах туманлараро маъмурий судига фермер манфаатида шикоят аризаси киритилган. Суд қарори билан Шароф Рашидов тумани ҳокимининг фермер хўжалигининг тегишли ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Мавзуга оид