Таълим муассасалари онлайн таълимга ўтказилиши кутилмоқда — манба
Мактаблар ва олий таълим муассасаларида ўқиш яна масофадан бўлади.
24 январдан Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида дарслар бир ой муддатга онлайн форматга ўтказилади. Бу ҳақда ҳукуматдаги манба Kun.uz'га хабар берди.
Манба хабарига кўра, 21 январь куни шу масалада ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиши кутилмоқда. Унинг якунларига кўра, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорлари эълон қилинади.
Катта эҳтимол билан бу Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани билан боғлиқ – сўнгги кунларда касаллик тарқалиши тезлашган, 19 январь куни 1300дан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган. 2020 йилда ҳам коронавирус пандемияси туфайли ўқиш онлайн форматда бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланганди. Таътил 2022 йилнинг 10 январигача давом этиши ва дарс жараёнлари 11 январдан бошланиши белгиланганди. Кейинроқ олий таълим муассасаларининг талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Бунга сабаб қилиб ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида 2022 йил 10–24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши кўрсатилганди.
Бироз аввалроқ Олий таълим вазирлиги Ўзбекистон олий таълим муассасаларида қишки таътилдан кейинги ўқиш онлайн шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарларни рад этганди ва бу борада фақат Республика махсус комиссияси қарор қилишини эслатганди.