Ўзбекистон | 19:34 / 22.01.2022
17139
4 дақиқада ўқилади

Асака туманида мактаб директорларидан ишсизларни ишга жойлаш талаб қилинди

Туман ҳокимлиги берган топшириқ асосида, мактаблар жойлашган маҳаллалардаги 5-6 нафардан ишсизларни иш билан таъминлаш мактаб директорлари зиммасига юкланган.

Андижон вилояти Асака туманидаги мактаб директоридан бири Kun.uz'га мурожаат қилиб, туман ҳокимлиги унга ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган вазифа юклаётганини маълум қилди.

У шахсини очиқламаслик шарти билан айтишича, туман ҳокимлиги мактаб директорларидан мактаб жойлашган маҳалладаги 5-6 нафардан ишсиз фуқарони иш билан таъминлашни талаб қиляпти.

Директорнинг айтишича, туман халқ таълими бўлимида ўтказилган мажлисда ишга жойлаштириладиган фуқаролар рўйхати тақдим этилган. Мазкур маълумотни Асака туманидаги яна иккита мактаб директори Kun.uz билан суҳбатда тасдиқлади.

Маълум бўлишича, рўйхатдаги фуқароларнинг аксариятининг ё мутахассислиги йўқ, ёки мутахассислиги таълим тизимига тўғри келмайди, шундай бўлса-да, мактаб директорлари уларни ишлаб чиқариш корхоналарига жойлаштириб, буйруқларини ХТБга олиб бориб бериши топширилган.

“Рўйхатдагиларнинг айримлари ишлашни ҳам хоҳлашмайди. Ёш ёки таълим соҳасига алоқаси бўлса эди, вакант жойимиз бўлса, олардик ишга. Лекин ундай эмас-да. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг вазифаси эмасми бу”, – дейди директорлардан бири.

Директорларга берилган рўйхатда 68 нафар фуқаро МФЙ ва мактаблар кесимида жойлаштирилган. Айрим мактабларга ишга жойлаштирилиши керак бўлган 5-6 нафаргача фуқаро тўғри келган. Жумладан, 3-, 7-, 13-, 53- ва 55-мактаблар ҳам шундай топшириқларни олган.

Туман ХТБ мудири Нодир Камолов Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур маълумотни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади; шу билан бирга, бу масалани ёритмасликни сўради. Худди шундай, туман ҳокими Мансурбек Алихонов ҳам мухбир билан телефон орқали суҳбатда бу мавзуни олиб чиқиш шарт эмаслигини айтди.

Ҳоким мурожаат кимдан бўлганига қизиқди. Директорлардан мурожаат тушгани айтилгач, ишсизларни бу йўл билан ишга жойлаштиришни нотўғри деб ҳисоблаб бўлмаслигини тушунтира бошлади.

“Нима, битта ташкилотнинг раҳбари бўлиб, битта ёшга, битта маҳалладошингга фойдаси тегса, ёмонми? Бир йилда нечта ёш битиради мактабни?” деди ҳоким.

Демак, топшириқ сиз томонингиздан берилганми, деган саволга Мансурбек Алихонов рад жавобини берди.

“Йўқ, биринчидан нотўғри, мен шунчаки тушунтирмоқчиман, бир йилда 3,5–3 минг атрофида ёшлар мактабни битиради. Шундан 500-800 таси олий таълимга киради, тўғрими? 2500 та ёш яна бекорчи дегани-да, тўғрими?

[...] Ўқитувчиларга унақа топшириқ берилмаган. Туманнинг бошқа ташкилотлари, сектор раҳбарлари, ўринбосарлар, ҳоким ёрдамчилари – шуларга топшириқ берилган. Ишга жойлаш уларнинг вазифаси”, – деди Алихонов.

Эслатиб ўтамиз, Мансурбек Алихонов 18 январ куни 2 млрд сўмга яқин маблағ сарфига доир фармойиш имзолаган, унда туман мактаблари ҳолатини яхшилашга ҳеч қандай маблағ ажратилмай, асосий эътибор ҳокимликка қарашли ташкилотлар биноларни таъмирлашга қаратилганди.

Декабр ойида ижтимоий тармоқларда Алихоновнинг аёл фуқаро билан менсимасдан гаплашгани видеоси тарқалган, бунинг ортидан ҳокимга эмас, бу жараённи интернетда онлайн узатган ҳокимлик ходимига чора кўрилганди.

Мавзуга оид