Ўзбекистон | 20:17 / 22.01.2022
31316
2 дақиқада ўқилади

Жамоат жойида ибодат либосида юрганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда

Ўзбекистонда янги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши бўйича белгиланган жазо олиб ташланмоқда.

Фото: Getty Images

“Ва ниҳоят яна бир мантиқсиз ва кўпчиликка ноқулайлик келтирган жазо йўқолаяпти”, – дея маълум қилди депутат Расул Кушербаев.

2021 йил июл ойида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинган эди. Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўймаслиги ҳақида эски қонунда белгиланган модда янги қонунга киритилмаган.

Шундай бўлса-да, бунинг учун жавобгарлик амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сақланиб қолмоқда. Унга кўра, жамоат жойида диний либосда юрганлар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

Бироқ, декабр ойида Адлия вазирлиги давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳасини муҳокамага қўйганида бу мавзу яна баҳсларга сабаб бўлганди.

“Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки белгиларни тақиб юриш тақиқланади”, дея ёзилган лойиҳада.

Мавзуга оид