Жамият | 11:26 / 23.01.2022
22869
3 дақиқада ўқилади

Чилангарликдан Чернобилгача. Ҳалокат ҳудудида бўлган ўзбекистонлик билан суҳбат

1986 йил 26 апрель куни Чернобилдаги атом электростанцияси портлаган эди. Фожиа кўплаб инсонларни майиб-мажруҳ қилди. Радиация таъсирида минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмди. АЭС фалокати натижасида 115 минг одам эвакуация қилинган. Фожиа асоратларини бартараф этишда 526 мингдан ортиқ киши қатнашган. Уларнинг барчаси кейинчалик радиация билан зарарланиш оқибатида ногирон бўлган. Фалокатдан энг кўп жабрланганлар ўт ўчирувчилар бўлган. Қутқарувчилар орасида кўплаб ўзбекистонликлар ҳам бор эди.

Фарғоналик Ғайбулло Мадатов ҳам фожиа асоратларини бартараф қилишда иштирок этган эди.

«Чимён механика заводида чилангар бўлиб ишлаганман. 1986 йилнинг сентябр ойида Чернобилга кетиб, ўша йил декабрида қайтиб келганмиз.

Бизни қаерга олиб кетишаётганини аввалдан айтишмаган. Чернобилга борасизлар деб гапирилмаган. У ерга партизан бўлиб кетганмиз. Чернобилда гарнизон ичида жойлашган мактабга жойлашганмиз. Капати деган жойда чилангарлик қилганмиз. Лом, чангак учун темир-терсаклар олиб келишарди. Шуларни тўғрилаб фалокат жойига етказиб берар эдик. Иш жараёнида радиация таъсирини яққол сезганимиз учун бизни у ердан вақтлироқ чиқариб юборишган.

Уйга қайтишимизга оз қолганида бизни фожиа жойига олиб боришган. Бизни портлаган блоклар ҳудудига олиб боришган. Чернобилда юрганимизда бола-чақани хаёлдан ўтказганмиз. Сафарга кетишимдан олдин 2 фарзандим туғилганди.

Фожиа жойида ишлаб кейинчалик ватанга қайтганимизда, ҳаётимиз қандай бўлишини тинмай хаёлдан ўтказар эдик. Радиациянинг организмга салбий таъсиридан қўрққанмиз.

Чернобилдан уйга қайтганимда озиб кетганман. Рангим докадек оқариб кетганди. Келганимдан кейин отам мени тўхтовсиз даволатган. Радиация таъсирида тишларим тўкилиб кетди. Онда-сонда бошим сабабсиз оғриб туради. Оёқларим оғриб қолади. Тиззам зирқираб оғрийди.

Одамларнинг мева-чевалари қуриб кетган. Одамлар домларда яшамай қўйган. Бўшатиб кетворган. Мевалари турган, лекин барглари тўкилиб кетган дарахтларни кўрганмиз. Арчалар сарғайиб кетган. Ишга бориб келадиган йўлимизда буларнинг барчасига гувоҳ бўлар эдик.

Ҳозирда 1 қиз, 4 ўғлим бор. 24 ёшимда кетгандим. Кетишдан аввал 2 фарзандим бор эди. Қайтгандан кейин 3 фарзанд кўрдим.

Саломатлигимни сақлаб қолишда отам қаттиқ курашди. Бунинг учун отамдан миннатдорман. Автобус ва поездларга имтиёз бор. Бир йилда бир марта Россияга бориб даволаниб келамиз», – дейди Ғайбулло Мадатов.

Чилангарнинг Чернобилга кетганини билган яқинлари аллақачон ундан умидини узишган эди. Ғайбулло Мадатов қайтиб келиб соғлиғини тиклаш йўлида тинимсиз ҳаракат қилди. 60 ёшни қаршилаган Ғайбулло ака ҳамон чилангарлик қилади...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид