Ўзбекистон | 22:47 / 24.01.2022
2963
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ҳавони ифлослантирган қўшма корхона фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди

Фото: Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Зарафшон шаҳрида карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқараётган «Carbide impex plyus» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг фаолияти экологияга салбий таъсири сабабли вақтинча тўхтатиб қўйилди. Қўшма корхона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг талабларини бажармаган.

Бошқарманинг Kun.uz’га маълум қилишича, қўшма корхона фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири 2020 йилнинг декабрь ойида текшириб кўрилган. Қўшма корхонага яқин ҳудудда ҳаводан намуналар олиниб, таҳлилдан ўтказилганида, атмосферага зарарли газ ташламалари чиқаётганлиги маълум бўлган. Аниқланган хато-камчиликлар тўғрисида далолатнома расмийлаштирилиб, унда бажарилиши шарт бўлган талаблар ва уларнинг ижро муддатлари белгилаб берилган. Шундан сўнг корхона ўзининг ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатган.

Аммо қўшма корхона белгиланган талабларни бажармасдан, 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойидан ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйган. Бу эса ҳудуд аҳолисининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

2022 йил 14 январь куни Зарафшон туманлараро иқтисодий судида мазкур иш кўриб чиқилди ҳамда суд қарори билан «Carbide impex plyus» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг фаолиятида аниқланган ҳолатлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб қўйилди. 

Мавзуга оид