Истанбулда кучли қор ёғиши сабабли аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликларга кўмак берилди
24 январ куни Истанбулда кучли қор ёғгани ортидан халқаро аэропорт ёпилиб, рейслар вақтинча тўхтатилгани оқибатида шу куни Ўзбекистонга парвоз қилиши керак бўлган йўловчилар Туркияда қолиб кетганди. Туркиядаги “Елкадош” жамияти томонидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ёрдамида ҳамюртларимизга ёрдам кўрсатилди.
Ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган ҳамюртларимизга “Елкадош” Туркиядаги ўзбекистонликларга ёрдам жамияти томонидан 200 та ош, салат, нон ва айрон тарқатилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси томонидан Истанбул аэропортида тунаб қолган ўзбекларга нон ва сомса тарқатилган.
“Туркиядаги ўзбеклар” Telegram-гуруҳида маълум қилинишича, тушлик вақтида тарқатилган сомса аэропортнинг нейтрал ҳудудида қолиб кетганларга етиб бормаган, шу сабабли Ўзбекистон ҳаво йўллари ёрдами билан кечки овқат вақтида нейтрал ҳудуддаги ўзбекистонликларга ҳам палов етказиб берилган. Каналда хайрия маблағлари ҳисобидан олиниб, ҳамюртларимизга етказиб берилган маҳсулотларнинг рўйхати ҳам келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 24 январ куни Истанбул вақти билан соат 21:40 га белгиланган Истанбул–Тошкент рейси кучли қор ёғгани сабабли бекор қилинган, бунинг оқибатида кўплаб ўзбекистонликлар аэропортда қолиб кетган. Йўловчилар Uzbekistan Airways етарли шароит яратиб бермаганидан шикоят қилишган. Kun.uz билан суҳбатда йўловчилардан бири 2 кундан бери аэропортда қолишаётгани, аввалига авиакомпания ходимлари ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмагани, одамлар кўпчилик бўлиб талаб қилгандан кейин овқат ва ичимлик билан таъминлашганини айтганди. Kun.uz'га тақдим этилган видеоёзувда йўловчилар ва авиакомпания вакили ўртасида баҳс боргани кўринади.
Бундан ташқари, 24 январь куни Тошкентдан Истанбулга парвоз қилган Uzbekistan Airways самолёти ҳам мураккаб об-ҳаво туфайли Анқарага қўнишга мажбур бўлган. Ушбу рейс йўловчилари ҳам турли қийинчиликларга дуч келишган.
Ҳодиса юзасидан изоҳ бераркан, Uzbekistan Airways АЖ матбуот хизмати вакили Камола Икромова 24 январ кунидан бошлаб ноқулай об-ҳаво сабабли Истанбул халқаро аэропортида форс-мажор ҳолати юзага келганини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
20:33 / 31.10.2024
Туркия Республикасининг 101 йиллигини нишонлаётган Истанбул – фоторепортаж
21:06 / 24.10.2024
Терактдан сўнг Туркиядаги ўзбекистонликлар ҳушёрликка чақирилди
18:42 / 10.09.2024
Фирибгарликда гумонланиб, қидирувда бўлган шахс Туркияда ушланди
11:22 / 06.09.2024