Ўзбекистон | 15:59 / 27.01.2022
59635
4 дақиқада ўқилади

«Жириновский Ўзбекистонга кириши тақиқланиши керак» — «Миллий тикланиш» ТИВдан Ўзбекистон санкциясидаги шахслар рўйхатини тузишни сўрамоқда

Партия вакилларига кўра, рўйхатга биринчи навбатда Россия Либерал-демократик партиясининг тутуриқсиз баёнотлари билан танилган раиси Владимир Жириновский киритилиши керак.

Алишер Қодиров ва Владимир Жириновский

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров Telegram’даги канали орқали Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновскийнинг бир муддат аввал Ўзбекистон ҳақида айтган фикрларига муносабат билдирди.

Аввалроқ россиялик депутат Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирган ва бу воқеалар барча постсовет мамлакатларида бирин-кетин содир бўлаётганини айтиб, рўйхатда Ўзбекистон номини ҳам санаганди. У шунингдек, Ўзбекистонга пойтахт Тошкент ерлари совға сифатида берилганини қайд этган.

Алишер Қодиров унинг фикрларига муносабат билдирар экан, Уинстон Черчиллнинг «акиллаган лайчалар» ибораси айнан Жириновскийга ўхшаганларга қарата айтилганини таъкидлади.

«Уинстон Черчилл «акиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади», деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак. Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим:

Биринчидан, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўйига зарар беради. Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади.

Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш ҳақида эмас, тарқалиб кетмаслик ҳақида кўпроқ бош қотиряпти. Шу сабабли Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман.

Учинчидан, сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллашмоқда. Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?» дейди Қодиров.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Марказий Осиёда яшаётган рус ватандошларнинг маҳаллий аҳоли билан муносабатлари бузилишига айнан шу каби калтабин баёнотлар сабаб бўлаётганини қайд этган.

«Менимча, биз ҳам мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак», дейди Алишер Қодиров.

Kun.uz мухбири Қодировнинг фикрлари борасида қўшимча маълумот олиш мақсадида партия раисининг Мафкуравий масалалар ва ОАВ билан ишлаш бўйича ўринбосари Миродил Абдураҳмонов билан боғланди. У ҳам партия раиси россиялик депутатга санкциялар жорий қилиш ҳақида гапирганда тўла ҳақ бўлган деган фикрда.

«Ўзингиз ўйланг, жуда кўп давлатларда мана шундай рўйхат бор ва унга давлатга нисбатан ҳурматсизлик қилган шахслар киритилади. Бу давлатнинг обрўйи билан ҳам боғлиқ. Лекин нега бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз шу пайтгача жим турибди?

Балки улар Жириновскийни норасмий шахс, дея жим туришгандир, лекин бу каби фикрлар ундан биринчи бор чиқмаяпти-ку.

Жириновский Ўзбекистонга кириши тақиқланиши керак. Умуман, Россия думасида бунга (Жириновскийга) ўхшаш яна 5-6 нафар депутат бор. Улар Ўзбекистонни доимий тарзда ҳақоратлаб келяпти. Нима учун бу ҳақда расмийларимиздан бирортаси гапирмаяпти?

Ана Қозоғистон, Украина ва Беларусда ҳам бир неча ана шундай политологлар бор. Ташқи ишлар вазирлигимиз бундайларнинг рўйхатини қилиб, уларга чеклов, санкция қўйиши керак», – деди партия раиси ўринбосари. 

Мавзуга оид