Навоийдаги иссиқхоначилар муаммосини Антимонополия қўмитаси ўрганмоқда
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, “Навоий ИЭС” АЖ ва “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ корхоналари томонидан рақобат ҳамда табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаган ҳолда белгиланган тарифларни юқори қўллаш ҳолати аниқланган. “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ вакиллари эса барчаси қонун доирасида эканини айтишмоқда.
Kun.uz Кармана туманида ҳоким ёрдамчисига тегишли бўлган “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ “Навоий ИЭС” ва унинг атрофидаги иссиқхона хўжаликлари ўртасига тушиб, иссиқлик энергиясига устама нарх қўйиб сотаётгани юзасидан суриштирув ўтказган эди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан иш қўзғаганини маълум қилди.
Муносабатда таъкидланишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси мутасаддилари томонидан суриштирувда кўтарилган масала атрофлича ўрганилмоқда.
“Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ 2018 йилнинг 24 сентябрида ташкил этилган бўлиб, “Навоий ИЭС” АЖнинг иссиқлик энергияси тармоқларидан ижара асосида фойдаланган ҳолда иссиқлик энергияси билан таъминлаш фаолиятини улгуржи истеъмолчи–қайта сотувчи сифатида фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, “Навоий ИЭС” АЖ ва “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ корхоналари томонидан рақобат ҳамда табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаган ҳолда белгиланган тарифларни юқори қўллаш ва бошқа ҳолатлар аниқланиб, монополияга оид қонунчилик ҳужжатларини бузганлик аломатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Ишни кўриб чиқиш давомида Монополияга оид қонунчилик ҳужжатларини бузганлик аломатлари ўз исботини топса, белгиланган тартибда қонуний чора кўрилади”, — дейилади Қўмита муносабатида.
“Иссиқлик таъминоти” МЧЖ вакиллари ҳам Kun.uz’га ҳолат юзасидан муносабат билдириб, МЧЖ иссиқхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганлигини, 2018 йилги мавсумдан бошлаб “Навоий ИЭС” АЖ атрофидаги иссиқхоналарга иссиқлик энергияси етказиб бериш билан шуғулланиб келаётганлигини маълум қилди. МЧЖ вакилларига кўра, уларнинг фаолияти белгиланган ҳуқуқий нормалар асосида йўлга қўйилган.
Корхона вакилларининг айтишича, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ ўз-ўзидан ташкил бўлиб қолмаган. 2017 йил октябр ойида “Навоий ИЭС” АЖ Кармана туманидаги иссиқхоналар раҳбарларига огоҳлантириш бериб, ишлаб чиқарилаётган иссиқлик энергияси фақат улгуржи воситачи-истеъмолчига қувур монтаж қилган ҳолда олиш ёки барча истеъмолчилар таъсисчилигида иссиқлик энергиясини иссиқхоналарга етказиб берадиган воситачи юридик шахс (МЧЖ, уюшма ва ҳ.к.) ташкил этиш орқали сотиб олиши мумкинлигини маълум қилган.
Шундан сўнг, ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлар (иссиқхона эгалари)нинг розилиги олиниб, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ ўртадаги воситачи бўлишига келишилган.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Мавзуга оид
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024