Иқтисодиёт | 16:09 / 01.02.2022
24506
3 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасида таклиф қолдиришга старт берилди

2022 йил учун “Очиқ бюджет”да қолдирилган таклифларни лойиҳалаштириш учун 1 трлн сўм маблағ ажратилади. Фуқаролар 1 февралдан 20 февралгача таклиф қолдириши мумкин.

Фото: Kun.uz

Молия вазирлиги бугун, 1 февралдан бошлаб фуқаролар “Очиқ бюджет” портали орқали таклифлар қолдириши мумкинлигини маълум қилди. Таклифлар 20 февралга қадар давом этади. 3 мартдан 22 мартгача қолдирилган таклифларга овоз бериш босқичи бўлиб ўтади.

“Очиқ бюджет” порталида барча ўзбекистонликлар ўз ҳудудидаги муаммолар юзасидан таклифларини қолдириши мумкин. 2022 йил учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига 1 трлн сўм маблағ ажратилган.

Аввалроқ, Молия вазирлиги департаменти бошлиғи Шерзод Муҳаммедов Kun.uz’га 2022 йил учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига ўтган йилга нисбатан 3-4 баробар кўпроқ маблағ сарфланишини маълум қилганди.

“2022 йилда ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 4 баробарга оширилди. Яъни жорий йилда 400 миллиарддан ортиқ маблағ йўналтирилган бўлса, келгусида туман, шаҳар тасдиқланадиган бюджетларининг 5 фоизи сарфланади. Ушбу маблағларнинг ўзи ҳам 1,5 трлн сўмдан ортиқроқ бўлади. Бундан ташқари, туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси учун йўналтирилади. Жорий йилда 1600 дан ортиқ таклифни молиялаштириш имкони яратилган бўлса, келгуси йилда 4-5 баробар кўпроқ таклифларни молиялаштириш имконияти яратилади”, - деганди вазирлик масъули.

2022 йилда лойиҳа икки бор ўтказилади. Иккинчиси 15 августдан 15 сентябргача ўтказилиши режа қилинган.

Лойиҳа ҳақида қисқача:

Молия вазирлиги июл ойида янгиланган “Очиқ бюджет” порталини (Openbudget.uz) ишга туширган, у ерда давлат бюджети, давлат қарзи ҳақида маълумот эълон қилинди ва унда “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилган.

Фуқаролар маҳалла, аҳоли пунктлари ва тумандаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳалари билан Openbudget.uz платформаси орқали мурожаат қилишади. Масалан, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари қуриш, экологик вазият ва сув таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатиш, мактабларни таъмирлаш, жиҳозлаш ва ҳоказо.

2021 йилда лойиҳа илк марта ўтказилди ва 1600 дан ортиқ лойиҳа молиялаштирилди. Фуқаролардан энг кўп ички йўлларни таъмирлашга оид таклифлар келиб тушган.

Мавзуга оид