Ўзбекистон | 10:58 / 03.02.2022
5767
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россия вакциналарини импорт қилиш бўйича топ-5 давлат қаторига кирди

Фото: Sputnik / Владислав Воднев

2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари якунларига кўра, Россия хорижга умумий қиймати 1,36 миллиард доллар бўлган 675 тоннага яқин вакцина етказиб берди. Бу ҳақда Россия Стратегик тадқиқотлар марказининг «Норесурс иқтисодиёт сектори» раҳбари Ксения Банникова Федерал божхона хизматига таяниб, «РИА Новости»га маълум қилди.

Таққослаш учун, 2020 йилда 70,9 миллион долларлик 175,1 тонна вакцина экспорт қилинган.

«Россия Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида хорижга вакциналар етказиб бериш 675 тоннани ташкил қилган, умумий қиймат - 1,36 миллиард АҚШ долларига яқин. Шу билан бирга, 2021 йил иккинчи ярмининг беш ойи (июль-ноябрь) давомида хорижга етказиб бериш ҳажми 2021 йилнинг биринчи ярмидагига нисбатан қарийб икки баравар кўпайди (қиймат кўрсаткичида 78 фоизга, ўсиш эса тахминан 2,1 бараварга)», деди Банникова. 

Унинг таъкидлашича, ўтган йили вакциналар асосан Осиё, Жанубий Америка ва Африка мамлакатларига етказиб берилган. 

«2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Россия вакциналари экспорт қилинган етакчи бешта давлат: БАА (15,4 фоиз), Аргентина (12,6 фоиз), Мексика (10,8 фоиз), Қозоғистон (10,4 фоиз) ва Ўзбекистон (7 фоиз). Шунингдек, Конго Демократик Республикасига (4,8 фоиз), Филиппинга (4,7 фоиз), Нигерияга (4,6 фоиз), Ҳиндистонга (3,2 фоиз) ва Никарагуага (3 фоиз) катта ҳажмдаги юк жўнатилди», — деди эксперт. 

Унинг сўзларига кўра, барча мамлакатларда аҳолини коронавирус пандемияси фонида эмлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли хорижда Россия вакциналарига талаб ўсишда давом этишини кутиш мумкин. 

Мавзуга оид