Ўзбекистон | 20:04 / 06.02.2022
30864
7 дақиқада ўқилади

“Ҳаммасини охирига етказамиз” – Вазирлик Ҳидоятовнинг 781 га ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилдирмоқчи

Даврон Ҳидоятов 2021 йил октябрида Нурафшон шаҳридаги 781 гектар ерни тадбиркорлик субъектига президент фармонига зид равишда аукционсиз ажратиб берган. Вилоят ҳокимлиги қарор қонунийлигини таъкидламоқда. Адлия вазирлиги қарорни бекор қилдирмоқчи.

Фото: Kun.uz

Адлия вазири: “Ҳаммасини охирига етказамиз”

Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенат 23-ялпи мажлисидаги ҳисоботида Тошкент вилояти ҳокимининг қарори билан масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 781 гектар ер аукцион ўтказмасдан, ноқонуний тарзда ажратиб берилганини маълум қилди.

Ҳаммаси аукционга ўтди. Оддий уй қуриш учун, қишлоқ хўжалиги учун ер бериш ҳам электрон аукционга ўтди.

Барибир тўғридан тўғри ер ажратишга ҳаракатлар бўляпти. Мана, Тошкент вилояти ҳокимлигининг қарори. Жуда катта тушунтирилди, мумкинмас дейилди. Ҳаммаси олиб қўйилди қўлидан, регистрация китоблари ҳам олиб қўйилди

 Мана, 7 октябрда 781 гектар ер майдони битта МЧЖга шундоқ бериб юбориляпти. Ҳар хил баҳоналар, биттасида бириктириб қўйиш дейди, вақтинча фойдаланиш, бериб туриш дейди

Лекин биз бирорта қонунчилик ҳужжатида (ҳокимликлар томонидан) ер беришга асос қолдирмаганмиз. Ҳеч қандай асос бўйича бериш мумкин эмас. Тақдимнома киритдик, (қарорни) бекор қилмади. Биз ҳозир шу қарор бўйича судлашяпмиз. Барибир ҳаммасини охирига етказамиз”, – деди адлия вазири.

Вазирнинг сўзларидан англаш мумкинки, адлия вазирлиги ташаббуси билан маъмурий судга вилоят ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ариза киритилган.

Вилоят ҳокимлиги изоҳи

Шундан сўнг, Тошкент вилоят ҳокимлиги мазкур қарор бўйича маълумот бериб, қарор қабул қилинишида давлат ва жамият манфаатлари кўзланганини билдирди.

Маълум қилинишича, гап Тошкент вилоят хокимлиги томонидан 2021 йил 7 октябрдаги 164-10-0-Q/21-сонли қарори ҳақида кетмоқда ҳамда қарорга кўра, МЧЖга Нурафшон шаҳри ҳудудидаги жами 781 гектар ер майдони шаҳарнинг тасдиқланган бош режасига асосан қурилиш ишлари бошлангунга қадар бошоқли дон экинларини экиш учун вақтинча бириктириб берилган.

Ушбу ер майдонлари вақтинча бириктирилишидан мақсад Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги «2035 йил давригача Нурафшон шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги 473-сон қарори билан Нурафшон шаҳрининг 2035 йил давригача бўлган бош режаси асосий қоидалари тасдиқланган бўлиб, унга кўра 3248,2 гектар ер майдони истиқболда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратилганлиги кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан ушбу ер майдонларидан қурилиш ишлари амалга оширилгунига қадар бўш турмаслиги ва аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалда бўлган Ер кодексига асосан қарори қабул қилинган”, – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Ҳокимликка кўра, ер майдони МЧЖга Ер кодексининг 49-моддасига асосан, қонуний асосда бириктирилган.

Шунингдек, ҳокимлик бунда ер “умри”ни бекор ўтказмаслик мақсад қилинганини қўшимча қилди.

Қарор санасига эътибор қилинса, (октябр ойи) у айни қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, кузги ғалла экиш мавсумига тўғри келганини кўриш мумкин. Яъни экиш мавсуми ўтиб кетса, йил якунига келиб, ер майдонлари экин экиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолиши, бу эса, ўз навбатида, юқорида таъкидланганидек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муаммолар туғилиши ҳисобга олинган ва ер мавсумий фойдаланиш учун бириктириб берилган.

Бир сўз билан айтганда, ўша вақтда ердан самарали фойдаланиш, деҳқонлар таъбирига кўра, ернинг “умри”ни бекор ўтказмаслик, қолаверса, Тошкент вилоятида Ҳукумат томонидан берилган топшириқларни тўлақонли бажариш, вилоят кўрсаткичларини Республика кўрсаткичлари даражасига етказиш учун мана шундай йўл тутилган ва юқоридаги қарор қабул қилинган”, – дейди ҳокимлик.

Ер кодексининг 49-моддасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига) ижарага, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига эса доимий эгалик қилиш учун ёки ижарага берилиши белгиланган.

Қонунчилик нима дейди?

Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкаларини бериш 3 хил кўринишда (мулк қилиб бериш, доимий фойдаланишга бериш, ижарага бериш) амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган бўлиб, ушбу моддада ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш усули билан ажратиш назарда тутилмаган. Тошкент вилоят ҳокимининг қарорида ерни МЧЖга ижара бериш ёки ижара шартномаси тузиш ҳақида сўз юритилмаган.

Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш ҳақидаги 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли президент фармонининг 4-бандига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш бўйича ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.

Фармонга биноан 2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланган.

Ер кимга бириктириб берилган?

Ўша вақтда Тошкент вилояти ҳокими бўлган Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил 7 октябрдаги қарорида Нурафшон шаҳри ҳудудидаги жами 781 гектар ер майдонини “Zernoff” МЧЖга шаҳарнинг тасдиқланган бош режасига асосан қурилиш ишлари бошлангунга қадар бошоқли дон экинларини экиш учун вақтинча бириктириб бериш назарда тутилган.

Очиқ маълумотларга кўра, “Zernoff” МЧЖ 2021 йил 23 февралда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида рўйхатдан ўтган бўлиб, 100 фоизлик таъсисчиси “DISCUS FLOUR” МЧЖ ҳисобланади.

“DISCUS FLOUR” МЧЖнинг 100 фоизлик таъсисчиси сифатида Аброр Маҳаматқобил ўғли Аҳмедов кўрсатилган.

2019 йил декабрида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод бўлган Аброр Аҳмедов сайловчиларни ўз томонига оғдириш учун уларга арзон нархда ёғ сотиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориб Сайлов кодексини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилганди.

Kun.uz таҳририятида “DISCUS FLOUR” МЧЖ таъсисчиси ва 2019 йилда депутатликка номзод бўлган Аброр Аҳмедов айни бир шахс экани бўйича маълумот мавжуд эмас.

Маълумот учун, ўша вақтда Тошкент вилоят ҳокими сифатида баҳсли қарорни қабул қилган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокимлигига 2020 йил январ ойида тайинланган. У 2021 йил ноябрида вилоят ҳокими лавозимидан олиниб, Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимига ўтказилганди. Тошкент вилояти ҳокими лавозимига эса Зоир Мирзаев тайинланганди.

2021 йил декабрида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимларининг тез-тез алмашишига изоҳ берганди.

Андижон вилоятида 30 йилда ҳокимлар сони кўп бўлмаган. Лекин Тошкент вилоятига мажозий маънода айтганда 30 та ҳоким келиб-кетди. Нега? Чунки ишни эплайдиган яхши кадрлар йўқ. Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман”, – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид