«Россия тан олинишини истамоқда» – Путиннинг фавқулодда фаоллашуви нима билан боғлиқ?
Жума куни Россия президенти Владимир Путин Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига борди. Россия етакчиси баҳонада Хитой раиси Си Жинпинг билан музокара ўтказди. Учрашув якунлари бўйича Россия ва Хитой етакчилари қўшма баёнот беришди. Унда «дунё аренасида озчиликни ташкил этадиган баъзи кучлар»га нисбатан кескин фикрлар бор.
Бу «кичик давлатлар» ҳақида очиқчасига айтилмаган, аммо Россия ва Хитой НАТОнинг кенгайишига қарши эканини билдирган. Путин учун ўтган ҳафта жуда фаол бўлди. У Европа, Осиё ва Лотин Америкасининг кўплаб етакчилари билан мулоқот ўтказди.
Бу Украина инқирози атрофидаги дипломатик фаолликми? Путин Россияни халқаро миқёсда яккалатиш имконсиз эканига ишора сифатида шундай қиляптими? ВВС бу борада ғарблик ва россиялик сиёсатшунослар фикри билан қизиқди.
«Россия билан ҳисоблашишларини исташмоқда»
Охирги ҳафтада Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан уч марта телефонда гаплашди. Уларда Россиянинг НАТОга талаблари муҳокама қилинган. Путин шунингдек, Италия бош вазири Марио Драги, Британия бош вазири Борис Жонсон билан гаплашди, Кремлда Аргентина президенти Альберто Фернандес ва Венгрия бош вазири Виктор Орбанни қабул қилди.
Германия канцлери Олаф Шолц ва Бразилия президенти Жаир Болсонару Москвага ташриф билан келишга тайёрланмоқда. Путин ва Эрдўған ўртасида ҳам учрашув ўтказилиши мумкин.
Британия қироллик мудофаа тадқиқотлари институти ходими Самюэл Раманининг фикрича, бу дипломатик фаоллик Россия қўшинларини Украина чегарасида тўплаш орқали ҳал қилишга интилаётган вазифа чиндан мавжуд эканини кўрсатмоқда.
«Россиянинг асосий мақсади Украинага бостириб кириш эмас. Улар шу орқали Ғарб Россияни тан олишини истамоқда. Бу уларга обрў келтиришига ишонишяпти», дейди у. Экспертнинг фикрича, Россия Украина бўйича талабларидан кейин дунёда дипломатик фаоллик кўзга ташланаётганидан мамнун.
Вашингтондаги стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг «Россия ва Евроосиё» дастури илмий ходими Жеффри Манкоффнинг фикрича, Ғарбга чақирув юбориш орқали Россия халқаро майдонда ўзини яккалатиб бўлмаслигини исботламоқчи: «Россиянинг асосий мақсади халқаро майдонда ўз мавқейини қайтариш. Қисқаси Россия билан ҳисоблашишларини исташмоқда».
Манкоффнинг фикрича, ҳозирги ҳаракатлари сабаб Россияни Европада яккалатиб қўйишлари мумкин, ҳатто доим Россия билан яхши муносабатда бўлишни истайдиган Германия ҳам.
Аммо Самюэл Рамани бошқача фикрда. Унинг айтишича, АҚШ, Британия ва Европадаги иттифоқчилари Россияга қарши чоралар борасида бир фикрга кела олмаётганининг ўзи Кремлнинг ютуғи ҳисобланади. У Германия Россияга қарши чораларда энергетикага қарши санкцияларни истисно қилишни сўраганини мисол қилиб келтирган.
«Германия Россия билан ҳар қандай соҳада тортишиши мумкин: RT телеканали-ю дезинформациядан тортиб Украина масаласигача. Аммо АЭСларини ёпаётгани Германиянинг борган сари Россия газига боғлиқлигини оширади», дейди Рамани. Унинг фикрича, Европа Россия ўрнига бошқа газ етказиб берувчи қидираётганига қарамай, яқин келажакда эҳтиёжини қондира оладиган муқобил давлат топа олмайди.
Ўтган ҳафта Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Россия томонидан газ келиши тўхтаса, АҚШ, Қатар ва Озарбойжонга мурожаат қилишини айтди. АҚШ Қатарни НАТОга аъзо бўлмаган асосий ҳамкори деб эълон қилгани ҳам шу билан боғлиқ.
Аммо Қатар ҳукумати ҳозирдан Россия бераётган миқдорда газ етказиб бера олмаслигини маълум қилган. Биринчидан, газ қазиб олиш ҳажми камайган. Иккинчидан, Қатар бошқа давлатлар билан шартнома қилган ва «Европани қутқариш учун» амалдаги шартномаларни бекор қилмоқчи эмас.
Озарбойжон ҳам бу борада ёрдам беришга тайёрлигини, аммо Россия каби кўп газ қазиб олмаслигини билдирган. Экспертларнинг фикрича, Озарбойжон яқин бир неча йил давомида Европага газ етказиб бера олмайди.
Раманининг фикрича, Россия Украина чегарасида қўшинларини сақлаб туравериши мумкин, чунки SWIFT'дан узиш каби Ғарб таҳдид қилаётган санкциялар Россия фақат Украинага кирган тақдирдагина жорий этилади.
«Россия дипломатик яккаланаётгани йўқ»
Россиялик экспертларнинг ҳаммаси ҳам Путиннинг дипломатик фаоллиги билан Украина атрофидаги ҳолат ўртасида боғлиқлик кўрмаяпти. Москвадаги Карнеги тадқиқот маркази эксперти Александр Кабуевнинг айтишича, ўтган йили пандемия сабаб кўплаб учрашувлар қолдирилган ва шу сабаб Путин кетма-кет мулоқотлар ўтказмоқда.
«Бу учрашувлар вазият кескинлашгани учун ёки «кўриб қўйинг, менинг дўстларим кўп», дейиш учун ўтказилгани йўқ», дея қўшимча қилди эксперт.
«Си Жинпинг билан учрашув ўтган йил ташкиллаштирилганига қарамай, барибир видеосаммит кўринишида ўтказилди. Катта эҳтимол билан пандемия вақтида учрашишни хоҳламаган Хитой раисининг хоҳиши билан. Путин-ку Ҳиндистонда Моди билан, Женевада Байден билан учрашиб келди, аммо Хитой етакчиси мамлакатдан чиққани йўқ», дейди Габуев.
Кабуевга кўра, Вашингтон хоҳлаётганидек Россияни дипломатик жиҳатдан яккалатишнинг имкони йўқ ва 2014-15 йилларда ҳам буни уддалай олишмаган. Айниқса Европа ва Америкадан ташқарида Россияни яккалатиш имконсиз.
«Россия билан зиддият АҚШ ва НАТОнинг иттифоқчилари – Финландия, Швеция, Австралия, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар учун аҳамиятли бўлиши мумкин, лекин АҚШга иттифоқчи бўлмаган Ҳиндистон каби давлатлар учун Россияни шарманда қилиш ишларида қатнашиш қизиқ эмас», дейди эксперт.
Россиялик эксперт дипломатик яккалашнинг имкони бўлмаса-да, иқтисодий жиҳатдан бунинг имкони бор деб ўйлайди. Унинг фикрича, иқтисодий санкциялар Россия иқтисодиётига таъсир кўрсатади, мамлакатда бизнес юритиш, инвестиция киритиш қийин бўлиб қолади. «Иқтисодий санкцияларнинг таъсири сезиларди бўлади, чунки Россия билан савдо алоқалари ўрнатиш қийин бўлиб қолади. Ахир бутун дунёдаги аксар савдолар долларда ва АҚШ молия тизими орқали амалга оширилади», дейди эксперт.
Москва давлат халқаро алоқалар институти халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Андрей Баклицкийнинг фикрича, Путиннинг Ғарб олами вакиллари ва дунёнинг бошқа етакчилари билан мулоқотларини аралаштирмаслик керак: Ғарб етакчилари билан мулоқотлар сони чиндан ошган ва бу Украина атрофидаги воқеалар билан боғлиқ.
«Ғарб Россия ҳарбий ҳаракат бошлашидан хавотирда ва дипломатия орқали бунга ишонтиришга уринмоқда. Бундай фаоллик чиндан ошди ва кўзга ташланмоқда», дейди Баклицкий.
Экспертнинг фикрича, дунёнинг қолган мамлакатлари билан муносабатлар олдинги каби давом этаверади.
«Ғарбдан бошқа томонга қарар экансиз на Яқин Шарқ, на Африка, на Лотин Америкаси ва на жануби-шарқий Осиёда Россиянинг яккаланганини кўрасиз. Уларнинг Россия билан ҳеч қандай муаммоси йўқ, Украина атрофидаги вазиятни эса шунчаки кузатишади. Бу давлатларнинг аксари Россия – Украина можаросини ўз муаммоси деб қабул қилмайди. Улар Россия билан савдо, хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишда, қурол-яроғ сотиб олишда давом этаверади», дейди эксперт.
Мавзуга оид
22:35 / 11.11.2024
«Трамп билан ҳам, Ғарб етакчилари билан ҳам мулоқот режаланмаяпти» — Песков
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
12:57 / 11.11.2024
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55 / 11.11.2024