Жаҳон | 11:52 / 06.02.2022
18176
7 дақиқада ўқилади

Спорт сиёсатга айланганда ёхуд бойкот қилинган олимпия ўйинлари ҳақида

Халқлар ўртасида тинчлик ва мулоқотни кучайтириш мақсадида қайта ташкил этилган олимпия ўйинларидан бир неча марта геосиёсий таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Олимпиада ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик халқаро спорт мусобақасидир. Дастлаб тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида қайта ташкил этилган спорт мусобақаси ўзининг 126 йиллик тарихи давомида геосиёсий таъсир ўтказиш воситаси вазифасини ҳам ўтаган. Бунинг натижасида бекор қилиш, тақиқлаш ва бойкот эълон қилиш каби ҳолатлар ҳам тарихда кўп учраган.

Жорий йилнинг 4 февралидан 20 февралига қадар бўлиб ўтадиган Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларига ҳам АҚШ, Буюк Британия, Канада, Ҳиндистон, Австралия, Литва, Косово, Бельгия, Дания ва Эстония каби давлатлар дипломатик бойкот эълон қилишди. Бу мамлакатлар ўз спортчиларини жўнатишса-да, мамлакат расмийлари тадбирларда қатнашишмади.

Бунга сабаб сифатида Шинжон ва Тибетда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, шунингдек, Тайванга уюштирилаётган ҳарбий босимлар келтириб ўтилган. Аммо бу замонавий Олимпия ўйинлари тарихидаги биринчи ҳолат эмас.

Қуйида бир қанча давлатлар томонидан бойкот қилинган Олимпия ўйинлари ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

1956 йил, мезбон шаҳар: Мелбурн, Австралия

Бойкот қилган давлатлар: Хитой, Миср, Ироқ, Ливан, Нидерландия, Испания ва Швейцария

Австралия ўз тарихида биринчи марта қабул қилган Олимпия ўйинлари бир қанча мамлакатлар томонидан сиёсий сабабларга кўра бойкот қилинган. Очилиш маросимига бир ойдан камроқ вақт қолганда СССР Венгриядаги коммунистик режимга қарши норозилик ҳаракатларини бостириш мақсадида мамлакатга қўшин киритади. Бунга қарши норозилик сифатида Нидерландия, Испания ва Швейцария Мельбурндаги спорт тадбирида иштирок этишдан бош тортади.

Шу билан бирга, Хитой ҳам мусобақада иштирок этмаслигини маълум қилади ва ХХР 1980 йилги қишки ўйинларгача бирорта Олимпия ўйинларида иштирок этмайди. Бунинг сабаби сифатида Хитой ҳукумати ажралиб чиққан вилоят деб ҳисоблайдиган Тайванга алоҳида давлат сифатида иштирок этишга рухсат берилгани келтириб ўтилади.

Британия-Исроил-Франция босқинидан кейин Сувайш каналида юзага келган инқироз туфайли Миср, Ироқ ва Ливан ҳам 1956 йилги мусобақани бойкот қилган.

1964 йил, мезбон шаҳар: Токио, Япония

Бойкот қилган давлатлар: Хитой, Шимолий Корея ва Индонезия

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) 1963 йилда Жакартада Янги пайдо бўлган кучлар номи билан ўтказилган кўп миллатли ҳаваскорлар мусобақасида қатнашган спортчиларни дисквалификация қилишини эълон қилади. Бунга жавобан Осиё қитъасида ўтказилган биринчи Олимпия ўйинлари Хитой, Шимолий Корея ва Индонезия томонидан бойкот қилинади. Сабаб сифатида Жакартадаги мусобақада ушбу давлатлардан энг кўп ва энг яхши спортчилар қатнашганлиги келтирилган.

Шунингдек, Бу Олимпия ўйинлари Жанубий Африканинг апартеид тартиби туфайли қатнашиши тақиқланган биринчи мусобақаси эди. Бу тақиқ 1992 йилгача давом этади.

1976 йил, мезбон шаҳар: Монреал, Канада

Бойкот қилувчи давлатлар: 30 дан ортиқ Африка мамлакатлари, Хитой, Тайван ва Ироқ

Йил бошида регби бўйича Янги Зеландия миллий терма жамоаси апартеид тартиби сабаб Жанубий Африкага қарши жорий қилинган халқаро спорт эмбаргосини бузиб, ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Аммо Халқаро Олимпия Қўмитаси ўрнатилган қоидаларни бузганига қарамай, Янги Зеландия Олимпия ўйинларида қатнашишига рухсат беради. Бу эса бир қанча Африка давлатлари мусобақада иштирок этмаслиги билан тугайди. Танзания бошчилигидаги бойкотда 400дан ортиқ спортчи қатнашади.

Тайван эса Хитой Республикаси сифатида қатнашишга рухсат беришмагани сабабли ўйинларга бормайди.

1980 йил, мезбон шаҳар: Москва, Россия

Бойкот қилган мамлакатлар: АҚШ бошчилигидаги 65 та давлат

1979 йил 27 декабрда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киришидан норози бўлган 60 дан ортиқ давлат Москвада ўтказиладиган ўйинларда қатнашишдан бош тортади.

АҚШ президенти Жимми Картер бошчилигидаги бойкотга Канада, Исроил, Япония, Хитой ва Ғарбий Германия, шунингдек аксарият мусулмон давлатлар қўшилишади. Қизиқ жиҳати, ушбу мусобақада бир қанча афғонистонлик спортчилар иштирок этишган.

Баъзи мамлакатлар ўз спортчиларига Олимпия байроғи остида индивидуал равишда мусобақаларда қатнашишни тақиқламаган. Аммо ўзбошимчалик билан Москвадаги Олимпия ўйинларида иштирок этган америкалик спортчиларнинг барчаси фуқароликдан маҳрум этилади.

Бойкот сабаб Москвадаги Олимпиадада атиги 80та давлат қатнашади ва бу 1956 йилдан кейин ўтказилган мусобақалардаги энг кам кўрсаткичдир.

Жимми Картер бокс юлдузи Муҳаммад Алини бойкотни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатларни жалб қилиш мақсадида Африка бўйлаб кампания ўтказишга жалб қилади. Аммо бу кескин танқидларга учраган.

Қўшма Штатлар ва бошқа кўплаб давлатларнинг мусобақадан чиқиб кетиши оқибатида СССР 195 медални қўлга киритади. Бу Олимпия рекорди ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

1984 йил, мезбон шаҳар: Лос-Анжелес, АҚШ

Бойкот қилган давлатлар: СССР бошчилигидаги 14та давлат

Тўрт йил аввал АҚШ бошчилигидаги Москва ўйинларининг бойкот қилинганига жавоб сифатида советлар иттифоқи бошчилигидаги 14та давлат, жумладан, Шарқий Германия Лос-Анжелесда ўтказилган Олимпиадада иштирок этмайди. Шарқий блокнинг аксарият давлатлари бу қарорни Америка тупроғидаги жисмоний ҳужумлар ва норозиликлардан хавотирлари билан изоҳлаган.

Бойкотга қарамай, 1984 йилги мусобақада 140та давлат иштирок этади, бу Олимпия рекордидир. Совет спортчилари мусобақадан чиқиб кетганидан сўнг, АҚШ жамоаси 83та олтин медални қўлга киритади.

1988 йил, мезбон шаҳар: Сеул, Жанубий Корея

Бойкот қилган давлатлар: Куба, Эфиопия, Никарагуа ва Шимолий Корея

Ўйинларни Жанубий Корея билан биргаликда ўтказишга рухсат берилмаганидан ғазабланган Шимолий Корея 1988 йилда қўшни Сеулда бўлиб ўтган тадбирга боришдан бош тортади.

Куба президенти Фидел Кастро эса NBC телеканалига берган интервьюсида шундай дейди: «Сеулда Олимпиада ўйинларини ўтказиш Қўшма Штатлар томонидан босиб олинган Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасида бу тадбирни ташкил қилиш билан баробардир».

Аҳоли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбурлангани ҳақидаги шов-шувлар Сеул ўйинлари номига «доғ туширади» ва эътирозларга сабаб бўлади.

Маълумот учун, 1916, 1940 ва 1944 йиллардаги Олимпия ўйинлари Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари сабаб ўтказилмаган.

Мавзуга оид