Ўзбекистон | 19:15 / 07.02.2022
14291
4 дақиқада ўқилади

Русланбек Давлетов ҳайдовчилик имтиҳонлари хусусий секторга ўтказилаётганига муносабат билдирди

“Бозор – очиқ. Ким шу бозорда имконият кўраётган бўлса, мана, пул тиксин, ишласин. Ҳеч ким халақит қилиб, тўсиқ қўяётгани йўқ. Талаблар ҳамма учун бир хил”, деди адлия вазири.

Фото: Kun.uz

Адлия вазири Русланбек Давлетов 7 феврал кунги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан, ҳайдовчилик имтиҳонларини олиш ҳуқуқи хусусий секторга берилаётганига муносабат билдирди.

“Вазирлар Маҳкамаси қарорида монополия йўқ. Қарорда соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлар учун талаблар белгиланган. [...] Ҳозир давлат ўз функцияларини хусусий секторга топширяпти. Давлат хизматлари соҳасида ҳам, ёки масалан автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ҳам шундай бўлди.

Биринчидан, биласиз, бизда ҳайдовчилик бўйича аҳвол жуда ёмон. Фақат буни ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш [тизимини ўнглаш] билан ҳал қилиб бўлмайди. Бир ёқламали ёндашув бўлмайди. Охирги икки йилда йўлларда 3 минг кишининг ўлгани – жуда катта фожиа. Унинг сабаблари кўп. Шулардан бири – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш осонлиги, у ердаги коррупция, инсон омилининг кўплиги.

Энди давлат нима қиляпти? Давлат айтяптики, биз янги тизим қиламиз, мана бундай талаблар бўлади, инсон омилисиз автоматик равишда ҳайдовчига баҳо берадиган тизим бўлиши керак. Давлат ўша талабларни белгилаб қўйди.

Қарорда айтиляптики, қайсидир ҳудудда шу талабларга жавоб берадиган хусусий сектордаги тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади. Мана, Тошкент шаҳрида очилибди, натижада бу ерда [ЙҲХнинг имтиҳон олиш бўлимлари] тугатилди. Лекин вилоятларда ҳозирча ундай эмас, у ерларда ҳам очилса, давлатнинг [ҳайдовчиликка номзодлардан] имтиҳон олиши тўхтатилади.

Янги тизимдаги энг асосий ва қийин талаблардан бири – амалий имтиҳонни автоматлаштириш. Автоматлаштириш қийин эмас, у ерда синов майдони камида 10 минг квадрат метр бўлиши керак, деган талаб бор, ана шу талаб Тошкент шаҳрида қийин бўлиши мумкин.

Бу масала президент даражасига кўтарилганидан кейин янги тизимлар кириб келди. Тошкентдаги имтиҳон маркази, тадбиркор сифатида шу соҳага кириб келди, инвестиция киритиб шу ишни қиляпти.

[...] Бозор – очиқ. Ким шу бозорда имконият кўраётган бўлса, мана, пул тиксин, ишласин. Ҳеч ким халақит қилиб, тўсиқ қўяётгани йўқ. Талаблар ҳамма учун бир хил. Бозорга бирдан учтаси кириб келиши шарт эмас-ку. Бир йилдан кейин иккинчиси, икки йилдан кейин учинчиси кириб келар балки.

Мен ҳуқуқий томондан баҳо бераман. Масалан, кимдир уддабуронлик қилган бўлса, кимдир шу соҳани олдиндан тушунган бўлса, кимдир лоббизм қилган бўлса... Кечирасизлар-ку, лоббизм ҳам ўзидан ўзи йўқ бўлиб кетмайди, биз Адлия вазирлиги “Лоббизм тўғрисида”ги қонунни илгари суряпмиз, лобби қилиш қандай бўлади, буни аниқ қилиб тартибга солайлик деяпмиз”, – деди Русланбек Давлетов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабр ойида давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишга оид президент қарори қабул қилинган эди. Қарорга асосан, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб тегишли лицензияга эга тадбиркорларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Шу асосда, 2021 йил май ойида ҳукумат қарори қабул қилиниб, ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонини ўтказиш объектларига қўйиладиган талаблар тасдиқланди.

Мазкур қарорнинг 2-бандига биноан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга тадбиркорлик субъектлари хизмат кўрсатаётган ҳудудларда ДЙҲХХнинг бу йўналишдаги фаолияти тадбиркорлик субъектларининг тегишли лицензияси амал қилиш санасидан эътиборан тўхтатилади.

2022 йил 3 февралдан Ўзбекистондаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган ҳайдовчилик имтиҳони комплекси – “Тошкент имтиҳон маркази” фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан 4 февралдан бошлаб ҳукумат қарорига асосан пойтахт ИИББ ЙҲХБнинг имтиҳон олиш бўлимлари ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлар қабул қилишни тўхтатди.

Мавзуга оид