Ўзбекистон | 17:29 / 08.02.2022
29278
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ХТБ раҳбарлари 57 млрд бюджет пулларини талон-торож қилгани айтилмоқда

Шаҳар халқ таълими бўлими собиқ раҳбари Сунбула Эралиева катта миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, прокуратура томонидан ўтказилган текширувлар давомида шаҳар халқ таълими бўлимидан 57 миллиард сўм атрофида камомад чиққани аниқланган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Собиқ мудир Сунбула Эралиевага эҳтиёт чораси сифатида қамоқ чораси қўллангани айтилмоқда. Манбага кўра, терговга тортилаётган шахслар сони 40 нафарга яқин. Улар орасида Сунбула Эралиевадан кейин унинг ўрнига тайинланган Нуриддин Назаров ҳам борлиги, унга ҳам қамоқ эҳтиёт чораси қўллангани маълум қилинди.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлади ва тергов тафсилотлари кейинроқ очиқланишини маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги тизимидаги ташкилотлардан бирида ишловчи Kun.uz манбасининг айтишича, вилоятга Сирожиддин Эшқувватов прокурор этиб тайинланганидан сўнг бюджет ташкилотларида коррупция ҳолатларига оид кўплаб тергов ишлари олиб борилмоқда.

  • Маълумот учун, Андижон шаҳар халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 41-мактаб директори ўқитувчини маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари вазифасига тайинлаш учун 500 АҚШ доллари ва 2 млн сўмни пора сифатида олаётганда ушланганди.
  • Аввалроқ, Асака туманидаги 4-мактаб директори “У.М.”ни мактабнинг қозонхонасига кўмир ёқувчи вазифасига ишга қабул қилиш учун ундан пора талаб қилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид