Спорт | 13:50 / 09.02.2022
19311
3 дақиқада ўқилади

Россия яна допинг можароси марказида – фигурали учишдаги олтин медалдан маҳрум қилиниши мумкин

Фигурали учиш бўйича жамоавий мусобақада ғалаба қозонган Россия олимпия жамоаси допинг можароси туфайли олтин медалдан маҳрум қилиниши мумкин. 

Фото: Championat.com

7 февраль куни Пекин-2022 қишки олимпиадасида фигурали учиш бўйича спорт жуфтликлари ўртасида жамоавий мусобақа якунланди. Унда Россия миллий жамоаси 74 балл тўплаб, катта устунлик билан ғалаба қозонди. Иккинчи ўрин 65 балл тўплаган АҚШ олимпиячиларига, учинчи ўрин 63 балл тўплаган Япония спортчиларига насиб қилди.

Россия миллий жамоаси таркибида Камила Валиева, Марк Кондратюк, Анастасия Мишина / Александр Галлямов ва Виктория Синицина / Никита Кацалапов олимпиада чемпиони бўлишди.

7 февраль (душанба) куни мусобақа иштирокчиларини тақдирлаш, уларга медалларни топшириш тантанали маросими ўтказилиши лозим эди. Бироқ, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) тадбирга 2 соат қолганида дастлаб уни сешанбага, кейинчалик эса номаълум муддатга қолдирди.

9 февраль куни спорт янгиликларига ихтисослашган, обрўли Inside the Games нашри «Тезкор» белгиси билан «Россия допинг сири марказида» номли мақолани эълон қилди. Унда россиялик спортчиларни тақдирлаш маросимининг кечиктирилиши «Олимпиададан олдин топширилган допинг-тест билан боғлиқ бўлиши мумкин»лиги ёзилган.  

Ҳозирча, қайсидир спортчининг допинг-тест намунаси мусбат чиққани ҳақида расмий хабар берилмади, аммо қандайдир муаммо барибир бор. Буни спортчиларнинг тақдирлаш маросими кечиктирилаётгани билан боғлаш мумкин. Агар россиялик спортчиларнинг допинг-тести мусбат натижа берса, улар дисквалификация қилиниши, медаллардан маҳрум этилиши мумкин.

ХОҚ коммуникациялар бўйича директори Марк Адамс хабарига кўра, тақдирлаш маросими Олимпиада охирига қадар ўтказилиши лозим. Бироқ, унда россиялик спортчилар ҳам иштирок этишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Фото: Championat.com

Ҳозирги вақтда ХОҚ ва Халқаро чанғичилар иттифоқи (ISU) ўртасида юридик консультациялар давом этмоқда.

Америкалик журналист Кристин Бреннан хабарига кўра, жамоавий турнирда иштирок этган россиялик спортчилардан Камила Валиева, Марк Кондратюк, Анастасия Мишина ва Александр Галлямов 9 февраль куни машғулотларга чиқишмаган. Аммо буни допинг можароси билан боғлиқлиги ҳақида далил йўқ.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда допинг билан боғлиқ кўплаб можаролар туфайли Россия олимпия қўмитаси (РОҚ) ХОҚ томонидан жазоланиб, катта мусобақаларда, жумладан Пекин-2022 олимпиадасида мамлакат номи, байроғи ва мадҳияси билан иштирок этишдан маҳрум қилинган эди. Мусобақаларда спортчиларга фақат РОҚ аббревиатураси остида қатнашиш ва унинг байроғидан фойдаланишга рухсат берилган. Уларнинг шарафига давлат мадҳияси эмас, композитор Чайковский мусиқаси янграмоқда.

Мавзуга оид