Курт Зума тўп ўрнига мушугини тепди. Клуби уни жаримага тортди, мухлислар ва ҳомийлар воз кечмоқда
Лондоннинг «Вест Ҳэм» клуби ҳимоячиси Курт Зума ўз клуби томонидан бундай ҳолатлар учун белгиланган максимал жаримага тортилди - у икки ҳафталик маошига тенг бўлган 250 минг фунтидан айрилди. Мухлислар майдонда унга ҳуштакбозлик қилишди.
Англия Премьер-лигаси жорий мавсумида можаролар тинмаяпти. «Манчестер Сити» ҳимоячиси Бенжамен Менди сўнгги ойларда бир неча марта номусга тегиш жинояти билан айбланган бўлса, «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Мейсон Гринвуд жинсий зўравонликда гумонланиб, футболдаги фаолиятини хавф остига қўйди. Янги можаро эса жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган «Вест Ҳэм» ҳимоячиси Курт Зума билан боғлиқ. Ўтган йил «Челси» сафида ЕЧЛ ғолибига айланган Зума ҳозирда дунёнинг энг ёвуз футболчиси сифатида гавдаланмоқда.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
Икки кун аввал интернетда видео тарқалди. Унда Курт Зума ва унинг укаси Йоан уйда мушукка шафқатсизларча муносабатда бўлгани тасвирланган. Футболчининг укаси беозор жониворга нисбатан калакали ҳаракатларни видеога тушириб, Snapchat’га жойлаган. Видеода Зуманинг мушукни қўлига олиб, тўпга зарба бергандек тепгани ва ака-укаларнинг жониворни азоблашдан завқланганини кўриш мумкин.
The Sun маълумотига кўра, Зуманинг бу ҳаракатига бенгал мушуги вазани синдириб қўйгани сабаб бўлган.
Бу ҳолат дунё бўйлаб миллионлаб кишилар, жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва таниқли шахсларнинг ғазабига сабаб бўлди.
«Вест Ҳэм» шошилинч баёнот берди, Зума барчадан кечирим сўради
Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, «Вест Ҳэм» шошилинч баёнот берди. Клуб ўз муносабатида Зуманинг қилмишларини қоралаб, футболчи билан аллақачон алоҳида суҳбат ўтказилгани ҳақида маълум қилди.
«Биз жониворларга нисбатан зўравонликни ҳеч қачон оқламаймиз», - дейилади клуб баёнотида.
Курт ҳам ўзининг аҳмоқона ҳаракатларини дарҳол тушуниб етди ва барчадан кечирим сўради: «Қилмишимни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, жуда ҳам пушаймонман».
Курт мушуклар билан ҳаммаси жойида экани, бутун оиласи уларни яхши кўриши ва беозор жониворларга нисбатан бундай хунук ҳолат илк марта бўлгани ва бошқа такрорланмаслигини ваъда қилди.
Жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ғазабда
«Вест Ҳэм» футболчисининг ҳаракатлари жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликнинг олдини олиш бўйича Қироллик жамияти (RSPCA) ҳам видеога муносабат билдирди.
«Жуда ҳам қайғули видео. Жониворларни тепиш, калтаклаш, жазолаш ёки бошқа сабаб билан таҳқирлашга асло йўл қўйилмайди. Ташкилот бу воқеани ўрганиб, керак бўлса футболчининг ҳайвонларга нисбатан шафқатсизларча муносабати бўйича иш очишни сўраб мурожаат қилади», - дейилади хабарда.
Зума 250 минг фунт жаримага тортилди
Курт Зума ҳозирча жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлса-да, молиявий жиҳатдан катта зарар кўришни бошлади. Футболчига нисбатан омма босими ортгач, «Вест Ҳэм» клуби 27 ёшли футболчисини ярим ойлик маоши – 250 минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортди. Ушбу маблағ жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши маълум қилинган.
Футболчини қандай жазо кутмоқда?
Жарима билан ҳаммаси тинчигани йўқ. Футболчининг хатти-ҳаракатини қонун доирасида кўриб чиқиб, уни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича петецияга 200 мингга яқин имзо йиғилди.
Буюк Британияда жониворларга нисбатан шафқатсизлик учун 5 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. Бироқ, Лондон клуби ҳимоячиси жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиши ҳам мумкин. Sky Sports ва BBC хабарига кўра, Лондон полицияси ҳозирча бу борада иш очмаслик қарорига келган.
Англия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси, ҳозирда телебошловчи сифатида фаолият олиб бораётган Гари Линекер Курт Зума воқеадан икки кун ўтиб, «Уотфорд»га қарши ўйинда майдонга туширилганини ҳазм қила олмаслигини айтиб, «Вест Ҳэм» бош мураббийи Давид Мойеснинг бу қарорини қоралади. Шотландиялик мураббий эса жониворларни жуда яхши кўришини таъкидлаб, «Вест Ҳэм»га ғалаба жуда зарур эканини рўкач қилиб, Зумани таркибдан четлатиш қароридан воз кечганини билдирган.
Ўйинда лондонликлар 1:0 ҳисобида устун келишди, аммо икки жамоа мухлислари ҳам Зумага ҳуштакбозлик қилишди.
Ҳомийлар клубдан юз ўгирмоқда, Adidas футболчи билан шартномани бекор қилди
«Вест Ҳэм» ҳомийларидан бири Vitality компанияси ҳам жамоа раҳбариятининг футболчини таркибдан четлатмаслик бўйича қароридан қаттиқ ранжигани, шу боис ҳомийликни тўхтатиб, клубнинг ушбу воқеа бўйича кейинги қадамларини кузатишини билдирган.
Ҳомийлардан яна бири Experience Kissimmee компанияси ҳам сешанба оқшомида ўтган «Вест Ҳэм» - «Уотфорд» (1:0) ўйинида Зуманинг майдонга туширилгани сабабли клуб билан ҳомийлик ва ҳамкорлик масаласини қайтадан кўриб чиқиши ҳақида баёнот берди.
Маошининг бир қисми қирқилганидан ташқари, Зума реклама даромадларидан ҳам маҳрум бўлмоқда: чоршанба куни Adidas компанияси франциялик футболчи билан амалдаги келишувни бекор қилганини расман эълон қилди.
Шунингдек, Зума энди шерлар ва мушуксимонлар оиласига мансуб бўлган бошқа йиртқич жониворлар муҳофазаси билан шуғулланувчи Seed хайрия ташкилотининг расмий элчиси эмас.