Марҳамат туманидаги узрбозлик йиғилиши бўйича материаллар Бош прокуратурага оширилди
Kun.uz сайтида Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилингани юзасидан қатор мақолалар эълон қилинган эди.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш натижалари қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.
Қайд этилишича, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги ўқитувчиларнинг ота-оналар олдида узр сўрагани юзасидан халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида мактаб ўқитувчилари 300 дан ортиқ ота-оналар олдида қадр-қиммати обрўсизлантирилиб, камситилиб, йиғлаб кечирим сўрашга мажбурланиб, уларнинг қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқлари поймол этилиб, ишчанлик қобилиятига зарар етказилгани юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланган.
“Туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирдаги воқеалар ҳамда бир қатор масъулларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш учун тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилди”, – дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, мазкур масала юзасидан қўшимча ахборот берилиши таъкидланган.
Марҳаматда нима бўлганди?
Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.
Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.
Рўй берган воқеа ортидан Андижондаги масъул шахслар бирин-кетин муносабат билдириб, педагоглардан узр сўрашди.
Мавзуга оид
19:45 / 15.02.2024
Шавкат Мирзиёев Марҳамат туманига борди
20:07 / 11.02.2024
Андижонда ёнғин содир бўлган уйнинг том қисми янгидан қуриб берилади
19:00 / 08.02.2024
Андижонда Мексика орқали АҚШга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
15:43 / 31.10.2023