Ўзбекистон | 10:53 / 12.02.2022
16815
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимликнинг шанба куни соат 7 даги йиғилиши Меҳнат инспекцияси «разведкаси» сабаб бекор бўлди

Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан меҳнат қонунчилигига зид равишда шанба тонгига йиғилиш чақирилди.

Тошкент вилояти ҳокимининг тайинланганига беш кун бўлган биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов вилоятдаги бошқармалар, ташкилотлар ва туман ҳокимларини 12 феврал куни соат 7:00 га йиғилишга чақирган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулла Одинаев 12 феврал куни эрталаб Тошкент вилояти ҳокимлигига борган. Инспекция ходимлари соат 07:10 лар атрофида ҳокимият биносига кириб борганда, мажлис ўтказилаётганини аниқлаган. Бироқ, йиғилганлар вазирлик вакилларини кўриши билан мажлисдан чиқиб кетишган.

Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.

Ҳурматли юртдошлар, меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар юзасидан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилинг. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади” – дейилади вазирлик баёнотида.

Маълумот учун, МЖтКнинг 49-моддаси биринчи қисмига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат қонунчилигини бузиш БҲМнинг 10 баравари (2 млн 700 минг сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Аввалроқ, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов 6 феврал, якшанба куни бир неча туманда йиғилиш ўтказганди. Ушбу ҳолат бўйича ҳам Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказиб, йиғилишга жалб этилганларга икки ҳисса ҳақ тўлаш ёки уларнинг истагига қараб бошқа дам олиш куни бериш тўғрисидаги қарорга келинганди.

Мавзуга оид