Жамият | 16:21 / 13.02.2022
12727
3 дақиқада ўқилади

«Миллат келажагига бефарқ бўлмаган инсонлар ҳурматини жойига қўйиш ҳаммамизнинг масъулиятимиз» — Ҳасан Мамасаидов устозлар ҳақида

MFaktor лойиҳаси муаллифи Ҳасан Мамасаидов Марҳамат туманида ҳокимлик вакиллари томонидан ўқитувчиларнинг ота-оналар қаршисида изза қилингани билан боғлиқ воқеага муносабатини билдирди.

«Куни кеча устозлар мавзуси кўплаб юртдошларимиз томонидан баҳсларга сабаб бўлди. Ҳақиқатан ҳам ҳолат ўзгармайди, муносабат ўзгаради. Кўпчилик ўз муносабатини билдирди.

Устознинг "қадримга йиғлайман" деган ҳолатлари гувоҳи бўлиб қоламиз. Фидойи инсон, олган бўлса пулини меҳнатига олгану, лекин ўн баравар кўп бераман, келинг, устозлик қилинг дейилса, баъзида ўнтамиздан тўққизтамиз бормаймиз - улар ишлаётган шароитга.

Ўзимизнинг икки-уч фарзандимизга баъзида икки соат ажратиб, меҳр беролмай қоламиз. Юзлаб, минглаб инсонларнинг фарзандларига меҳр берган устозлар... Сиз-у биз эплолмаган фарзанднинг ўн-йигирма-ўттизтасини кунлаб, йиллаб эплашга ҳаракат қиляпти.

Ўзининг асосий вазифасидан ташқари қанча ижтимоий масалаларга овора бўлиб келган устозлар. Хат-ҳужжатларга, ҳашарларга, худога шукр, бугунги кунда ортда қолди, пахтага, металлоломга, бошқага. Яна кўплаб ҳолатларнинг гувоҳи бўлардик, бориб бетонкаларни супурган ўқитувчиларни, ҳамшираларни эшитардик», дейди у.

У барчани ўқитувчиларнинг дилини оғритмасликка чақирган.

«Бу хатони ҳаммамиз қиламиз одатда. Баъзида эътибор бера олмаймиз устозларга, ҳурматини жойига қўймаймиз, қадрига етмаймиз. Фарзандимизга шунча меҳр бериб, бир марта танбеҳ берса, "фарзандимнинг дилини оғритдинг-а" деб қоламиз. 

Билиб-билмай, хато қилиб, устозларнинг дилини оғритиб қўямиз. "Қадримга йиғлайман" деган фикр ўтади устозларда.

Азиз юртдошлар, дўстлар, миллатнинг келажагига бефарқ бўлмаган энг масъул инсонларнинг ҳам ҳурматини, ҳам иззатини, ҳам қадрини жойига қўйиш ҳаммамизнинг масъулиятимиз», дейди у.

8 февраль куни Kun.uz сайтида Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар мактабларда ўқувчиларнинг ўзлаштириши қониқарсиз экани туфайли ота-оналардан узр сўрагани айтилган хабар эълон қилингач, ҳолат кенг жамоатчилик вакиллари орасида муҳокамага сабаб бўлди. Хусусан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак»лиги ҳақида ёзди.

Кейинроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириб, «хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминланишини»ни таъкидлади. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва Марҳамат тумани ҳокими ўқитувчилардан узр сўради.

ХТВ ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларига қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилганини маълум қилган.

Мавзуга оид