Ўзбекистон | 22:10 / 16.02.2022
38207
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда педагогика институти ходими 100 минг доллар пора билан қўлга тушди

Институтнинг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи деканни ишда олиб қолиш учун катта пул сўради.

Фото: KUN.UZ

Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи тезкор тадбирда қўлга олинди. У 2021 йил октябрь ойида факультетлардан бирининг фаолиятини текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар факультет деканига салбий таъсир қилмаслиги ва у лавозимда қолишини таъминлаш эвазига 100 минг доллар талаб қилган.

ДХХ ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари бўлим бошлиғи сўралган пулни воситачи орқали олган вақтида ушлашган.

Аввалроқ, Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлса-да, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ доллари сўраб, ундан 50 000 долларни олаётганда ушланганди.

Шунингдек, Муборак тумани ИИБ бошлиғи Хўжаназар Баҳриев Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарига шерикликда гумонланиб қўлга олинганди.

Бундан ташқари, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 минг долларидан 40 минг долларни олган вақтида ушланган.

Мавзуга оид