“Навоий кўчасида трамвай бўлмайди” — Тошкент расмийлари билан мулоқот
Навоий шоҳкўчасида бошланган кенг кўламли реконструкция тугагач, йўлнинг энг четки ўнг бўлаги фақат жамоат транспорти учун ажратилади. Йўл ёқасида автомобил қўйиш жойи бўлмайди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги лойиҳа жамоатчилик билан бемаслаҳат бошлаб юборилгани хато бўлганини тан олмади.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги Алишер Навоий шоҳкўчаси реконструкцияси бўйича журналистлар билан учрашув ташкил қилди. Унда шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Реконструкция лойиҳаси аввалдан эълон қилинмади, нега?
Куни кеча шаҳар ҳокимлиги пойтахт марказидаги шоҳкўчани таъмирлашни дабдурустдан бошлаб юборган, бу ҳақда аввалдан ҳеч қандай маълумот берилмаган эди. Матбуот анжуманида ҳам ҳокимлик вакиллари бу хато бўлганини тан олгани йўқ.
Бахтиёр Раҳмонов лойиҳа жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмаганига изоҳ бераркан, агар шундай қилинса, муҳокама бир неча ойлаб чўзилиб кетган бўларди, дея жавоб берди.
Жамоат транспорти учун алоҳида бўлак бўладими?
15 феврал куни ҳокимлик эълон қилган видеода фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган алоҳида ҳаракатланиш бўлаги йўқ эди. Бугунги мулоқотда бу техник хато бўлгани айтилди.
Маълум қилинишича, Навоий кўчаси бўйлаб ҳар икки томондан йўлнинг энг четки ўнг бўлаги фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган бўлади.
Реконструкцияда йўлнинг габаритлари кенгайтирилмаслиги айтилди. Йўл четида автомобиллар тўхтаб туриши учун жой қолдирилмайди.
Шунингдек, Навоий ва Пахтакор кўчалари кесишмаси ҳозиргидек Т шаклидаги чорраҳа бўлиб қоладиган бўлди. Лойиҳада Мустақиллик майдони тарафдан келиб Пахтакор кўчасига бурилишни ёпиш, нарироқда қайрилиб олиш учун жой қилиш кўзда тутилганди.
Трамвай-чи?
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини эълон қилганди. Навоий кўчаси лойиҳасида эса трамвай инобатга олинмаган. Трамвай линиялари ҳали аниқ бўлмай туриб, реконструкция бошлаш қанчалик тўғри?
Бахтиёр Раҳмонов бу саволга жавобни қисқа қилди: “Навоий кўчасида трамвай бўлмайди”. Журналистларда аниқлаштирувчи савол бериш имкони бўлмади. Фақатгина шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи, “Тошшаҳартрансхизмат” раҳбари Анвар Жўраев трамвай бўйича алоҳида дастур қабул қилинишини айтди холос.
“Бу – пилот лойиҳа”
Масъулларнинг айтишича, Алишер Навоий шоҳкўчасини реконструкция қилиш пилот лойиҳа бўлиб, лойиҳалаштиришни турк компанияси ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган, бунга давлат маблағи сарфланмаган.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, турк компанияси таклиф этилаётган лойиҳадаги ёндашув ва ечимлар маъқулланса, шаҳарнинг бошқа кўчаларига ҳам татбиқ этилади. Бошқа кўчаларни лойиҳалаштириш эса танлов асосида ўтказилиши айтилди.
Пудратчи – ҳомийлик асосида...
Бахтиёр Раҳмонов реконструкцияни амалга ошириш билан Grand Road Tashkent компанияси шуғулланаётганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу ишларга бюджетдан пул сарфланмайди, пудратчи йўлни ўз маблағлари ҳисобидан, ҳомийлик асосида реконструкция қилади.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Grand Road Tashkent ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадорлиги, бу компания Тошкентдаги бир қатор йўл қурилишларида пудратчи бўлгани ҳақида ёзган эди. Бахтиёр Раҳмонов компания шаҳардаги бундан олдинги таъмирлаш ишларини тендерда ютиб олганини билдирди.
Шаҳар маркази йўллари нега қайта-қайта таъмирланаверади?
Алишер Навоий кўчасининг асфальт қопламаси таъмирдан олдинги ҳолати ҳам қониқарли эди. Ваҳоланки, шаҳар марказидан нарироқдаги туманларда таъмирталаб кўчалар талайгина. Ҳоким ўринбосари бу ҳақдаги саволга жавобан, ўтган 2021 йил давомида пойтахтда 200 кмга яқин велойўлаклар, тротуарлар, саломатлик йўлаклари ва воркаутлар қурилгани, ички кўчалар асфальт қилинганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Раҳмонов Навоий кўчаси такроран таъмирланаётганини бу кўчадаги тирбандликларни камайтириш ва ўтказувчанлик қобилиятини оширишга зарурат борлиги билан изоҳлади.
Реконструкция лойиҳасида жиддий ўзгариш бўлмайди
Учрашувда Бахтиёр Раҳмонов мавзуга қизиқиш билдирган ва уни ёритаётган жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳ тузиб, муаммоларни жойига чиққан ҳолда таҳлил қилишни таклиф этди.
Умуман олганда, мулоқот давомида расмийлар лойиҳа халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқилгани, унда пиёдаларнинг хавфсизлиги ўйланганини айтишди. Сўзга чиққан туркиялик мутахассис ҳам аввалги лойиҳаларда йўл қўйилган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилишганини билдирди.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024