Ўзбекистон | 19:46 / 16.02.2022
15920
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш ва тендерлар ҳақида жамоатчиликка маълумот берилмаслиги бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигидан изоҳ сўралди

Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга кўра, ҳокимлик ҳар қандай ишни фақат кенгаш қарори билан бошлайди.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг Алишер Навоий кўчасидаги таъмирлаш ишлари бўйича интернетда шов-шув кўтарилиши ортидан бугун, 16 феврал куни пойтахт ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбир давомида журналистлар томонидан Тошкентдаги қурилиш-реконструкция лойиҳалари, унга ажратилган маблағлар бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслиги, тендерлар эса ими-жимида ўтказиб юборилиши юзасидан тушунтириш сўралди.

Савол бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов изоҳ берди.

Унга кўра, ҳокимликда барча масалага фақат депутатлик кенгашининг қарори билан қўл урилади.

«Молия тарафдан ҳам, янги йўналишлар бўйича ҳам. Агар кимдир бунга қизиқса, кенгашга қўшилсин.

Мен яна такрорлайман, мақсадимиз, шаҳримизни бугунги талабларга мос ҳолда реконструкция қилиш, қулайликлар яратиш. Бу мақсад йўлида сизлар ҳам ишлаяпсизлар, биз ҳам. Келинглар, биргаликда ишлайлик.

Агар бугун мақсадимиз бир-биримизни ёмонлаш, танқид билан қийнаб қўйиш бўлса, мақсадга етолмаймиз.

Орангизда инженерлар ва шу соҳада мутахассислар кўп. Келинг, журналист ва блогерлардан иборат гуруҳ ташкил қилайлик. Бу гуруҳ шаҳар бўйлаб юради ва йўллар таъмири бўйича таклиф беради. Иш шу таклифлардан келиб чиқиб қилинади.

Сизлар лойиҳа берсангиз, шу лойиҳа билан бир чорраҳани биргаликда қилайлик. Агар у жамоатчиликка маъқул бўлса, биз шу йўлдан юрамиз», – деди у.

Мавзуга оид