Ўзбекистон | 13:26 / 17.02.2022
4060
2 дақиқада ўқилади

Навоийда “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди

Учқудуқ туманида ташкил этилган “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи 1,2 млн гектар, Томди туманида ташкил этилган “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси эса 40 минг гектар майдонни эгаллаган. Бу ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган 30дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвонлар учрайди.

Давлат Экология қўмитасига кўра, ушбу табиат боғи ва давлат қўриқхонаси президентнинг 2022 йил 16 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил қилинган. Натижада, мамлакат ҳудудига нисбатан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони улуши 11,2 фоизга етган. 

Таъкидланишича, миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси фаолияти йўлга қўйилиши натижасида Қизилқум чўлининг марказий қисмидаги табиий мажмуа ва объектлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 30дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвонлар, 10дан ортиқ ўсимлик турлари муҳофаза остига олинади. Натижада яқин ўн йиллик даврда ҳудудда ҳайвонларнинг бош сони камида 15 фоизга ортиши, ўсимлик популяцияларининг тарқалиш ареаллари 20 фоизга кенгайишига эришилади.

Шунингдек, ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши минтақадаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидлар, яъни чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олди олинишига шароит яратади.

Мавзуга оид