Янги юлдуздан – Кофирқалъагача. Ўзбек олимларнинг сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим 10 кашфиёт ва ихтиролари
Фан-техника тараққий этиб бормоқда. Шиддат билан ривожланаётган электротехника, биотехнология, физика ва коинот илмида инсоният томонидан биргина янги асрнинг ўзида юқори муваффақиятларга эришилди.
Албатта, бу борада ўзбекистонлик олимларнинг ҳам эътироф этишга арзирли кашфиёт (топилма) ва ихтиролари бор.
Kun.uz мухбири Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги институтлар олимлари томонидан яқин 10 йилликда қилинган энг муҳим 10 та ана шундай кашфиёт ва ихтироларни санади.
1. Янги юлдуз
2017 йил 25 май куни ўзбекистонлик астрономлар Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Майданак обсерваториясида янги юлдузнинг чақнашини қайд этишган.
Чақнаш Етти қароқчи юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спирал галактикада рўй берган. Бунинг натижасида янги пайдо бўлган юлдузга SN 2017ein номи берилган.
Фанлар академияси томонидан ўша вақтда эълон қилинган хабарга кўра, янги юлдуз бизга нисбатан яқин, «атиги» 50 миллион ёруғлик йил масофада жойлашган.
«Юлдуз ёрқинлиги ўзгаришининг дастлабки таҳлиллари бу ноёб ҳодиса эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун Майданакда бажарилаётган кузатувлар ниҳоятда муҳим ҳисобланади ва катта илмий аҳамият касб этади», – дейилган хабарда.
Маълумот учун, Астрономия соҳасидаги замонавий тасаввурларга кўра, юлдузлар ҳам тирик мавжудотлар каби туғилади, миллиард йил ривожланади (умр кўради) ва ниҳоят сўнади. Айрим юлдузларнинг эволюцияси ўта ҳалокатли, катта портлаш билан тугайди. Бундай пайтларда юлдузнинг қаърида қизиб ётган модда атрофга сочилиб кетади ва кечагина хира бўлиб ёки умуман Ердан туриб кўринмайдиган юлдузча ўрнида ёрқин янги юлдуз пайдо бўлади.
Бундай жараёнларни кузатиш олимларга юлдузларни тузилиши ва эволюцияси қонунларини тушуниш каби фундаментал масалаларга ойдинлик киритиш имконини беради.
2. Кремний диоксиди нанозаррачалари асосида чангдан ҳимояловчи ўта шаффоф қатламлар олиш технологияси
2017 йилда ўзбек олимлари томонидан илк бор кремний диоксиди нанозаррачалари асосида чангдан ҳимояловчи ўта шаффоф қатламлар олиш технологияси яратилди.
Қатламлар олишда ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида яратилган ва АҚШ, Япония, Корея, Тайван, Европа иттифоқи мамлакатларида патентланган моносилан технологиясини амалга оширишдаги ёндош маҳсулотлардан фойдаланилган. Ушбу қатламлар нафақат ўта гидрофоблик (сув юқтирмаслик) хусусиятини, балки кенг оптик диапазонда ўта шаффофликни ҳам намоён этди. Ушбу хусусиятлар бу қатламлар ёрдамида қуёш панеллари сиртини чангдан ҳимоялашда жуда қўл келади.
3. Импорт ўрнини босувчи мобил озонаторлар
2016 йилда Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи мобил озонаторлар яратилди. Улар эса сабзават омборлари ва иссиқхоналарни дезинфекция қилиш, зараркунандаларга (сичқон ва ун қуртларига) қарши курашишда юқори самарадорлик кўрсатди.
Озон генератори – хоналарни дезинфекциялаш, бактериялардан зарарсизлантириш ҳамда уруғларга экиш олди ишлов бериш (фунгицид ўрнига) учун қўлланилади. 1г озон ишлаб чиқиш учун энергия сарфи-40 Втч.
Мобил озон генератори (бир соатда 10-20 г озон) катта ҳажмли хона ва омборларни, совутқич ва рефрижераторларга тез ишлов бериш имконини беради. Озон технологияси ўзининг экологик тозалиги ва юқори самарадорлиги билан ажралиб туради.
Озон генераторларини қишлоқ хўжалиги тармоқларига кенг қўллаш мақсадида микробиологлар билан ҳамкорликда иссиқхоналар тупроғини бактериялардан зарарсизлантириш, доривор, озуқавий қўшимчалар олиш учун сув ўтларидан хлорелла ва спирулиналарни етиштиришнинг самарали биотехнологиялари ишлаб чиқилмоқда.
4. Керамик инфрақизил нурланиш таъсирида техник глинозем олиш технологияси
2019 йилда ФА олимлари томонидан керамик инфрақизил нурланиш таъсирида техник глинозем олиш технологияси яратилди ва бу орқали анъанавий усулларга нисбатан 5-7 баробар кам таннархга эришилди.
Маълумот учун, дунёда саноатнинг тез ривожланиб бориши рангли металларга ва жумладан, алюминийга бўлган эҳтиёжни кескин ортишига олиб келди. Алюминий асосан бокситлардан (алюминий миқдори 50 фоиздан ортиқ) олинади, лекин Ўзбекистонда бу хомашё чекланган миқдорда мавжуд холос, бироқ кўмир конларининг юқори қатламидаги иккиламчи каолинлар таркибида 22 фоизгача алюминий мавжуд.
Ҳар йили 10 млн тоннадан ортиқ иккиламчи каолин ундаги алюминий миқдори кам бўлганлиги сабабли техноген чиқинди сифатида йиғилади. Шунинг учун маҳаллий иккиламчи каолинни бойитиш ва ундан глинозем (алюминий оксиди) ишлаб чиқариш энг долзарб илмий масалалардан ҳисобланади.
Каолинлардан глинозем ишлаб чиқаришнинг икки усули мавжуд: кислоталар ёрдамида ва юқори ҳароратда эритиш.
Бунда биринчи усул экологияга салбий таъсирини кўрсатса, иккинчиси маҳаллий каолин таркибида алюминий камлиги туфайли иқтисодий самарасиз ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, алюминий ишлаб чиқаришнинг анъанавий технологик тизими мураккаблиги, электр энергия сарфининг кўплиги, қиммат нархли фтор тузлари, углеродли анод массаси, глинозем каби материаллар қўлланилиши билан ажралиб туради. Булардан ташқари, жараён кўп босқичли, металл сарфи жуда катта ва узоқ вақт талаб қилади.
ФА Материалшунослик институти олимлари томонидан бу масалани янги ечими таклиф этилган. Унга кўра, кам алюминийли каолин моноимпульс таъсирида бойитилади ва таркибда глинезом миқдори ортади. Янги ихтиро туфайли, ҳозиргача рентабеллиги паст жараён, юқори рентабел жараёнга айланади.
Лаборатория ва ярим саноат шароитида ўтказилган тажрибалар ушбу технологиядан фойдаланган ҳолда глинозем ёки алюминий оксидини ажратиш жараёнида энергия сарфи бир неча марта камайганлигини, натижада хомашёни эритиш ва алюмин оксидини ажратишга сарфланган вақт бир неча марта тежалишини кўрсатмоқда. Энг муҳими, олинган алюмин оксидининг миқдори 22 фоиздан 99,5 фоизга етган.
Бу орқали экологияга чиқадиган зарарларни камайтиришга ҳам эришилади.
5. Сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бино ва иншоотларнинг «Электрон техник паспорт» ахборот тизими
2021 йилда сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган биноларнинг «Электрон техник паспорт» ахборот тизими ишга туширилгани ва «Ўзбекистон сейсмологик атласи» ҳамда «Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик риск харитаси» ишлаб чиқилганини соҳада катта ўзгаришлардан дейиш мумкин.
Маълумот учун, «Электрон техник паспорт» ахборот тизимининг ишга туширилиши сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган иншоотларни нормал эксплуатация қилиш муддатини узайтириш учун авария ҳолатидан олдинги ва авариявий ҳолатини ўз вақтида аниқлаш имконини беради. У шунингдек, бузилиш хавфи бор бинолардан фойдаланишни тўхтатиш мақсадида, уларнинг зилзилабардошлилиги бўйича техник ҳолатини баҳолашга хизмат қилади.
Бундай тизим Ўзбекистонда илк бор ишга туширилган.
«Электрон техник паспорт» тизими орқали Ўзбекистон ҳудудидаги мавжуд бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини баҳолаш билан бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларнинг олди олинади. Иқтисодий йўқотишларни камайтириш, жумладан, инсонлар ҳаётини сақлашга хизмат қилади. Бундай тизимни йўлга қўйилиши зилзилалар хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар учун устувор йўналишдаги вазифалардан ҳисобланади.
ФА Сейсмология институтида шунингдек, кузатилган зилзилаларни картографик жиҳатдан тасвирлаш, зилзила жараёнларини ҳозирги тенденцияси, оқибатларини баҳолаш ва юзага келиши мумкин бўлган зилзилаларга қарши кўриладиган чора-тадбирларни режалаш мақсадида «Ўзбекистон Сейсмологик атласи» тузилди.
«Сейсмологик атлас» ўз ичига 70 дан зиёд хариталарни мужассамлаштирган.
Тарихий ва инструментал маълумотларга кўра, республика ҳудудида МСК-64 шкаласи бўйича 7, 8 ва 9 балл силкинишли зилзилалар қайд этилган. Бинобарин, ушбу ҳудудлар учун келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг такрорланиш эҳтимоли юқори. Бу иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларнинг юзага келиш эҳтимолини кўрсатади.
6. Фанга номаълум бўлган 30 дан ортиқ ўсимлик турлари
Охирги 10 йилда ўзбекистонлик олимлар томонидан фанга маълум бўлмаган 30 дан ортиқ ўсимлик турлари кашф қилинди.
7. «Полиардез» антисептик воситаси
2017 йилда Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан нанотехнологиялар асосида яратилган «полиардез» антисептик воситасини саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Полимер асосли, наноструктурали, хлорсиз «полиардез» дезинфекцияловчи эритмаси маълум бўлган хлор тутган воситалардан фарқли равишда юқори дезинфекциялаш фаоллигига эга бўлиб, заҳарсиз, таъмсиз ва ҳидсиздир. Дезинфекцияловчи эритманинг таъсир кўрсатувчи моддаси полимер эритмаси билан барқарорлаштирилган кумуш нанозарралари ҳисобланади. Полимер-барқарорлаштирувчи сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Na-карбоксиметилцеллюлоза қўлланилган.
Зарарли таъсири туфайли дунёнинг кўпгина давлатларида ман этилган хлорли воситалардан фарқли равишда «полиардез» жамоат бинолари, жамоат авто- ва темир-йўл транспорти, мактаблар, болалар боғчалари, коммунал хўжаликлар, супермаркетлар, бассейнлар ва бошқа ҳудудларни дезинфекциялашда қўлланилиши мумкин.
8. 3 минг 300 йил аввал тоғ-адир қисмларига ёйилган манзилгоҳ
2020 йилда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган Қуюн ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари натижасида бундан 3 минг 300 йил аввал тоғ-адир қисмларига ёйилган манзилгоҳ ўрни аниқланган.
Маълумотларга кўра, бу ерда кўчманчи чорвадор маданияти ҳисобланган Aндроноваликлар ҳунармандчилик буюмлари, Тошкент воҳасининг ўтроқ деҳқончилик маданияти (Бурганлик) вакилларининг ҳунармандчилик буюмлари биргаликда учрайди. Қуюн ёдгорлигининг аҳамиятли томони – Бурганлик маданиятини мутлақ хронологиясини ойдинлаштиришга ёрдам беради.
9. Нанофаол қўшимчали композит плёнка
Фанлар академиясининг Материалшунослик институти олимлари томонидан 2013 йилда дунёда биринчи марта фаол нанокомпозицион қўшимчали плёнка ишлаб чиқариш технологияси яратилган.
Маълумот учун, одатдаги технология бўйича, плёнкалар уч қаватда ишлаб чиқарилади. Таклиф этилган технология бўйича эса ҳар бир қаватга нанокомпозитлар қўшилади. Нанокомпозит кўп қаватли бўлганда, умумий структурада қаватлар юзаларининг фазалараро таъсирлашуви натижасида унда янги хусусиятлар пайдо бўлади. Хусусан, маълум тўлқин узунлигидаги нурларнинг генерацияси, плёнканинг ташқи таъсирларга бардошлилигини ортиши, микро ёриқларнинг камайиши каби.
Яратилган плёнка, қуёшдан келаётган ультрабинафша нурларни қизил ва инфрақизил тўлқиндаги нурларга айлантиради. Инфрақизил нурлар тупроққа 1 метр чуқурликкача кириб, уни қиздиради. Тупроқдан қайтган инфрақизил тўлқиндаги энергияни эса плёнка ташқарига чиқармайди. Бунинг ҳисобига ташқи ҳарорат -3-7 даража совуқ бўлганда ҳам қўшимча қиздиришсиз ички ҳарорат +5+7даражагача иссиқлик билан таъминланади (анъанавий плёнкаларда 0+2 даража). Инфрақизил нурлар миқдори ошганлиги сабабли, ўсимликлар 1,5-2 баробар тез ривожланади.
Янги плёнкалар Тошкент, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги иссиқхоналарда қўлланилганда уларга сарфланадиган энергия 60-65 фоизга камайгани, ҳосилдорлик эса 30-50 фоизга ортгани кузатилган.
Янги плёнкаларни ишлаб чиқариш технологияси “Жиззахпластмасса” АЖда саноат-тажриба миқёсда жорий этилган.
10. Кофирқалъа
2018 йилда Самарқанд вилоятида жойлашган Кофирқалъа ёдгорлигининг илк ўрта асрлардаги тўлиқ тарихи аниқланди.
Ёдгорлик илк ўрта асрларда Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи бўлгани аниқланган, яъни шаҳар ташқарисидаги кичик пойтахти. Бу ерда ислом дини кириб келишидан олдинги даврга оид зардуштий динига ибодат қилган ҳукмдорлар ўз ибодатхонасини ва саройини барпо қилгани тўғрисида маълумотлар археологик қазишмаларда қўлга киритилган.
Кофирқалъанинг аҳамияти шундаки, у билан ёзма манбаларда тилга олинмаган янги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Бу жиҳатдан, Кофирқалъа Самарқанд воҳасида илк ўрта асрларда мавжуд бўлган ҳукмдор саройлари бўйича эталон ёдгорлик саналади.
Фанлар академияси ва интернет маълумотлари асосида
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
17:28 / 16.12.2024
Шавкат Аюпов Фанлар академияси президенти этиб сайланди
14:35 / 09.12.2024
Япониялик олимлар ёруғлик ва сувдан водород ёнилғиси олишга қодир реакторни ишлаб чиқди
11:29 / 09.12.2024
Олимлар узоқ муддатли хотирани шакллантиришнинг янги усулларини кашф қилди
11:36 / 07.12.2024