«Credit Suisse сирлари»: Швейцария банкида йирик миқдорда маблағ сақлаган ўзбекистонликлар
Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик Credit Suisse банкидан сизиб чиққан ҳисоб маълумотларида 4 нафар ўзбекистонлик номи ҳам тилга олинган. Банк мижозлари орасида Очилбой Раматовнинг рафиқаси, теннис федерациясининг собиқ бош котиби, Тимур Тиллаевнинг қариндоши ва Алишер Усмоновнинг синглиси бор.
Credit Suisse банкининг МДҲ мамлакатларидаги айрим шахслар ҳисобрақамларига оид маълумотлар оммавий ахборот воситаларига сиздирилди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.
Хусусан, Саодат Нарзиева номига 2004 йилдан бери умумий ҳисобда 6та ҳисоб рақам очилган. Шулардан 2таси ёпилган, 4таси эса ҳозир ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Муайян даврда ҳисобрақамлардан биридаги маблағ миқдори максимал 1 млрд 855 млн Швейцария франки (2 миллиард 22 миллион доллар)гача етган.
Нарзиева тиббиёт соҳасида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган акушер-гинеколог. Унинг банк ҳисобларидаги пуллар бизнес тарихи билан изоҳланмаган.
Унинг акаси россиялик, этник ўзбек мультимиллиардери Алишер Усмонов бўлиб, унинг компаниялари телекоммуникация, тоғ-кон саноати ва медиа соҳаларида фаолият олиб боради.
Бир қанча америкалик сенаторлар Трамп маъмуриятини Усмоновни Россиянинг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашуви ҳақидаги ҳисоботга киритишни талаб қилиб, уни «Россиядаги энг нуфузли олигархлардан бири, Кремл билан яқин алоқада» дея таърифлаганди.
Гулрух Тиллаева — Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг эри Тимур Тиллаевнинг аммаси. 2009 йилдан кейинги даврда унинг ҳисобида максимал 2,22 млн Швейцария франки (2 ,42 млн доллар)гача пул бўлган. Суриштирувга кўра, Тиллаева ушбу маблағларга Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган «Абу Сахий»нинг бошқарувчиси бўлган турмуш ўртоғи Никита Калиниченко билан биргаликда эгалик қилган.
Ўзбекистонлик экани кўрсатилган Раъно Раматова (у Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовнинг турмуш ўртоғи ҳисобланади) ҳисобида ҳам 2010-2015 йиллар оралиғида максимал 954 минг Швейцария франки (1 млн доллар) миқдорида пул бўлган. Бу маблағлардан фойдаланиш учун Раматованинг қизи ва Оrient Group конгломератининг асосчиларидан бирига ишончнома берилган. Раъно Раматова, офшор ширкати пул ювишда гумон қилиниб текширила бошлангач, Credit Suisse банкидаги ҳисобрақамини 2015 йилда ёпган.
Игор Шепелов — собиқ МХХ зобити. Ўзбекистон Теннис федерациясининг узоқ йиллик бош котиби бўлган.
2005 йилда Шепелов миллий манфаатларни жасурлик билан ҳимоя қилгани учун биринчи президент Ислом Каримов томонидан «Дўстлик ордени» билан тақдирланган. Ушбу буйруқда у Миллий Хавфсизлик Хизмати ходими сифатида қайд этилган. Унинг МXХда қандай вазифа бажаргани маълум эмас, аммо бир неча бор инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузганликда айбланган. Шепеловнинг 2014 йилда ёпилган ҳисобрақамида максимал 2 миллион 817 минг Швейцария франки (3 млн доллар) миқдорида пул бўлган.
Маълумот учун, 1999 йилдан 2020 йилгача теннис федерацияси президенти собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов бўлган.
Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ҳисобида максимал 21,6 млн Швейцария франки (23,5 млн доллар) миқдорида маблағ бўлгани қайд этилган.
Элбошининг ўртанча куёви Тимур Кулибоев ҳисобида эса максимал 843,9 млн Швейцария франки (919,9 млн доллар) миқдорида пул бўлгани келтирилган.
Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг собиқ рафиқаси Надежда Тўқаева ҳисобрақамида максимал 1,52 млн Швейцария франки (1,66 млн доллар) миқдорида маблағ мавжуд бўлган. У ҳеч қандай бизнес эгаси сифатида омма олдида танилмагани қайд этилган. Ушбу ҳисобрақам 2011 йилда ёпилган.
Маълумот учун, «Credit Suisse сирлари» – дунёдаги энг таниқли ва энг бой банклардан бири ҳақидаги трансчегаравий журналистик тадқиқот лойиҳаси.
39 мамлакатдаги 48 нашрнинг 163 нафар журналисти бир неча ой давомида Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик банки Credit Suisse’дан сизиб чиққан ҳисоб маълумотларини ўрганишган. Сиздирилган маълумотларда 18 мингдан ортиқ ҳисоб қайдномалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 100 миллиард доллардан ошган.
Бу Швейцария банкидан мижозлар маълумотларининг сизиши билан боғлиқ биринчи йирик ҳолат.
Мавзуга оид
18:51 / 14.06.2023
FT: Швейцариянинг Credit Suisse банкига ўзбекистонлик мижозларни жалб қилиш тақиқланди
08:53 / 27.05.2023
Гуржистон собиқ бош вазири Credit Suisse'дан қарийб 1 млрд доллар ундирди
13:44 / 19.04.2023
АҚШ Credit Suisse’ни нацистларнинг ҳисобрақамлари туфайли танқид қилди
08:18 / 20.03.2023