Ўзбекистон | 15:13 / 28.02.2022
25274
12 дақиқада ўқилади

Тўдакўлдаги можаро. “Ўзбекбалиқсаноат” балиқчи(лик)ни бўлдиряптими ёки ўлдиряпти?

Фото: KUN.UZ

2018 йил “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биргина буйруғи билан Тўдакўл сув ҳавзаси 2004 йилдан бери фойдаланиб келган тадбиркордан олиниб, қайта танлов ўтказиш орқали бошқа, очилганига 15 кун бўлган фирмага берилди. Бу Тўдакўлда балиқчилик бўйича яратилган тизимнинг ишдан чиқишига ва тадбиркор 33 млрд сўмга яқин зарар кўришига олиб келгани айтилмоқда.

2017 йил май ойида Президент қарори билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилган эди. Қарор билан мазкур уюшмага балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ташкилий-технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, балиқ чавоқларини такрор кўпайтириш ва озуқа базани мустаҳкамлаш, табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўлларнинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий этиш каби муҳим вазифалар юклатилган.

Аммо “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биргина буйруғи билан Навоийнинг Тўдакўлида балиқчилик бўйича шакллантирилган тизим йўққа чиқди, деб ҳисобламоқда Kun.uz'га мурожаат қилган Шавқитдин Жамолов.

Шавқитдин Жамолов - “Aqua-Tudakul” МЧЖ раҳбари / Фото: KUN.UZ

Барчаси қандай бошланган?

2003 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, 2004 йилда “Shams-Navoiy” корхонаси “CASEF” жамғармаси (Марказий Осиё кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, таъсисчилари Жаҳон банки, АҚШнинг USAID фонди ҳамда Швейцария Иқтисодиёт вазирлиги) билан “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонасини ташкил этган ва ўтказилган тендерда Тўдакўл сув ҳавзасини 18 йил муддатга ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Фото: “Шамс-Навоий”

Ўтган йилларда қўшма корхона томонидан хорижий ва ўзбек олимлари жалб қилинган ҳолда кўлда балиқчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий изланишлар олиб борилган ҳамда бир қатор ишлар бажарилган.

Хусусан, қўшма корхона томонидан ҳосилдорликни ошириш бўйича кўл бўйида 106 гектар сунъий сув ҳавзаси ташкил этилган, Туркиядан 167 минг АҚШ долларига балиқ еми ишлаб чиқариш цехи келтирилиб ўрнатилган. Бунинг натижасида кўлга ҳар йили ўртача 125 тонна чавоқ ташлаб борилган. Шунингдек, қўшма корхона мутахассислари доимий равишда Исроил ва Ветнам тажрибаси асосида балиқ овлаш усулларини такомиллаштириб борган. Шу тариқа, кўлда катта харажатлар эвазига балиқчилик бўйича тизим яратилган.

Қўшма корхона 2004-2016 йилларда кўплаб чет давлатларга 1 млн 83 минг АҚШ долларилик балиқ маҳсулотлари экспорт қилган. Муҳими, ушбу йилларда қўшма корхона 700 нафарга яқин маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлаган.

Фото: “Шамс-Навоий”
Фото: “Шамс-Навоий”

2018 йилдан бошлаб табиий сув ҳавзалари доимий равишда танҳо фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилди.

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонасининг 18 йиллик ижара шартномаси 2022 йилда тугаши керак эди. Табиий сув ҳавзалари балансига ўтгач, “Ўзбекбалиқсаноат” Тўдакўлни ижарага бериш учун 2018 йил январ ойида қайта тендер ўтказган. 4 та фирма ўз таклифлари билан қатнашган тендерда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси яна ғолиб бўлади ҳамда 2018 йил 23 январда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан 10 йиллик шартнома имзолайди.

“Ўзбекбалиқсаноат”нинг огоҳлантириш хати

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига 2018 йил 3 апрел куни уюшма раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов имзоси билан ўзаро тузилган шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш хати жўнатган.

Мазкур хатда шартномани бир томонлама бекор қилишга қўшма корхона томонидан шартноманинг 12-, 47-, 48-, 49-бандларида белгиланган шартлар бажарилмагани асос сифатида кўрсатилган.

Шартноманинг 12-бандида бир йиллик ижара ҳақининг 40 фоизи 1 апрел кунигача тўланиши белгиланган. 47-бандида табиий сув ҳавзаси атрофида 22 гектар репродуктив сунъий сув ҳавзаси қуриш, 48-бандида ижарачи томонидан кўлни йилда икки маротаба (март-апрел ҳамда октябр ойларида) чавоқ билан балиқлантириш, 49-бандида овланадиган йиллик 2100 тонна балиқнинг ойма-ой тақсимоти берилган.

Шартноманинг ушбу бандларига кўра, қўшма корхона март–апрел ойида кўлга 1,1 млн дона чавоқ ташлаши ҳамда 1,5 минг дона садок ўрнатиши, шунингдек, ойлик тақсимотга асосан январ-март ойларида 756 тона балиқ овлаши лозим эди.

Қўшма корхона мутасаддиларига кўра, икки ой муддатда 1500 дона садок ўрнатиш имконсиз. Қолаверса, 2018 йил 11 январдан 23 февралгача ҳаво ҳарорати минус даражада бўлган ва кўл музлаган. Бу эса ушбу кунларда балиқ овлаш имконини бермаган.

Шунингдек, шартномага кўра, 48-банд, яъни 1500 дона садок ўрнатиш март-апрел ойларида бажарилиши белгиланган. Аммо “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 3 апрелда, белгиланган муддат якунига етмасдан шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳақида хат жўнатган.

“Ўзбекбалиқсаноат”нинг буйруғи қонунчиликка қанчалик мос?

“Ўзбекбалиқсаноат” қўшма корхонага хат жўнатганидан 14 кун ўтиб, 2018 йил 17 апрел куни уюшма ва қўшма корхона ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш ва танлов ўтказиш ҳақида буйруқ қабул қилган.

Уюшма раисининг мазкур буйруғи “Ижара тўғрисида”ги қонунга зид бўлиши мумкин. Чунки қонуннинг 13-моддасига кўра, томонларнинг бири шартнома шартларини бузган тақдирда иккинчисининг талабига кўра ижара шартномаси тегишли суднинг қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига асосан, тарафлардан бирининг талаби билан хўжалик шартномаси иқтисодий суднинг қарорига биноан фақат иккинчи тараф хўжалик шартномасини жиддий равишда бузган ёхуд қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Шунингдек, қонуннинг ушбу моддасида бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, хўжалик шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги белгиланган.

Бироқ, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига огоҳлантириш хати юборганидан 14 кун ўтиб, буйруқ асосда шартномани бекор қилган.

Шартноманинг 56-бандида ҳамшартномани бажаришда юзага келган барча низолар музокаралар ва ёзма сўровлар, ёзишмалар асосида ҳал этилиши, агар бу тўхтамга келинмаса суднинг қарори билан бекор қилиниши белгиланган.

Тўдакўл 15 йиллик фирмадан, 15 кунлик фирмага ўтди

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси билан ўртадаги шартнома бекор қилингач, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 2018 йил май ойида Тўдакўл сув ҳавзасини ижрага бериш учун қайта тендер ўтказган. Тендерда “Golden Lake Fish”МЧЖ ғолиб деб топилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги қарори билан тасдиқланган “Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида”ги Низомда танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлашда бир қатор баҳолаш натижалари, жумладан, талабгорнинг балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун мавжуд моддий-техника воситалари (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совитиш ускуналари ва ҳоказо) бўлиши белгиланган.

Очиқ манбаларга кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ тендер ўтказилишидан бор-йўғи 16 кун олдин, 2018 йил 7 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу эса МЧЖнинг балиқчилик соҳасидаги имкониятлари ва тажрибасини баҳолаш талабларига жавоб беришини жиддий шубҳа остига қўяди.

33 млрд сўмлик балиқни ҳеч ким “кўрмаяпти”

Тўдакўл сув ҳавзасидан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқи “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтганида кўлда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига тегишли қарийб 33 млрд сўмлик етиштирилган балиқ бўлган. Бу қўшма корхонанинг солиқ ва статистика ҳисоботларида ҳам акс эттирилган.

Шунингдек, “Холис баҳолаш хизмати” МЧЖнинг баҳолаш хулосаси билан 2018 йил 18 апрел ҳолатига кўлда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига тегишли жами 34,76 млрд сўмлик балиқ захираси мавжуд бўлгани тасдиқланган.

“Холис баҳолаш хизмати” МЧЖнинг баҳолаш хулосаси тўғри экани эса Москвадаги “Халқаро баҳолаш маркази” АЖ консалтинг гуруҳи эксперт хулосаси билан тасдиқланган.

Тадбиркор кўлда 33 млрд сўмлик захира балиғи бўлганини, у на тендерда, на “Ўзбекбалиқсаноат”нинг бошқа ҳужжатларида тилга олинмасдан, танлов ғолиби “Golden Lake Fish”МЧЖ ихтиёрига ўтиб кетганини айтмоқда. Қўшма корхона мутасаддилари томонидан захирада қолган балиқни овлаб олиш бўйича қилинган мурожаатларга эса “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси рад жавобини берган.

Тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига жўнатилган хулоса ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг хати ҳам масаланинг ижобий ечим топишида натижа бермаган.

Жумладан, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисига 2018 йил 11 декабр куни жўнатилган хулосада уюшманинг шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳақидаги буйруғи Фуқаролик кодексининг 382-, 384-моддаларига зидлиги, уюшма мазкур буйруғини ўзгартириши ва корхонанинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини тиклаш чораларини кўриши лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси эса “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига 2018 йил 5 ноябрда жўнатган хатида мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг инвестицион имиджига таъсир қилишини билдирган.

Мазкур иш доирасида кўплаб суд маҳкамалари бўлиб ўтган. Аммо уларнинг ҳеч бирида “Aqua-Tudakul”нинг фойдасига қарор чиқмаган.

Маълумот учун, 2018 йилга қадар 14 йил давомида Тўдакўл сув ҳавзасидан фойдаланиб келган “Aqua-Tudakul” МЧЖ “SHAMS-NAVOI” XК (60,2%) ва “Central Asiya Small Enterprise F” (CASEF) жамғармасининг (39,8%) таъсисчилигида очилган.

CASEF жамғармасининг таъсисчилари Жаҳон банки, АҚШнинг USAID фонди ҳамда Швейцария Иқтисодиёт вазирлиги ҳисобланади.

Kun.uz мухбири бўлиб ўтган воқеалар юзасидан изоҳ олиш мақсадида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева билан боғланди. Аввалига таҳририятни қизиқтираётган саволлар юборилса, жавоб берилиши маълум қилинди. Саволлар ҳам юборилди. Аммо орадан олти кун ўтиб, барча саволларга суд жараёнлари тугагач жавоб берилиши айтилди.

Дарҳақиқат, айни пайтда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва тадбиркор ўртасидаги низо Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судида қайтадан кўрилмоқда. Мазкур суд мажлисларида Kun.uz мухбири бевосита иштирок этиб, процессни кузатмоқда. Қонунга кўра, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб унинг натижаларини тахмин қилиш тақиқланади. Шу боис, бу ишда кимнидир ҳақ ёки ноҳақ дейиш фикридан йироқмиз. Биз шунчаки тадбиркор ва уюшма ўртасидаги қарийб 4 йиллик тарихга назар ташладик холос. Якуний баҳони суд беради.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Руслан Сабуров,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид